ЮКСАК МАРРАЛАРГА РУҲЛАНТИРУВЧИ КУЧ

150

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори маданият ва санъат ривожига ҳам катта эътибор берилмоқда. Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони маданият ва санъат аҳли ҳаётида яна бир қувончли ҳодиса бўлди.

Мазкур Фармон соҳада молиявий, ҳуқуқий, керак бўлса, ижодий  жиҳатдан долзарблик касб этаётган муаммоларни бартараф этиб, чинакам истеъдод эгаларига қатор имтиёзлар яратиши билан аҳамиятлидир. Хусусан, давлат тасарруфидаги концерт ва маданият саройларида тўлиқ жонли ижро асосида ўтказиладиган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирмага эга бўладилар. Шунингдек, ижодкорлардан концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилинди. Давлат органлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар хизмат кўрсатганда, албатта, ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома тузилиши белгиланди.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб кўчма цирклар томонидан ташкил этиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши кифоя қилади. Кўчма цирклардан давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди. Шунингдек, бундай тадбирларда тегишли органлар томонидан жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлиги тўлов ундирилмаган ҳолда таъминланади. Бу эса, ўз навбатида, кўнгилочар томоша тадбирларининг сифати ва сонини оширишга хизмат қилади.

Кейинги пайтларда плагиатлик билан боғлиқ можароли ҳолатлар кўп кузатилаётгани сабабли, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш муҳим вазифалардан бирига айланди. Фармонга биноан, санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси тузилгани бу борадаги ишларнинг кўнгилдагидек бўлишини таъминлайди.

Маълумки, мусиқа йўналишида таълим олувчиларни махсус ўқув қўлланмалар, дарсликлар ва адабиётлар билан таъминлашда қийинчиликлар кузатилаётган эди. Эндиликда Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этиш ва уларни таълим муассасаларига тўлиқ етказишни таъминлаши белгилаб қў­йилди. Бу, албатта, юртимизда мусиқа билимдонлари етишиб чиқишига катта туртки бўлади.

Театрлар фаолиятида ҳам муҳим эътиборга молик ўзгаришлар амалга оширилади. Бола қалбида кичик ёшиданоқ ҳалоллик, ростгўйлик, ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат каби инсоний фазилатларни камол топтирувчи масканлардан бири айнан қўғирчоқ театрларидир. Бинобарин, 1928 йилда Тошпўлат Дониёров асос солган Ўрта Осиёда биринчи қўғирчоқ театри труппаси негизида ташкил топган Респуб­лика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ ­театри номи берилиши муҳим воқеа бўлди. Инсоният тарихидан маълумки, театр бутун бир жамиятни тарбияловчи восита сифатида ўзига хос аҳамият касб этиб келган. Қўғирчоқ театри мавжуд бўлмаган  вилоятларда ушбу театрларни ташкил этиш таклифи ҳам аҳамиятлидир.

Дунёда барча халқларнинг тарихий тараққиёт жараёнида ривожланиб бориши, қўлга киритилган ютуқлари ҳамда қолдирган бой маданий-маънавий меросини асрдан асрларга етказувчи кўприк бу музейлардир. 2020 йил сентябрь ойи­дан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинди. Шу кунларда фуқаролар музейларга бепул киритилади. Бу бевосита аҳолининг музейларимиз билан танишуви, уларни ўрганишга бўлган қизиқишларини оширишга кўмак беради.

Музейларимизда бошқарув жараёнини такомиллаштириш бўйича ҳам вазифалар белгилангани айни муддао бўлди. Яъни Ўзбекистон давлат санъат музейига – санъат соҳасидаги, Ўзбекис­тон тарихи давлат музейига – маданият ва тарих соҳасидаги барча музейлар фаолиятини илмий-тадқиқот ва методик жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг ушбу йўналишлардаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, кадрларнинг илмий салоҳиятини ошириш вазифаси белгиланди.

Маълумки, маданият ва санъат ташкилотларининг “дўстлар клублари” фаолиятини йўлга қўйиш орқали уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича мутлақо янгича самарали тизим яратилган. Эндиликда мазкур клублар музейлар соҳасига татбиқ этилишини таъминлаш белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Фармонда кўчма цирк ва ҳайвонот боғларини ташкил этиш, маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар, айниқса, чекка ҳудудлар аҳолисининг маданий салоҳиятини юксалтиришга кенг йўл очиб бериши билан муҳим саналади.

Маданият вазирлиги фаолияти, тузилмасининг такомиллаштирилиши, унинг зиммасига аниқ вазифалар юклатилиши борасида  ҳам қатор вазифалар белгиланиши маданият ва санъат соҳасида тубдан ислохотлар олиб борилишининг аввали десак, янглиш бўлмайди.

Яна бир муҳим нарсага алоҳида тўхталишимиз лозим. Бу ҳам бўлса шу кунга қадар кўплаб соҳа вакиллари учун касб байрами кунлари белгиланган эди. Аммо халқаро миқёсда “Ўзбекистон Рес­публикаси маданият ва санъат ходимлари куни” сифатида нишонланиши, бизда расман қайд этилмаган эди. Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академия­си, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекис­тон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчиликнинг маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 апрелни “Ўзбекистон Респуб­ликаси маданият ва санъат ходимлари куни” деб эълон қилиш тўғрисида аниқ таклифлар илгари сурилгани барчамизни бирдек руҳлантирди.

Тарихан маданияти юксак халқимизнинг, айниқса, Олот ва Қоракўлдаги табиий офат ва Сардобадаги фожеадан сўнг яна ҳам бирлашиб, ўзбек миллатининг маданиятли  ва бирдамлиги мус­таҳкам халқ эканини исботлаб берганини бутун дунё кўрди.

Бугун янги Ўзбекистонда маданий юксалишга алоҳида урғу бериляпти. Бой миллий маданий меросимизни, айниқса, музейларимизда сақланаётган ноёб экспонатлар, дурдона асарлар, миллий ҳунармандчилик намуналаримизни музейларимиз орқали дунёга намоён этяпмиз.

Президентимиз таъкидлаганларидек, юртимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда яратилаётган шароит­лар бизга ифтихор билан бирга жуда катта масъулият юклайди.

 

 

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг