КОРОНАВИРУC

114

Бу офат жаҳонни эгаллаб ёппа,
Отлиқни тушириб қўйди эгардан.
Зир титрар ёлвориб кекса Европа,
Шафқат сўрагандай ёвуз аждардан.

Кўряпмиз, бечора одам боласи,
Мусибат олдида ожиз бир пашша.
Вайрон этилдими имон қалъаси,
Жазоми бу ўлат, шунга яраша.

Эҳтимол орадан минг йиллар ўтиб,
Худониннг тоқатин айладикми тоқ.
Ёки бандаликни мутлоқ унутиб,
Шайтони лаъинга бўлдикми маддоҳ?

Она сайёрамиз қолди қамалда,
Инсоннинг қисмати наҳот шу бўлса?
Ё тавба, табиат авжи ҳамалда,
Ногоҳ боғимизга қаҳратон келса.

Ҳаёт қонунларин тамоман бузган,
Кўзларга кўринмас бу қандай дажжол?
Оламу жаҳонни ажалдай кезган
Шафқатни билмас бу, одамхўр баттол.

Уйқудан уйғониб, ёвуз бир маҳлуқ
Одамзод бошига мусибат солмиш.
Хатто қўшни билан кирди-чиқди йўқ,
Ҳамма ин-инига биқиниб олмиш.

Шовқинни соғинар кўчаю кўйлар,
Биз эсак сичқондай чуқур индамиз.
Ҳеч кимга татимас дабдаба, тўйлар
Жаҳон аҳли ёппа карантиндамиз.

Пайтимас бу дамда кудурат-гина,
Гуноҳи кабирдир араз иддао.
Аҳли одамзодга бўлган бошпана,
Мўъжаз бир кулбадир, аслида дунё.

Сўзимни ниҳоя этсам мухтасар,
Бир лаҳза кенгашиб, ўйлаб олайлик.
Келдикми дунёга меҳмон бўп магар,
Меҳмон иззатига риоя қилайлик.

Бу синов кўрларнинг очиб кўзини,
Ғофил нодонларга балки бир сабоқ.
Одамзод англасин токи ўзини,
Ҳар бир қадамидан яшасин огоҳ.

Абдумажид АЗИМ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг