СИНОВЛИ КУНЛАР САБОҚЛАРИ

189

Кино санъати турлари орасида воқеликни асл ҳолича тасмага муҳрлаб, уни келажак авлодга етказишда ҳужжатли кинонинг ўрни алоҳида. Айнан ҳужжатли кино туфайли ўтмишни ҳеч бир ортиқча бўёқсиз кўришимиз, ундаги воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Киноҳужжатчиларимизнинг зийрак нигоҳидан ҳеч бир воқеа-ҳодиса эътибордан четда қолмайди. Айниқса, ҳозирги кунда, нафақат республикамиз, балки дунёда рўй бераётган жараёнлар ҳужжатли кинонинг асосий мавзуси бўлиб қолмоқда.

Халқимиз учун синовли ва масъулиятли кунлар давом этаётган бир пайтда олдинги сафда фақат ўз соҳасининг фидойиларини кўриш мумкин. Пандемия, асосан, шифокор ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот ходимлари зиммасига инсон саломатлигини хавф-хатардан асраш, ҳаётини сақлаб қолишдек шарафли вазифани юклади. Ўзбекистон ҳужжатли фильмлар киностудияси ижодкорларидан Баҳодир Одилов бош­чилигидаги ижодий гуруҳ (режиссёр Дониёр Шокиров) пандемия ҳаммани уйда қолишга ундаётган бир пайтда “COVID-19. Синовли кунлар” деб номланган ҳужжатли фильм устида иш бошлади. Фильм мамлакатда коронавирусга қарши кураш бўйича республика махсус комиссияси ҳамкорлигида яратиляпти. Ҳужжатли асосга қурилган мазкур фильмни тасвирга олиш ишлари рес­публикамизда карантин эълон қилинган кундан бошланиб, шу кунга қадар давом этаяпти. Шаҳарнинг бўм-бўш, ҳувиллаган кўчалари, карантиннинг дастлабки кунларида одамлар орасида юзага келган саросима туфайли расталари бўшаб қолган дўконлар, касаллик билан олишаётган шифокорларнинг тезкор ҳаракатлари, туну кун тиним билмай кўчаларда тик оёқда хавфсизликни сақлашга интилаётган Ички ишлар, Миллий гвардия ва ДАН ходимларининг карантин талабларини сақлаш мақсадидаги саъй-ҳаракатлари киноҳужжатчиларимизнинг мисқоллаб йиғаётган тасвирларидан ўрин олган. Бемор билан дастлаб “тез ёрдам” шифокори тўқнаш келади. Уни касалхонага олиб бориб, то касаллик аниқлангунга қадар “тез ёрдам” шифокори унинг ёнида бўлади. Шунга қарамай шифокорлар бир зум тиним билмай ишлаётганини ҳамиша ҳам эсламаймиз. Лекин киноҳужжатчиларимиз уларнинг меҳнатларини зийрак нигоҳидан четда қолдирмади. “Тасвирга олиш жараёнида карантин одамларни бир мақсад сари бирлаштирганининг гувохи бўлдик”, дейди фильм режиссёри.

Пандемия туфайли қурилиши бошланган янги касалхона биноларида ишчиларнинг кечаю кундуз тиним билмай уйи, оиласидан йироқда яшаб ишлаётгани ҳам халқ саломатлигини ҳимоя қилиш йўлидаги фидойилик намунасидир. Бу фильмдаги таъсирли эпизодлардан бирига айланган. Меҳр-шафқат халқимизга хос фазилат. Тан олиш керак, карантин ҳолати ҳамма учун том маънода синов бўлмоқда. Шундай пайтда халқнинг бирлашгани, кўнгилли, жонкуярларнинг кўпайгани таҳсинга сазовор. Карантин эълон қилинган кунлари талаба ёшларнинг, шаҳарга иш билан келганларнинг уйига қайтишида тирбандлик юзага келди. Ҳукуматимиз томонидан тез орада бу муаммонинг ечими топилиб, қўшимча автобуслар қўйилишига қарамай, йўловчиларни ўз ҳисобидан Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона вилоятларига йўловчи ташиш ташаббуси билан чиққан автоулов эгаларини эсга олайлик. Cаll-марказлар, тезкорлик билан тузилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоатчилик фонди фаолияти билан кифояланмай, Ҳаж сафарига бориш учун тўплаган маб­лағини, яна бир ватандошимиз уйи­ни сотиб пулини кам таъминланган оилаларга бергани, ёш болаларини ташлаб, ҳатто дўконга ҳам чиқолмай қолган оналарга маҳсулот етказиб берган саховатпеша инсонларнинг моддий кўмагини унутиб бўладими! Буларнинг бари киноҳужжатчиларимиз яратаётган фильм­дан ўрин олмоқда. Ўша кунлари касаллар учун қон керак бўлиб қолганида шаҳарнинг чекка ҳудудларидан одамлар пиёда келиб, қон бериш учун нав­бат кутгани кишини бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Фильмда юзига ниқоб таққан кишиларнинг кўзларида чуқур маъно, амалга оширилаётган ишларга хайрихоҳликни кўрамиз, бу нигоҳлардан қалбда кечаётган самимий муносабатларни уқиш мумкин. Буларнинг бари яратилаётган ҳужжатли фильмда ўз аксини топмоқда. Бу фильм­ни яқинда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини муваффақиятли битирган режиссёр Дониёр Шокиров, операторлар Саиддалилхон Саидтурғунхонов, Давлат Ўрозалиев каби ёш ижодкорлар яратмоқда.

Фильмни суратга олиш ва монтаж ишлари ҳали тугагани йўқ. Бу иш якуни республикада карантиннинг тугаши билан боғлиқ. Кўпгина машаққатларни жасорат билан енг­ган матонатли халқимиз бу курашдан ҳам ғалаба билан чиқиши тайин. Киноижодкорларимиз ҳам фильмни халқимизнинг ғалабаси сифатида намойиш этишни ният қилганлар.

“Зулмат ортидаги нур” ҳужжатли фильми шундай ҳаракатларнинг натижаси сифатида юзага келди. Асар ҳужжатли асосга қурилганига қарамай, унда бадиий постановкалардан ҳам фойдаланилган. Айнан шу пос­тановкаларнинг томошабинларга воқе­ликни янада таъсирли етказишда аҳамияти катта. Фильм бир қарашда оддий кўринса-да, ўзида катта мазмун-моҳиятни акс эттиради. Зотан, касаллик ва унинг оқибатлари ҳақида гапиргандан кўра, тасвирий ифода воситалари орқали намойиш этишнинг таъсири бўлакча.

Карантин даври инсон учун бир зум тин олиш, атрофига теранроқ назар ташлаш, оила даврасида кўпроқ бўлиш, фарзандларимизга кўпроқ вақт ажратиб, яқинларимизга эътиборлироқ бўлиш, китоб ўқиш, бир-биримиздан телефон орқали хабар олиш имконини берди.

Ҳадемай бу кунлар ортда қолиб, тарих саҳифасидан жой олади. Лекин халқимизнинг кўринмас ёвни енгиш учун бирлашгани, саховати, меҳр-муруввати, матонатини акс эттирувчи фильмлар келажак авлодга мерос бўлиб қолади.

Феруза ФАЙЗИЕВА,

киношунос

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг