ЎЗИГА ХОС ҲАЁТ РОМАНИДЕК

146

Шоир Норқобил Жалилга хат

Норқобилбой иним, келинг гапни ўзимдан бошласам. Ишонинг-ишонманг, акангиз умрида на бундай та­йин-тутуриқли ёднома ёзган, на кундалик тутган. Худо ёлғончи қилмасин, яқин арафада кўҳна ёзувларни саралаётганимда мактаб даврига оид кундаликсимон дафтарлар ҳам чиқди. “Эрталаб турдим. Ҳаво мусаффо. Осмонда бирорта булут йўқ. Мактабга бордим. Бир кунда бешта “беш” олдим. Дарсдан келиб, ҳовуздан сув ташидим. Кейин ўтириб “Пўлат қандай тобланди”ни ўқидим. Кечаси соат 11 ларда уйқуга ётдим” сингари ўша замон удумида битилган жўн гап-сўзлар ҳаммаси.

Қаламкаш учун зарурдан-зарур қайд­лару хотиранависликка ҳафсала қилмаганим танбаллик ва инжиқлик­лардан, албатта. Адабий машғулотдаги аламли пушаймонларимдан бири ҳам шу. “Кўнгилдан кўчирмалар”ингизни ўқиб сизга ҳавасим келгани шундан.

Қизиқ китоб экан: парча-пурча, узуқ-юлуқ, паришон-пароканда хотиралар, суҳбату мақолалардан иборат. Лекин одам қўлдан қўйгиси келмайди. Худдики бир яхлит асар, ўзига хос ҳаёт романидек. Яшанг! Китобга мазмундор сўзбоши ёзган Хуршид Дўстмуҳаммад тўғри айтибди, бизда бу тур ёдномалар бармоқ билан санарли, бори ҳам мутлақо “бехато ва тўппа-тўғри”. Сипороқ халқмиз-да, ёзганда китоб билан кўнгилнинг ўртасида парда тутмасдан қўймаймиз. Сизда ана шу “парда” кўринмайди, кўнгилдаги яхши-ёмони қоғозга кўчган-қўйган. Шунга кўрамикан, бизнингча, китобни бошқача номлаб бўлмайди: кўнгилдан кўчирмалар. Шундай кўнгилданки, унда бегона гард-ғубор йўқ, ғирромлигу қитмирлик йўқ, ҳатто боя айтганимиз китобнависликда қўлланадиган адабий сипогарчиликлар ҳам йўқ. Менимча, китобни яхлитлаштириб турган жиҳат ҳам шу. Балли! Шундай қилса ҳам бўлар экан-ку! Бизнинг баъзи ёзмишларимиз жонли воқеликдангина туғиладиган табиий дардлару изтироблардан, ҳаёт сувидан нақадар йироқ!

Тўғриси, тўплам нима асосда тартиб берилганини ҳамон англаб етганим йўқ. Узинди бир қайд ёки хотира, кейин суҳбат, мақола, яна ёдномадан бўлаклар… Тепасидаги саналарни айтмаганда, бари аралаш-қуралаш. Ё бу китобнинг жозибаси шундамикан? Ахир, одам кечаги кунларини хотирлаганда ҳаммаси бир бошдан, маълум тартиб билан хаёлида жонланмайди-ку, тўғрими?

Ҳозир бу гапларга ишониш қи­йиндир, қирқ-эллик йиллар бурун фотоанжомини елкалаб олган суратчи қишлоқма-қишлоқ “эсдалик” ишқибозларини овлаб юрарди. Бугун эски альбомлардаги бизнинг болалик ана шундай тасодифлар туфайлигина сақланиб қолган. Суратчини кўрган она кўча чангитиб юрган ўғлини чақиради: “Ке, болам, мен билан бир расмга туш!” Бола эса уялганидан қочиб кетади. Она қўшни болани ёнига олиб суратга тушишга мажбур бўлади. Бугун онаизордан қолган ягона сурат шу. Она ва қўшни бола. Сен ўшанда нега қочиб кетдинг, Норқобил?

Китобда бу каби ҳазин, армонли саҳифалар кам эмас, ўқиган одам билади.

Бу китобни олис жойларда туғилиб, қишлоқ турмушининг машаққатларини бошдан кечирган, кўнглидаги шеърми, ҳавасми сабаб, пойтахтга талпиниб, пойтахт элига қўшилгунча яна бир дунё синову уқубатларни кўрган бутун бош­ли бир авлоднинг таржимаи ҳоли деб билдим мен. Бунда йўллар – тақдирлар кўп (қисқа-қисқа бўлса-да), йўлдошлар – дўстлар, даврдошу даврадошлар кўп, шугина умрда кечган йўқотишу мусибатлар ҳам кам эмас. Аммо шуларнинг барчасига сабот-ла дош бериб келаётган жўмард, деҳқонфеъл, ҳалол ва ҳақпараст қиёфа баралла қад кериб турибди! Бор бўлинг, Норқобилбой! Шу йўлдан тўхтаманг! “Эҳ-ҳе, қанча унутилмас хотиралар, сабоқ бўлгулик воқеалар турибди ҳали…”

Эркин АЪЗАМ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг