226

Қандай яхши

Ойимга ҳам, дадамга ҳам

Доим кулиб боқаман.

Ойимга ҳам, дадамга ҳам

Шунда жуда ёқаман.

Кўчамиздан ўтганларга

Салом бераман кулиб.

Қани ҳамма шундай қилса,

Юрмаса қовоқ уйиб.

Учрашганда бир-бирига

Фақат кулиб қараса,

Қандай яхши кимдир-кимга

Шодлигини улашса.

 

Нима қилмоқчи эдим?

Ойи, ерни чопаман,

Кетмонимни топаман.

Кетмонимнинг «тоби йўқ»,

Ўзи бору сопи йўқ.

Чатоқ бўлди буёғи,

Кесайин дарахт шохин.

Кейин эса бирпасда

Ясаб оламан даста.

Бунинг-чун арра керак,

Аррадан йўқ-ку дарак.

Роса қидирдим, чопдим,

Охири томдан топдим.

Хўп занглабди бечора,

Чархлаш керак,

На чора?

Бунинг-чун керак эгов,

Эговни ким кўрган, ҳов?

Яна қидирдим,

Чопдим,

Охир эговни топдим.

Топдим-у,

Қотди бошим.

Ҳайрон чимирдим қошим.

Ойи, эслатинг, дедим,

Нима қилмоқчи эдим?

 

Каттаманми ё кичик?

Уйдагилар гапига

Баъзан ҳайрон қоламан.

Каттаманми мен ўзим

Ё кичкина боламан?

Чиллак ўйнасам гоҳо

Ойим айтади кулиб:

«Чангга ботиб юрибсан,

Кап-катта бола бўлиб».

Бирор гапни эшитмай,

Қайта сўрасам, дарров

Опам дер: «Аралашма,

Гаплашиб турса биров.

Ҳали жуда кичиксан

Бу гапларни билишга.

Ундан кўра қарашгин

Уйдаги у-бу ишга».

Баъзан келар соатнинг

Юришини кузатгим.

Қисмларга ажратиб,

Кейин қайта тузатгим.

Шу пайт дадам тергайди:

«Ниманиям биласан?

Соатни тузатишга

Ҳали ёшлик қиласан».

Уйдагилар гапига

Баъзан ҳайрон қоламан.

Каттаманми мен ўзи

Ё кичкина боламан?

Нима қилай, уларнинг

Айтганин қилолмасам.

Бир вақтда ҳам кичик,

Ҳам катта бўлолмасам.

 

Қайдан олган бунча ранг?

Камалакка бир қаранг,

Қайдан олган бунча ранг?

Яшил рангни ўтлоқдан,

Жигаррангни тупроқдан.

Кўм-кўк рангни осмондан,

Сариқ рангни сомондан.

Қорани қаламқошдан,

Қизил рангни қуёшдан.

Шу гап ёлғон ёки рост,

Қайси ранг нимага хос?

Кавсар ТУРДИЕВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг