ИЛОН МАСКНИНГ  ФАЗО КЕМАСИ

169

Ўтган ҳафтанинг оламшумул воқеаларидан бири, шубҳасиз, америкалик машҳур тадбиркор Илон Маскнинг Crew Dragon хусусий кемаси астронавтларни илк бор халқаро космик станцияга олиб чиққани бўлди.

“Давлат-хусусий шерикчилик” деган ижтимоий-иқтисодий тушунча юртимиздаги ислоҳотлар жараёнида тобора оммалашиб бораётир. Давлат буюртмаларини бажаришда тадбиркорлар хусусий техника воситаларидан, дейлик, автобус, юк машинаси, трактор, экскаватор ва ҳоказолардан фойдаланиши одатий ҳол. Флорида штати, Канаверал бурнидаги космодромдан тарихда илк бор хусусий космик кеманинг фазога кўтарилиши – давлат-хусусий шерикчиликнинг энг илғор инновацион тури, дейиш мумкин. Кемани 53 ёшли астронавт Дуглас Харли ва 49 ёшли Роберт Бенкен бош­қаришмоқда.

Бу тарихий воқеа дунё оммавий ахборот воситалари қаторида юртимиздаги ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинди. Юртдошларимизнинг ҳавас, ҳайрат билан ёзган изоҳлари қай жиҳатдандир умидли истиқболдан дарак бераётгандек, назаримизда. Негаки тараққиёт аввали – ҳавасда, муайян маълумотларни билиш, таққослаш ва таҳлил қилиш – илмнинг пойдевори, дейиш мумкин.

Бу изоҳларни ўқиб, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ўзим кўрган манзаралар эсга тушди. Ҳудудида автобуслар қатнайдиган улкан корхонада самолётнинг минглаб деталлари ясалар ва йиғиш ишлари амалга ошириларди, корхона дарвозасидан эса улкан самолётлар чиқиб, учиш йўлаги томон вазмин йўл оларди.

1997 йили олий тоифали конструктор Абдулла Тешабоев “Бургут” деб номланган енгил самолёт лойиҳасини ишлаб чиққани ҳақидаги хабарни матбуотда ўқигандим. Ўшанда: “Мана, юртимизда самолёт ишлаб чиқарадиган ўз заводимиз, мутахассисларимиз бор. Ҳадемай ўзбек конструктори яратган “Бургут” номли самолётимиз пайдо бўлади. Америка киноларида кўрганимиздек, жажжи самолёт энди бизда ҳам бўлади”, дея умид қилган эдик. Орадан чорак асрдан кўпроқ вақт ўтди. Қани ўша “Бургут”? Уни ишлаб чиқариш учун ўзимизда ҳамма имкониятлар бор эди-ку? “Бургут”нинг йўлида қандай тўсиқлар бўлган экан?

Ўшанда фақат самолётсозлик эмас, электроника, радиотехника, яримўтказгичлар каби замонавий тармоқлар, корхоналар мавжуд эди. Афсуски, ўтган даврда ўз имкониятларимиздан унумли фойдаланиш ўрнига, ҳамма нарсани четдан сотиб олишга ружу қўйдик…

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида ана шундай оғир саволлар илк бор тилга олинган эди: “Биз 25 йил илм билан шуғулланмадик, бор илмни йўқ қилдик”: “25 йил ичида нега кучли олим чиқмади?!”.

Ўшанда Президент маърузасини тинглар эканман, бир неча йил бурун темир йўл муҳандислари институти талабалари билан бўлган мулоқот эсимга тушди. Бир гал 4-курсни битираётган талабаларга шундай шартни эълон қилдим:

– Японияда ўқишни битирган ёш мутахассис ўз соҳаси бўйича бирорта ихтиро қилса ёки компания фаолиятига фойдали янгилик киритсагина ишга қабул қилинади. Ўтган тўрт йил ичида локомотивлар, вагонлар, умуман, темир йўл тизимига бирорта янгилик киритиш устида озгина бўлса-да, изланиш олиб борган талабалар бўлса, дарҳол “5” баҳо қўяман. Шарти шуки, хомаки бўлса ҳам ҳисоб-китоблар ва чизмаларни кўрсатасиз…

Бу мурожаатим талабаларнинг диқ­қатини тортди, албатта. Бўлажак транспортчиларнинг илмий изланишлари ва арзимас бўлса-да, “ихтиролари” билан танишишга ўзимни руҳан тайёрлаб, узоқ кутдим. Лекин ҳеч қандай ҳаракат кўринмади. Мен эса, ҳозир талабаларнинг кўпчилиги осонгина “5” баҳо олса керак, деб ўйлабман. Негаки, менинг соҳам – гуманитар фанлар, булар “фалон винтга ўзгартириш киритмоқчийдим”, деб қандайдир формулалар ёзиб келса, тушунмаслигим ҳам мумкин. Афсус, “хавотир”ларим беҳуда экан. Мен кутган “ихтиролар”дан дарак бўлмади. Дарсдан сўнг бир неча талаба хонамга кириб келишди:

– Домла, бизга бирорта “хизмат” айтинг. Биз “армиячи”лармиз, “кон­тракт”да ўқиймиз. “Аъло” баҳо бўлмаса, стипендия ололмаймиз. Буёғини ўзингиз тушунасиз-ку…

Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Албатта, булар ёмон болалар эмас, ҳамма талабаларга ўхшаган талаба. Ишончим комил: менинг ғалати шартларимдан қатъий назар, баҳоларини олишади (мақсад – айнан “баҳо олиш” бўлгач!). Институтни муваффақиятли тамомлашади. Тантанали битирув маросими, “диплом ювиш” деган гаплар, табриклар ҳам бўлади. Темир йўлда яхши ишлаб ҳам кетишар. Лекин… ўзгариш, янгилик йўқ-да.

Ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманидаги янги шифохона комплексини очар экан, пировардида шундай дедилар: “Энди бизга замонавий врач ва тиббиёт ҳамширалари керак…”. Бу даъват замирида долзарб муаммолар ечимига оид дастур мужассам, яъни замонавий мутахассислар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлиги англашилади. Тиббиёт академияси, бир неча институтлар ва кўплаб коллежларни битириб чиқаётган минглаб мутахассислар бугунги талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги аён бўлади! Юқоридаги даъват сўзлар ўтган йилги селектор йиғилиш­ларидан бирида айтилган фикрларнинг мантиқий давомидир: “Шунча шароит яратяпмиз, технологиялар олиб келяпмиз. Жойлардаги раҳбарлар эса ўзини қийнамай, маҳаллийлаштириш устида ишлаш ўрнига осонгина импорт қилишга ўрганган. Энди бу саволларни қатъий қўйиб, сабабларни чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш, зарур хулосалар чиқариш ҳамда вазиятни ўнглаш пайти келди!”

Президент таъкидлаганидек, “осон­гина импорт қилишга ўрганиш”, фақат раҳбарлар эмас, бўлажак мутахассислар фикрини ҳам “забт этгани” айниқса таассуфли. Темир йўл муҳандислари институти талабалари билан суҳбат чоғида: “Мана, сизлар етук ва замонавий мутахассислар бўлиб чиқишингиз учун ҳамма шароитлар муҳайё. Энди, бутунлай ўзимизники бўлган, дейлик, “Тулпор” номли янги тезюрар поездни қачон лойиҳалаштирасизлар?” деб сўрадим. Шунда биттаси: “Шу шартми, чет элдан келаётганлари ҳам эҳтиёжимизни қондириб турибди-ку”, деди.

– Нима, хорижда қандай янги техника яратилса, биз қачон сотиб оларканмиз, деб кутиб яшайверишимиз керакми? Қачонгача? Улардан қаеримиз кам?

– Домла, бунинг иложи йўқ. Аввало, янгиликни юзага чиқаришнинг ўзи бўлмайди. Кейин, масалан, солиқ, божхона, ўт ўчирувчилар, “СЭС”, “Экология”, ҳокимият ва ҳоказолар билан “муомала” қилиш керак. Оқибатда ишлаб чиқарадиган маҳсулотингиз чет элникидан ҳам қимматга тушади. Ахир, “Оч қорним – тинч қулоғим”, деган гап бекорга айтилмаган…

Ўтган 2019 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисидаги Президент Фармонига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар “Ўзбеккосмос” агентлиги ташкил этилди. Фармонга кўра, 2019–2020 йилларда Ўзбекистонда космик тармоқни ривож­лантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилди.

Сўнгги бир неча йил ичида қабул қилинган, замонавий илм ва техноло­гия­ларни ўрганиш ҳамда эгаллашга қаратилган бундай ҳужжатларни узоқ санаш мумкин. Хорижий мамлакатлар нуфузли олий ўқув юртларининг филиаллари бирин-кетин юртимизда ўз эшикларини очаётир.

Аммо яратилаётган бу имкониятларнинг майли, кичик бўлса-да, илк натижалари, шабадалари сезилаяптими? Айни кунларда “Ўзбеккосмос”, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар академияси каби даргоҳларда нима гаплар, қандай амалий ҳаракатлар бўлаяпти? “Ойнаи жаҳон”да улар ҳақида бирор кўрсатув ёки дастур йўқ. “Инновациялар ва кашфиётлар” деган кўрсатувда бошдан-оёқ хорижда яратилган гаджетлар, дастурлар, роботлар, техник янгиликлар ҳақида ҳикоя қилинади. Ўтган бир-икки йил ичида бизнинг олимларимиз наҳотки бирорта “инновацион винтик” ҳам ихтиро қилишмаган бўлса? Ижтимоий тармоқларда Илон Маскнинг хусусий фазо кемаси кенг муҳокама қилиниши бежиз эмас: бугун халқимиз инновацияларни яхши тушунади ва юртимизда ҳам ана шундай тараққиётни орзу қилади. Орзулар интилиш ва ҳаракатга бошлайди. Айрим киноя ва кескин фикрлар замирида бугунги иллатлардан тезроқ қутулиш, ўз-ўзини ислоҳ қилиш истаги сезилиб туради: “Чойхона, ош, орзу-ҳавас, “гап”, тўй-ҳашам, сарпо-суруқ, қизингни узат, ўғлингни уйлантир, катта тўй қил, айниқса, аёллар нима деса шуни қиладиган феълимиз бизни тарк этмагунча, ўзимизни ўнглаб олмагунча шунақа… юраверамиз”. Ижтимоий тармоқда бир иштирокчи шундай “таҳлил” қилади: “АҚШ нега энг ривожланган давлат эканини, АҚШлик­лар нега ҳаммадан олдинда эканини тушундингизми? Чунки Илон Маскни бирон марта ҳам солиқ, МИБ, прокуратура босмади! Илон Маскни бирор монополистик ташкилот ёптириб юбормади. Илон Маск мингта жойдан справка, документ, бало-баттарлар йиғмади. Илон Маскни аэродромини ҳокимият келиб бузмади…”

“Иван Васильевич касбини ўзгартиради” номли машҳур кинокомедиядаги созандалар “князь” Милаславскийга: “Отахон, сиз бошини бошлаб беринг, буёғини ўзимиз олиб кетаверамиз”, дейишади. Кейин, қўшиқнинг оҳанги ва сўзларидан келиб чиққан ҳолда, мусиқани қойиллатиб чалишади.

Шунга ўхшаш, бизда ҳам замонавий техник тараққиётнинг “боши” аллақачон бошлаб берилган. Юрт – мус­тақил, табиий бойликларимиз дунё аҳли ҳавас қилгудек даражада. Энг замонавий техник илмларни эгаллашимиз учун йўллар ланг очиқ! Бугун тараққиётни “нол”дан бош­лашга ҳожат йўқ. Тайёр андозалардан фойдаланиб, тараққиётни “келган жойидан” ўзимиз давом эттириб кетсак – бас!

 

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг