УМРНИНГ СЎҚМОҚЛИ ДОВОНЛАРИ

210

Инсоннинг умр йўллари бирида замин узра дарахт шохлари каби ҳар томонга тарвақайлаган, бирида эса сув излаб тубсизликка интилган илдизлар каби бир-бирига чирмашиб кетган сўқмоқли довонлардан иборат. Бунда эзгу мақсад ва собитлик нурафшон манзил сари чорлайди.

“Манзил сўнгидаман, синов довонларидан ўтдим”, деб ўйлайдиганларнинг аксари аслида ҳали-ҳануз ўша довонларда адашиб юрган бўлади. Бизнинг асл қиёфамиз эса довон сўнг­гида намоён бўлади. “Келишу кетилиш”дан кўзда тутилган маъно — “Мен”нинг моҳиятида.

Ўша “Мен”нинг андишасини суҳбатдошим Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Раҳим Искандарнинг, элга Фолькин тахаллуси билан ёзувчи, публицист бўлиб танилгунга қадар сўқмоқли довонларда машаққатларини излаб юзидаги ажинлардан, сўзлари ифодаси — овоз оҳангидан излайман.

Саккиз ёшида икки сингил ва олти ойлик укаси билан отадан етим қолган болакайнинг елкасига рўзғор ташвиш­лари тушган. Йўқчилик, қаҳатчилик йилларида бир бурда нонни оқлаб ейиш учун тонг отарда кетиб, шомда даладан ҳориб қайтган, онасига суянчиқ бўлган Раҳим уйда ҳам ака, ҳам ота эди. Кўпроқ ўқиб, яхши одам бўлиш кераклигини англаган ўша кезлари тунлари уйқудан қолиб, чироқ ёруғида китоб варақлаган.

Қирқ беш йил мобайнида матбуотга бағишланган ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида гапиришга ижодкорнинг ўзи тортинади. Мен ундан нима учун “Фолькин” деган тахаллус танлаганини суриштираман. Раҳим Искандарнинг айтишича, талабалик йиллари унинг фольклор, яъни халқ оғзаки ижодига ишқи тушиб қолади ва ўзига “Фолькин” деган тахаллусни танлайди. Адибнинг асарларини ўқир экансиз, қай бир жиҳати билан сизни ўйга толдирса, билингки, бу жиҳатлар унинг умр руҳиятидаги оғриқ сўқмоқларида кўрган-кечирган жараёнлар билан боғлиқ. Раҳим Искандарнинг ушбу сўқмоқларда анг­лаганларию дили тубидаги энг нозик сирлари турли нашриётларда чоп этилган ўнлаб китобларида акс этган. Бинобарин, унинг “Қора олма”, “Соғинч”, “Армон”, “Ойгул момонинг чўпчаклари” қиссаларида, номларидан ҳам англашилиб турганидек, улкан армон ва соғинчлар мужассам.

Ижодкор ўзи ҳақида гапиришни хуш кўрмайди; китоби, асарлари ҳақида бўлса, бу – бошқа масала. Адиб ҳақидаги энг маъқул гапни китоблари айтади. Зеро, асарларига берилган баҳо – ижодкорга берилган энг муносиб баҳодир.

Раҳим Искандар фақат бир гапни фахрланиб айтади. У шу қутлуғ ёшда ҳам Шеробод шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар марказида ёш авлодга адабиёт, санъат, мухтасар айтганда, нафосат сирларидан сабоқ бериб келаётир.

 

 Эркин НОРСАФАР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг