Ташвишли кунлар шеъри

148

Замонлар эврилмиш неча юз карра,
Неча бор тикланмиш ҳаёт қўрғони.
Ҳолбуки, энг кичик заррадан зарра
Ларзага келтирди улкан дунёни.

Бир фалокат қўпди ҳаёт қасдида,
Совуқ башоратнинг қора шамоли
Тумандай ёйилди боғлар устида
Шакли нақ шайтоннинг тожи мисоли.

Бир қавмга келди халқлар, давлатлар,
Бир Худога келди динлар туғёни.
Ном-насаб талашган неча миллатлар
Бирдан эслаб қолди Одам Атони.

Қанча буюк эди Инсон ғайрати,
Не сирлар калити олтин бошида?
Лек дунё сарвати, замон ҳайбати
Сўроқдай эгилди зарра қошида.

Хатарда қолганда башарий хилқат,
Ногоҳ силкинганда зарбадан замон.
“Мен ҳали борман!” деб келди Оқибат,
“Борман!” деб қаддини кўтарди Имон.

Ўзинг асра энди, эй қодир Худо,
Жонимиз, қалбимиз ва шаънимизни.
Ҳар қарич ерида битта авлиё
Хоки ётган азиз Ватанимизни.

Бу юртдан аритма иқбол нурини,
Йироқ тутма, эзгу орзуларидан.
Пири бадавлат қил кексаларини,
Айирма, гўдаклар кулгуларидан.

Ерга фаришталар энгандай гўё
Зўр нажот қайтажак илтижолардан.
Ўтган даҳолардан сўраймиз дуо,
Шу заминда ётган авлиёлардан.

Нажот илинжида қолганда хилқат,
Умид излаганда замину замон.
“Мен ҳали борман!” деб келди Оқибат,
“Борман!” деб қаддини кўтарди Имон.

Эшқобил Шукур

01.04.2020

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг