КИТОБ ДОИМИЙ ҲАМРОҲИМ

142

Ҳаётнинг гўзал саҳифаларини адабиётдан ўқиш кишига завқ ­беради. Мен Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” асарларини ўқувчилик пайтим мутолаа қилганман, ўшанда уларга меҳрим ­тушган. Бу китобларни такрор-такрор ўқиб ­турардим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  жорий йилнинг 20 май куни Ташкент шаҳридаги Адиблар хиёбонига ташрифи давомида ижод аҳли ва олий таълим муассасалари раҳбарлари билан мулоқот қилди. Бу файзли масканни маънавият бўстонига айлантириш юзасидан қимматли фикрларини билдирди. Адиблар хиёбонида талаба-ёшлар учун қизиқарли тадбирларни мунтазам йўлга қўйиш бўйича ҳам алоҳида тавсиялар берди. Шунга кўра, Тошкент давлат техника университетига хиёбондаги Абдулла Қодирий ҳайкали бириктирилган ва Абдулла Қодирий ижод мактаби билан ҳамкорлик қилиш вазифаси юклатилган эди. Тез орада университет ва ижод мактаби ўртасида амалий иш олиб бориш учун “Йўл харитаси” тузилди. Университетда “Абдулла Қодирий ҳаё­ти ва ижодининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти” мавзусида дастур ва режа ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатларга кўра, барча факультетлар, кафедраларга дас­тур ва режада кўрсатилган йўналиш­ларда тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бориш белгилаб олинди.  Ишлар амалий ва онлайн, электрон шакл ва масофадан узатиш ҳамда  веб-сайт орқали олиб борилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: “Ўзини ҳурмат қилган инсон Абдулла Қодирийни бир эмас, бир неча марта ўқиган бўлади”, деб айтган сўзларида катта маъно мужассам. Шахсан мен улуғ ёзувчининг асарларини қайта ўқиш билан чекланмай, унинг фарзанди Ҳабибулла Қодирийнинг “Турмуш сабоқлари” ва “Отам ҳақида” китобларини, ёзувчи ҳақида газеталарда босилган мақолаларни ҳам ўқиб, катта маънавий озуқа олдим. Адабиёт инсон қалбини мунаввар қилади, айниқса, ёшлар онгини илм-маърифат билан бойитади.

Мен танлаган касб бошқа соҳага оид бўлса-да, китоб доимий ҳамроҳим. Зеро, адабиёт барча соҳаларни қамраб олади, ҳаёт тўғрисида кенг тушунча беради, дунёқарашни кенгайтиради ва фикрлашга ўргатади.

Яқинда мен ўқийдиган Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Абдулла Қодирий  ҳаёти ва ижодининг ёшлар  тарбиясидаги аҳамияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб  ўтди. Тадбирда улуғ адиб ижодининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат, ота-онага садоқат руҳида тарбиялашдаги ўрни, улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини теран ўрганиш ҳақида сўз юритилди. Суҳбатда иштирок этган ёзувчининг набиралари Хондамир Қодирий ва Шеркон Қодирий, адабиётшунос ва таржимон Иброҳим Ғафуров, филология фанлари доктори Баҳодир Карим ва бошқалар адибнинг адабий мероси хусусида қизиқарли маълумотлар сўзлаб бердилар. Тадбир давомида университет талабалари томонидан тайёрланган “Меҳробдан чаён” романидан саҳна кўриниши намойиш этилди. Абдулла Қодирий  номидаги  ижод  мактабининг ўқувчилари адибга бағишланган шеърларидан намуналар ўқишди.

Шердил ТУГАЛОВ,

Тошкент давлат техника университети талабаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг