БУГУН  ПУШКИННИ  КИМ  ЎҚИЙДИ

117

 Бугун Пушкин ва унинг адабий меросига муносабат турлича. Шундай бўлиши табиийдек гўё. Мен бир таржимоннинг Пушкиндан таржималарини ўқиш жараёнида у айтган бир гапни кўп эсладим. Таржимон қўлёзмаларни бир нашриётга таклиф этганда, ношир: “Бугун Пушкинни ким ўқийди”,  деган. Бу савол эмас, балки ўша ноширнинг таржимон таклифига жавоби, бироқ ўйлатадиган жавоб.

Гап Пушкиндан қилинган таржималарнинг китоб бўлиб чиқишида ҳам эмас – Пушкинга муносабатда. Ўша ноширнинг гапи Байрон, Гёте ёки бошқа мумтоз шоирлар ва уларнинг ижодий меросига нисбатан айтилса ҳам унчалик ажабланмасак керак. Ахир, XXI асрнинг қарийб чорагини яшаб қўйган одамлармиз, жуда кўп нарсалардан хабаримиз бор, йўқларини электрон воситалар йўндириб турибди – гўё одамзод ҳамма нарсага эришган, муроду мақсадига етгандек… Хўш, унга яна нима керак?! Пушкин керакми?..

Керак! (Гарчи замондошимиз ўзидаги поэзияга эҳтиёжни инобатга олмаётган, балки англаб етмаётган бўлса-да.) Бу эҳтиёжга мувофиқ, дейлик, рақамли дунё соҳиб­лари саналмиш бугунги авлодлар учун Пушкин қайси жиҳатларига кўра муҳим?

                         * * *

Пушкин – ғурури баланд, ёвқур, танти ва қувноқ шоир. Бу хислатлар унга халқидан юққан. Пушкин тез ва жуда қаттиқ севиб қоладиган жўшқин қалб соҳиби. Бу ҳам унинг халқига хос хислат. Унинг маҳбубаси – озодлик, эрк. (Унинг бунга умрбод содиқ қолгани ҳайратланарли.) Рус халқи барча замонларда ҳур, озод яшаш учун курашиб келган. Пушкин миллий шоир сифатида халқи руҳини, орзу-умид­ларини ўзида мужассам этган сиймо. У ҳақда гапирганда руслар бежиз: “Пушкин бизнинг боримиз!” дейишмайди.

                         * * *

Башорат қилишга мойил Гоголь: “Пушкин фавқулодда ҳодисадир ва, эҳтимол, рус руҳиятининг ягона ҳодисаси” дея таъриф бераркан, унинг даражасидаги, унинг­дек рус кишиси, балки, икки юз йилдан кейин кўриниш берар, деб умид қилганди. Ҳа, Пушкин шахси ва шеърияти билан, мана, икки юз йилдан кейин ҳам ҳайратга солиб келаётир.

Хўш, бу ҳайратнинг сири нимада? Унинг замирида қандай мазмун мужассам? Бир мисол. Пушкиннинг “Капитан қизи” повестини кўпчилик ўқиган, “Пугачёв тарихи”дан хабари борлар ҳам топилади. Аммо айтиш жоизки, Пугачёв мавзуси Пушкин замонида қалтис мавзу ҳисобланган. Мустабид ту­зум расман “зулмкор”, “қароқчи” тамғасини босган, подшоликка қарши бош кўтарган бу исёнчини Державин, Сумароков каби салафлари кескин қоралаб, расмий сиёсатга мувофиқ тарзда лаънатлаб ёзган шеърларини Пушкин қабул қилмаган. Айнан Пугачёв масаласида у ўз даврининг расмий-сиёсий ҳукмини ҳам, ўзи устоз қаторида кўрган катта шоирларнинг исёнчига ўта салбий қарашларини ҳам маъқулламаган. Бунга далил сифатида пушкиншунослар талай фикрларни келтиришади. Жумладан, А.Делвигга хатида атоқли шоир саналган Державин даҳосини саркарда Суворов даҳоси билан қиёслаш мумкинлигини айта туриб, Пушкин: афсуски “шоир (Державин) тез-тез хўроз бўлиб қичқирди”, деб ёзади. Бундай фактларни яна келтириш мумкин. Бироқ улардан Пушкин Пугачёв ва унинг исёнини ёқлаган, деган хулосага келиш ўринсиз. Ўша даврдаги мустабид тузумнинг зулм-зўравонлиги қўзғолонга олиб келганини шоир яхши билган. Пугачёвнинг ўзига келганда эса, айтиш керакки, зулмга қарши чиққан бу исёнчи қиёфасида Пушкин озодлик тимсолини кўрган бўлса, ажабмас.

Дарвоқе, пушкиншунослар шоирнинг Пугачёвга мойиллиги, унга айрича меҳри бўлганини ҳам таъкидлашади. Бу мойиллик, меҳр, аслида Инсондаги ҳур яшашга кучли истак туфайлидир. Гоголь айтганидек, Пушкиннинг фавқулодда ҳодиса экани, ўз замонидан жуда илгарилаб кетгани, танқид ва таҳдидларга қарамай Пугачёвнинг реалис­тик образини яратгани унинг барча замонлар ижодкорларига жасорат бобида берган адабий сабоғи, десак адашмасак керак.

                         * * *

Пушкиншунослар “Қуръонга назира” ва “Пайғамбар” асарларидаги мафкуравий ва бадиий талқинлар улар яратилган даврга хос анъанавий қарашлар ҳамда тасаввурларга батамом зид эканини, бу асарларида Пушкин умуминсоний қадриятларга юксак эътибор билан қараганини, беқиёс поэтик маҳоратини намоён этганини таъкидлашади. Ўша замонда рус дворян жамияти ва ҳукмрон мафкура “мусулмончилик”ка ўта тор миллатчилик, черков-миссионер­лик манфаатларидан келиб чиқиб муносабатда бўлган. Қолаверса, Пушкин “Қуръонга назира”ни ёзаётган пайтда Греция билан Туркия ўртасида уруш бўлаётгани боис, рус жамиятида мусулмонларга қарши кайфият ниҳоятда авж олган, кунда-кунора матбуотда шу мавзуда шеърлар, насрий асарлар чиқиб турган.

Мана шундай вазиятда ҳукмрон мафкурадан холи бўла олиш, жамиятда жазавали кечаётган “миллий ва диний манфаатлар” учун муросасиз курашлар жараёнида Қуръонга холис, хотиржам, эътибор ва эъзоз билан ёндашиш шоирдан чинакам мардликни тақозо этарди. Пушкин бунинг уддасидан чиқди – “Пушкиннинг поэтик гулчамбаридаги ярқираган олмос”лар (В. Белинский) – “Қуръонга назира”, “Пайғамбар”дек асарлар яратди.

Ҳа, чинакам шоир миллийликдан чекинмайди, бироқ замон зайли тақозо этган миллий, диний манфаатлар доирасига сиғмайди. Бу буюклик нишонаси. Пушкин ҳам шундай шоирлар сирасидандир. Бундай шоирлар шон-шарафларга катта истеъдоди билангина эмас, аввало, тафаккурининг озодлиги, фикрининг ҳурлиги билан эришади.

                         * * *

XXI асрга – Инсоният ақлга сиғмайдиган кашфиётлар қилаётган ва айни пайтда қайсар ўсмир каби ҳануз уқубатли эҳтиросларга асир бўлиб қолаётган замонга Пушкин ҳурфикрли эрксевар шоир сифатида дадил кириб келди. Ва айни шу сифатлар унинг шеъриятини замонавийлаштирди, долзарблигини таъминлади. Замонлар, мафкуралар ўзгарди, мустабид тузумлар барҳам топди, дунё неча марта эврилди – Пушкин эса, ўша-ўша – бошини мағрур тутиб, рост сўз билан “юракларга олов ёқиб” турибди. Ўтган икки асрнинг нари-берисида рўй берган воқеалар, бўронли, тўфонли даврларда ҳам унинг шеърияти завол топгани йўқ, мероси рус маданияти ҳудудида қолиб кетмади, умумжаҳон маданиятининг бир бўлагига айланди. Бу меросдан биз ҳам кўпдан бери баҳрамандмиз.

Чунончи, Пушкин шеърларини ўзбекчалаштиришга XIX аср охирида қўл урилган экан. Шундан кейинги бир юз йигирма йил мобайнида бу жараён тўхтагани йўқ. Зотан, “Ҳақиқий шоирларнинг асарлари барча замонларда ўзининг янгилигини ва навқиронлигини сақлаб қолади”, деб ёзган эди Пушкин. Бу фикр шоирнинг меросигагина эмас, унинг маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилинган асарларига ҳам тааллуқли.

XX аср бошларига келиб нақшли, серҳашам жимжимадорликдан қутула бош­лаган ўзбек шеъри оддий тилга кўчди: очиқ-тиниқ, ифодаси маънодор ва ширали, жарангдор шеърият бадиий таржимада ҳам юксак поэтик техникани, мукаммал услубни намоён этди. Буни Чўлпон таржимасидаги “Борис Годунов”, Ойбек таржимасидаги “Евгений Онегин”, Ҳамид Олимжон, Элбек, Усмон Носир таржималаридаги Пушкин асарларида кўрамиз. Айниқса, Усмон Носир таржимасидаги “Боғчасарой фонтани” поэмаси тилининг содда, ёрқин ва оҳангдорлиги туфайли Пушкиннинг “ҳақиқий шоирларнинг асарлари”га қўйган “ташхиси” – “янгилиги ва навқиронлигини сақлаб келаётгани” билан ўзбек таржима санъатининг нодир намунасидир.

                         * * *

Пушкиннинг шеърлари тили содда, бир қарашда таржима қилиш осондек тую­лади, бироқ бу соддаликда шоирнинг бой поэтик арсенали мужассам. Пушкиннинг шеърий матни остига яширинган маъно-мазмунни излашга ҳожат йўқ, унда ҳаммаси кафтдагидек – очиқ-ойдин. Оддий, барчага бирдек тушунарли тилда ёзиш, ёза билиш – ижодкорнинг баркамоллиги, таъбир жоиз бўлса, даҳо ижодкорлиги белгиси. Бундай асарлар таржимасида алданиб қолмаслик учун тилининг оддийлигига уйғун беқиёс поэтикани ҳис этиш, англаш лозим бўлади. Аслият матнидаги сўз, ибора, тимсол, сифатлаш, ўхшатишларни имкон қадар сақлашга – матн аниқлигига эришишга интилиш ва айнан мана шу қунт таржимонни “алданиб қолиш”дан сақлайди.

Келинг, шу ўринда Пушкин меросидан амалга оширилаётган энг янги таржималар мисолида фикримизни далиллашга уриниб кўрайлик. Пушкиннинг бир шеъри номи шоир ва таржимон Ҳумоюн таржимасида “Булбул ва атиргул” деб берилган. Шоирнинг яна бир “Гул” (“Цветок”) номли шеъри ҳам бор. Ҳумоюн “роза”ни айнан – “атиргул” деб беради. Аслида “атиргул” ҳам гул. Бир қарашда фарқ йўқдек, бироқ таржимоннинг аниқликка интилгани ўз самарасини берган: тасаввуримизда умуман “гул” эмас, “атиргул” пайдо бўлади ва бу аслиятдаги тимсолга, қолаверса, шарқона анъанавий образга ҳам мос.

Аслиятда ўқиймиз:

В безмолвии садов, весной, во мгле ночей,

Поёт над розою восточный соловей.

Таржимаси:

Баҳор, намозшомда, салқин боғ ичра,

Шарқ булбули куйлар атиргул узра.

Таржимада аслиятдаги бирор-бир сўз ёки ибора тушириб қолдирилмаган ёки таржимон ўзидан ниманидир қўшмаган. Мутаржимни аслиятга “қуллик”дан сақлаган омил эса вақт, вазият, ҳолат ва манзарани ихчам, мантиқан изчил боғлаб ифодалаганида. Бу принцип шеърнинг охиригача сақланган.

Албатта, шу ўринда беихтиёр ушбу шеър­нинг Чўлпон амалга оширган гўзал таржимаси ёдга келади. Устоз шоирнинг эркин таржимасида сўз ва ибораларнинг ўзгартирилиб, айрим ҳолларда аслиятда йўқ сўз ва ибораларнинг киритилгани (масалан, “восточный соловей” – “ғариб булбул”, “Гулим, раҳм айлагил дерди” каби) таржимада аниқликни таъминлашдан кўра шеърнинг яхлит поэтик мазмунини кучайтиргани таҳсинга лойиқ. Чўлпон таржимасида шеър матни шарқона колорит талабларига кучли даражада бўйсундирилган ва гўзал ўзбекча шеърий асар яратилган; бир қарашда бу шеър таржимаси менга таржима асардан кўра Чўлпоннинг ўз нодир асарларидан биридек туюлади. Таъкидлаш жоизки, Чўлпон таржимасидаги “Булбул ва гул” – ўзбек таржима мактабининг дурдона асари ва айни пайтда, Ҳумоюн таржимасидаги “Булбул ва атиргул” бугунги таржимачилигимизнинг ютуғлари сирасидан: бирида аслият мазмунига садоқат, иккинчисида таржимада аниқлик принципи ўзини тўла оқлаган.

Кенжа авлод ижодкорлари устозлар очган қўриқлардан баҳраманд бўлиб, уларнинг тажрибаларидан ўрганиб, Пушкин каби мумтоз шоирлар асарлари таржималарини “янгилаётгани” қувонарли ҳолдир.

Таржима асарларнинг “янгиланиши”ни, аввало, замон тақозо этади.

Пушкин меросидан таржима қилинган асарларнинг бугунги кунда амалга оширилаётган қайта таржималарида атоқли шоир-таржимонларимизнинг жуда катта хизмати бор. Улар очган қўриқ – илк таржималар бугунги ёш таржимонлар авлодининг “юкини енгиллаштириши” шубҳасиз. Мумтоз асарлар таржимасига биринчи бўлиб қўл уриш ҳамиша янги асар яратиш билан тенг турадиган иқтидор ва ижодий заҳматни талаб этади. Бу заҳматни чекиб, ўзбек таржима мактабининг пойдеворини яратган Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Миртемир сингари устоз шоир-таржимонларнинг тажрибалари бугунги ёш таржимонлар учун икки жиҳатдан фойдали: биринчидан, уларнинг таржималари ушбу соҳага кириб келаётганлар учун ўзига хос намуналар; иккинчидан, уларнинг таржималари кейинги авлод таржимонлари учун ўзбек таржима мактаби савиясини янада юқори кўтаришда ишончли асос. Таржима қилинган асарларни “янгилаш”да – уларнинг янги таржималарини яратишда устоз ­шоир-таржимонлар амалга оширган таржималарнинг қайси бир нуқталарига қайта ишлов бериш, кучайтириш, яхшилаш, аслият руҳини, оҳангини янада тиниқлаштириш зарурлигини, замонавий тил воситаларини қўллай билиш ёш таржимонларнинг иқтидори, фаҳм-фаросатига боғлиқ. Албатта, устоз шоир-таржимонлар эришган ютуқлар, ўзбек таржима мактабини бо­йитган тажрибалар кейинги авлод таржимонларига ўзбек таржима санъатини янада юқори даражага кўтаришда пойдевор вазифасини ўтайди. Чунончи, Пушкин барча замонларда асарлари севиб ўқиладиган шоир­лар сирасидан. Мумтоз шоир шеърларининг яхши таржималари миллий маданиятни, адабиётни бойитишга хизмат қилади.

                         * * *

Пушкиннинг шеърларида “бўрон”, “тўлқин”, “денгиз” тимсоллари кўп учрайди. Табиат ҳодисалари гўё шоир юрагидан куч олгандек. “Бераҳм асримда ҳам Эркинликни куйладим” деб ёзган шоирнинг лирик қаҳрамони “Денгиз ўғлонига” даъват этаркан “бепоён Уммон”га – кенгликка, эркинликка интилади, кўҳна соҳилларда қолишни истамайди. Аслида ҳам улуғ шоирнинг ҳур тафаккури, қалбидаги эркка ташналик, чорлов, миллати ва эътиқодидан қатъий назар, инсонларни курашиб яшашга, озод яшашга чорлайверади. Бу қутлуғ мероснинг умумбашарий аҳамияти ва барча замонлар, халқлар учун қадр-қиммати ҳам шундадир.

                        

Аҳмад ОТАБОЕВ 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг