«АСР ТОНГЛАРИДА ЁНУР МАШЪАЛИМ»

220

Ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган таниқли шоир Султон Жўра 1910 йили Бухоро вилояти Шофиркон туманининг Қоғолтом қишлоғида дунёга келган. Шафқатсиз тақдир болани ота-онадан эрта айирди: ўн ёшдалигида ота-онаси оламдан ўтади. У Бухорога – опасиникига йўл олади. Бу ерда дастлаб етти йиллик мактабда, кейинчалик Бухоро педагогика билим юртида таҳсил олади. Шу йиллардан бошлаб Султон Жўра адабиётга кириб келади.

1933 йили Султон Андижонга кўчиб ўтади, шу шаҳардаги педагогика институтида дарс беради ҳамда инс­титут тарих-педагогика факультетининг кечки курсларида таҳсил олади. Ўқишни якунлаб, ўқитувчилар институтида она тили ва адабиёти фанидан дарс беради.

Султон Жўра болаларни яхши кўрар, уларнинг нозик оламини теран тушунарди. Шу боис уларга бағишлаб “Кимнинг хати чиройли”, “Тиниш белгилари мажлиси”, “Ойна нечта?”, “Ёлғончи”, “Ҳарфлар паради” сингари кўплаб шеърлар битган. С.Жўранинг болаларга атаб ёзилган “Мовий гилам”, “Эчки ва қўй ҳақида эртак”, “Қалдирғоч” каби ажойиб эртаклари ҳам бор. Бундан ташқари, “Бруно” ва “Карим ва Қундуз” номли достонлар ёзган.

Шоирнинг “Фидокор” (1939), “Москва” (1941) каби тўпламлари фақат китобхонлар орасида эътибор топибгина қолмай, танқидчи ва адабиётшунослар томонидан ҳам юқори баҳоланган. Султон Жўра 1939 йили педагогик ва адабий фаолияти учун Москвада “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирланади. Ушбу маросимда бошқа совриндорлар — Михаил Шолохов, Александр Фадеев, Янка Купала, Петрусь Бровка, Сергей Михалков, Валентин Катаев, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва ўша даврнинг бош­қа таниқли ёзувчи ва шоирлари ҳам иштирок этишади.

Албатта, Султон Жўра фронтга бормаса ҳам бўларди – унинг брони бор эди, аммо урушнинг иккинчи куниёқ ҳарбий комиссариатга мурожаат қилиб, фронтга юборишларини сўрайди, лекин рад жавобини олади. Еттинчи бор қилган мурожаатидан сўнггина, 1942 йил февраль ойида Султон ўз хоҳиши билан фронтга кетади. Шоир Қизил байроқ орденли 2-гвардия дивизия пулемётчиси бўлиб, Белоруссия фронтида хизмат қилган ва ўша йилларда ҳарбий газеталарда шеърлари кўп чoп этилган. Бир қўлида қалам, бир қўлида қурол ушлаган жасоратли шоирнинг ижоди уруш йилларида янги босқичга кўтарилди. У ўзининг “Пулемётчи овози”, “Тўпчи Муҳаммад”, “Найзамиз”, “Чавандоз” каби шеърларида ватанпарварлик ғояларини баралла куйлади, унинг “Ирода” драмаси ҳам уруш мавзусида.

1943 йил 14 ноябрь куни Белоруссиянинг Гомель вилояти Лоев тумани Боршчовка қишлоғи озод этилишида шоир оғир ярадор бўлади. Уни қутқаришга шифокорлар ожизлик қилади. У шу қишлоққа дафн этилди, кейинроқ хоки Козероги кишлоғидаги қабристонга кўчирилади.

Султон Жўра қисқа – 33 йил умр кўрганига қарамай ёрқин ҳаёт кечирди, ўзидан салмоқли ижодий мерос, истеъдодли шогирдлар ва солиҳ фарзандлар қолдирди. Унинг асарлари ўзбек адабиёти сайланмаларидан жой олди.

Атоқли адиб Омон Мухтор ўзининг “Йиллар шамоли” китобини шоирнинг садоқатли аёли Моҳира Жўраевага бағишлаган. Бу аёл мактабда рус тилидан дарс берган, ке­йинчалик меҳрибонлик уйи директори бўлган. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан Бухоро вилоятининг Қоғолтом қиш­лоғидаги эски мактаб ўрнида янги мактаб биноси қад ростлади ва шоир номи билан аталди. Белоруссиянинг Козероги қишлоғида ҳам С.Жўра номига ёдгорлик ўрнатилган эди. Шу қишлоқда мактаб ва кўчага шоир номи берилди.

Таҳририятдан: Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ­Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида, яъни шу йил 9 майда Беларусь Респуб­ликаси Гомель области Лоев райони Козероги қишлоғида оташин ўзбек шоири Султон Жўра номи билан аталган кўчада шоир ва қаҳрамон шарафига хотира лавҳи қайтадан очилди. Бу ўзбек жангчи шоири хотирасига кўрсатилган юксак ҳурмат ва эҳтиромдир.

 

Раҳматулла БАРАКАЕВ,

филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг