Александр Файнберг: ЁЗАЁТГАНИНГ БУ – СЕНИНГ БАХТИНГ

86

– Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллар шоирлари билан учрашувларда мухлислар стадионларга сиғмай кетар эди, деб эслашади.

– Шеърият, умуман, стадионлар учун эмас. Стадионлар – спорт учун. Шеърият – адабиётга ўзини бағишлаганларнинг қисматидир. Шундай шеърлар китобинг бўлса, уни бир инсон ўз руҳий ҳолати ва кайфиятидан келиб чиқиб, ички эҳтиёж билан варақлаб ўқиса. Долзарблик масаласига келсак, гап бундай. Шеърият, тасвирий санъат, мусиқа… Ҳар қандай санъат, агар у ҳақиқий бўлса, ҳамиша долзарбдир.

– Болаларни китоб ўқишга қаерда ўргатиш мумкин?

– Мактабда. Болалар боғчасидан бошлаб китоб ўқишга ўргатиш янаям яхши. Бола ўз-ўзидан билим олишга интилиши учун қандай дарс ўтиш керак? Ўқитувчи-тарбиячилар шу масала устида бош қотиришлари зарур. Ёшлар етарли даражада билим олишлари учун давлатимиз барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Янгидан янги мактаблар, ўрта-махсус ва олий ўқув юртлари барпо этилмоқда. Бу ёғи энди малакали мутахасислар қўлида.

– Ҳақиқий шеърият дегани нима?

– У юраккача етиб бориши, руҳни тўлқинлантириши зарур. Афсуски, ушбу оддий ҳақиқатни англаганлар кам топилади. Озгина билиминг бўлса, сўзларни тезгина қофиялай олсанг бўлди – олға босавер, деб ўйлашади. Бироқ бу ҳақиқий шеърият эмас. Мен ҳам “графомания” касаллигига мубтало бўлган одамларга ўхшаб километрлаб узунликдаги “асар” ёзишим мумкин. Шеърий “асарлар яратиш”дан тезгина совиб кетаётган ёшлардан ташқари ҳам бу касалликка мубтало бўлганлар кўп. Шеър – кўнгилни бирдан равшанлаштириб юборадиган ёғду, у кутилмаганда келади. Ўзингни не кўйга солма, гарчи мен бу сўзни ёқтимасам ҳам, илҳом келмаса, фойдаси йўқ.

– Қофия танлашда қийналган пайтларингиз бўлганми? Марина Цветаева каби “дидга мос” сўз излаганмисиз?

– Менда қофия бўйича ҳеч қанақа муаммо йўқ. Ёзгим келса, ёзавераман. Бироқ ҳар доим ҳам бу ҳолатга тушавермайман. Баъзан уч-тўрт йил мобайнида бир мисра ҳам шеър ёзолмайман, баъзан эса бир ҳафтада бир китобнинг ярмини ёзиб қўяман. Бир сатрнинг иккинчи ярмида нима рўй беришини бимасанг, бу ҳақиқий бахт. Иккинчи сатрнинг ўзи келади. Марина Цветаевага келсак, у буюк шоира. Иккинчи жаҳон уруши даврида Тошкентда яшаган яна бир буюк шоира бу – Анна Ахматова.

– Алишер Навоий – севимли шоирингиз. Унинг ғазалларини озмунча таржима қилмагансиз…

– Алишер Навоийнинг рус тилида нашр этилган асарлар тўпламида мен таржима қилган ўнлаб ғазаллар бор. Бундай шарафга муяссар бўлганимдан бахтлиман. Айтиш керакки, мен ҳозир бу буюк шоирнинг бутун ижодини ўрганаяпман. Алишер Навоий ғазалларини рус тилига кўплаб шоирлар таржима қилган. Бироқ таржималарнинг ҳаммаси ҳам кўнгилдагидек чиқмаган. ­
М. Державин, С. Иванов ва бошқаларнинг таржимаси бадиий жиҳатдан Навоий шеъриятидан, яъни аслиятдан анча саёз ва йироқ. Шоирнинг ижоди улар ўйлаганидан кўра ниҳоятда юксак. Уларнинг англашича, Алишер Навоий шеърияти – фақат парилар ва ҳурлар тараннумидангина иборат. Сўзма-сўз таржимада ҳам шундай берилган. Агар чуқурроқ ва нозикроқ ҳис эта бошлаганинг сайин, Алишер Навоий асарлари ниҳоятда теран ва кўпмаъноли эканлигини англайверасан. Жуда кўп фикрларини шоир кўчма маънодаги иборалар, тимсоллар билан ифодалаган. Ахир, у яшаган муҳит фақат дўстлардангина иборат бўлмаган. Ўша замонларда фақат санъатни касб қилиб олган, ҳаётда биргина соҳа билан чегараланиб қолган одам умуман бўлмагани мени ҳайратга солади. Масалан, Алишер Навоий – олим, мусиқашунос, шоир ва айни пайтда давлат арбоби бўлган. У ўзининг барча соҳалардаги фаолиятини халқ манфаати, эл-юрт фаровонлигига бахшида этган.

– Сизнинг “Ёзаётганинг бу – сенинг бахтинг, асарларингнинг нашр этилгани эса – байрамингдир,” деган иборангиз бор…

—Ҳа, шундай деганман. Чунки ёзганларинг билан одамлар орасига кириб борасан. Сенинг сўзларингни эшитишларини истайсан. Бугун шеъриятнинг долзарблиги масаласига қайтар эканмиз, шеърият кечаларида турли ёшдаги китобхонлар – мактаб ўқувчиларидан тортиб кекса кишиларгача қатнашаётгани мени қувонтиради. Майли, уларнинг сони оздир, лекин уларнинг борига шукур. Энг муҳими, ўзинг тиниб қолмаслигинг керак, яна – фақат ростгўй бўлишинг шарт. Одамлар ёлғонни дарҳол сезади.

 

Суҳбатни Анастасия ПАВЛИНКО ёзиб олган.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг