АНЪАНАЛАРИМИЗ БАРДАВОМЛИГИ ЙЎЛИДА

557

Муҳтарам Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев томонидан миллий маданият ва санъатнинг жамиятимизда тутган ўрнини янада мустаҳкамлаш, ривожлантириш, ҳаётга кенг тадбиқ этиш йўлида қабул қилинган Фармон ва Қарорда ўз аксини топган маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотларни жадал давом эттириш, маданият органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифалар бугунги глобал ривожланиш ва тараққиёт даврида нечоғли муҳимлиги ўз тасдиғини топмоқда.

 Республикамизда концерт-томоша фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларда концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмаларига асосан кўрсатиладиган барча хизматлар ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида тақдим этилиши белгиланган. Мазкур банд ижодкор ва ижрочиларнинг жамоатчилик асосида жалб этилишига йўл қўймаслик, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида муҳим ўрин тутади. Чунки ҳар бир фаолият тури, яъни ақлий ёки жисмоний меҳнат, албатта, рағбатлантирилиши лозим.

Миллий ва замонавий композиторлик ижодини бош­ланғич ва ўрта таълим муассасаларида кенг тарғиб қилиш учун нота тўп­ламлари ва махсус мусиқа адабиётларининг танқислиги бизни бугунги кунгача ўйлантириб келаётган муаммо эди. Ушбу муҳим ҳужжатларнинг ижроси композиторларимиз ва мусиқашуносларимизни янги махсус адабиётлар яратишларига кенг жалб этади ва мусиқа таълими соҳасида самарали ютуқларга эришилишини таъминлайди.

Шунингдек, жонли ижро асосида ўтказиладиган концерт дастурлари учун ижара тўловларига 50 фоизлик чегирма жорий қилиниши таъкидланган. Бундай имконият санъаткорларимизни, айниқса, ёш хонанда ва созандаларни ўз соҳасига масъулият билан ёндашишга ундайди. Санъаткорларнинг жонли ижросини рағбатлантириш мақсадида берилаётган бун­­дай имтиёз ва имкониятлар бугунги кунда урфга айланган фонограмма концертларнинг яқин келажакда саҳналардан чи­қариб юборилишида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Шу тариқа, саҳналарда ҳақиқий санъат ва истеъдод эгалари ўз ўринларини эгаллайдилар.

Айтиш жоизки, муаллифлик ҳуқуқи композиторлар, ижрочи ва бошқа санъат вакилларини ўйлантириб келаётган масалалардан бири эди. Маълумки, композиторларимиз асарлари оммавий тадбирларда, концерт-томошаларда, радио тўлқинлари ва теледастурларда мунтазам янграб келади. Лекин янграган асари учун композиторларга қалам ҳақи, яъни гонорар тўланмайди. Энди мана шундай камчиликлар бартараф этилиб, ижодкорларнинг ақлий меҳнатига яраша даромад олиши таъминланади.

Яна бир муҳим масала: бу Маданият вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган олий ўқув юртлари негизида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг ташкил этилишидир. Бу тадбир ёш ва иқтидорли мутахассисларни миллий мусиқа негизида тарбиялаш, юқори даражада касб маҳоратига эга бўлиб етишиш­лари учун таълим тизимида олиб борилаётган туб ўзгариш­лардан далолат беради. Бунда миллий анъаналарга алоҳида урғу берилиши, мақом ижрочилиги билан бир қаторда авлоддан авлодга ўтиб келган бахшичилик ва катта ашула йўллари бўйича кадрлар тайёрлаш азалий анъаналаримизнинг бардавомлигини таъминлайди.

Рустам АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон композиторлари ва

бастакорлари уюшмаси раиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг