ИСТИҚБОЛГА СУЗАЁТГАН  КЕМА

151

Куни кеча Мўйноқ тумани “Бўзатов“ овул фуқаролар йиғини ҳудудида янги бунёд этилган “Оқ кема“ номли болалар соғломлаштириш оромгоҳининг очилиш маросимида иштирок этдик. Мўйноққа сафаримиз одатдагидай Орол денгизи соҳилидан бошланди, сўнгра денгиз тарихига бағишланган музей ва туманнинг диққатга сазовор жойлари билан танишдик. Ниҳоят, барчамиз сабрсизлик билан кутаётган “Оқ кема” оромгоҳига етиб бордик.

Ҳақиқатан, Мўйноқ туманининг мафтункор қиё­фаси яна бир янги замонавий бино билан чирой очибди. Оромгоҳ Президентимизнинг 2018 йилнинг ноябрь ойидаги Қорақалпоғистон Респуб­ликасига ташрифи давомида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берган топшириғи асосида бунёд этилган. Оромгоҳ бир навбатда 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган.

Киравериш йўлагининг икки томонида иккита катта ва кўркам “Оқ кема” ўрнатилган. Улар рамзий маънода келажакка қараб сузаётган кемаларга ўхшайди. Майсазор оралаб тўшалган йўлакларга ўрнатилган чироқлар, жўшқин фавворалар, энг замонавий компьютер жиҳозлари билан безалган ахборот технологиялари хонаси, юзлаб китоблардан ташкил топган файзли кутубхона, замонавий жиҳозланган ётоқхоналар,  муҳташам ва озода ошхона, кўм-кўк чўмилиш ҳавзаси, футбол, волейбол, баскетбол, теннис спорт майдончалари, кичик ёшдаги болажонларга мўлжалланган аттракционлар, кичик кинотеатр ва концерт-томошаларга мўлжалланган саҳна қалбимизни ҳавасларга тўлдириб юборди. Оромгоҳда ташкил этилган мусиқа, рақс, инглиз тили, спортнинг шашка-шахмат, сузиш каби турларидан тўгарак машғулотлари йўлга қўйилган.

«Оқ кема» оромгоҳи атрофига боғ яратиш мақсадида беш гектар ер майдонига уч мингга яқин мевали ва декоратив дарахтлар ўтқазилди. ­Демак, яқин вақтлар ичида ушбу ҳудуд ҳам яшилга бурканади. Умуман, «Бўзатов» овулида «Ёшлар боғи», «Қўқон боғи», «Ажиниёз боғи», «Ўзбекис­тон Миллий университети боғи», «Навоий боғи» каби ўнлаб боғлар бунёд этилди. Уларнинг барчаси ям-яшил.

«Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳига мавсум давомида 4 навбатда жами 600 болани соғломлаштириш режалаштирилган.

Мавсум давомида болаларнинг мазмунли дам олишини ва қўшимча таълим олишини таъминлаш мақсадида жами 66 нафар педагог ходимлар фаолият олиб бормоқда.

 Хўжайли туманидаги «Меҳрибонлик уйи»нинг тарбияланувчилари, Мўйноқ, Шўманай, Қонликўл туманларининг кам таъминланган оилалари фарзандлари, Ибройим Юсупов номидаги «Ижод» мактаби ўқувчилари оромгоҳнинг биринчи бахтли дам олувчилари бўлди.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар бу оромгоҳда дам олиб, чиниққан ёшлардан келажакда Ажинияз, Бердақ каби улуғ ижодкорлар, Ибройим Юсуповдек Ватан, миллат фидойилари чиқажагини комил ишонч билан эътироф этишди.

Ботир ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг