ЮРТ ҚАДРИНИ УЛУҒЛАБ (2020 йил, 10-сон)

643

Йигирманчи аср қорақалпоқ адабиётига ўзига хос овоз билан кириб келган истеъдодли шоиралардан бири Ширин Холмуродова эди, десак янглишмаймиз. Ширин Ўтеш қизи 1949 йили Тошкент шаҳрида, асли чимбойлик бўлган давлат хизматчиси, зиёли инсон Ўтеш Холмурод ўғли оиласида дунёга келади ва шу хонадонда адабиётга ҳавас қўйиб улғаяди. У болалигиданоқ ўзгача хулқ-атвори билан ота-онаси, атрофдагиларнинг диққат-эътиборида бўлиб, чақмоқдек ўткир ва фикрчан гаплари билан кўпчиликни ҳайрон қолдирган экан.

Шоиранинг дастлабки шеърий тўп­лами Нукус давлат педагогика институтининг тарих-филология факультети 1-босқичида таҳсил олаётган пайтида чоп этилган ва шу даврдаги эсда қоларли воқеа бўлган. “Ўн саккиз баҳор” («Он сегиз бәҳәр») деб номланган бу тўплам ҳозирга қадар қорақалпоқ шеъриятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб турибди.

Яшил гилам каби атир майса яралган,

Айланайин шу бағри кенг даламдан –

сатрлари билан бошланадиган «Далаларингдан» номли шеърида шоира:

 Кўкда булут кўринса, шодланиб чўпон,

Яйлов оралайди эрталаб тонгдан,

Чўпонни куттириб тинчини олган,

Қизилқумга ёғган ёмғирларингдан –

дея баҳор ва ёз фаслида кенг яйловларда умри ўтадиган чорвадорларнинг ёмғирдан шодланишларини кўз олдимизда гавдалантиради.

Шоира «ёмғирларингдан», «довулларингдан», «овулларингдан» каби жонли қофиялар билан она табиатга, жонажон овулига меҳрини қалб туйғуларини намоён этади. Ушбу сатрлар шоиранинг ёшлик йилларидаги унутилмас онларини ҳам эслатиб туради.

Чўпон меҳнатига ташаккур айтиб,

Тахтакўпир бетдан орқага қайтиб,

Чимбойга етганда шодлигим ортиб,

Қалбимни ўстирган овулларингдан.

Ватан қадрини улуғлаб яшаган қалам соҳиби ўзининг «Она юртим» шеърида туғилган ерига шундай таъриф беради:

Бу оламда ёлғиз қолдирган онам,

Туғишган ҳам менга насиб этмаган,

Сен – отам, сен – онам, оғамсан юртим,

Сен менинг инимсан, синглимсан – Ватан!

«Она макон» шеърида эса туғилган заминдан йироқда юрганида соғинч ҳиссини шундай самимий ифодалайди:

Ўйласам, кўз олдимда бўларсан пайдо,

Дунё гўзаллиги сен турган жойда,

Булбулларга сирдош бўлиб улғайдим,

Сенсиз менга ёшлик даврони қайда?

Шу тариқа шоира инсонга бир марта бериладиган ёшлик фаслининг файзу фазилатини Ватан тупроғидан излайди, унинг муқаддаслигини уқтиради.

Шоира ўзини ўйлантираётган муаммоларни нафақат шеър­ларида, балки қалбларни тўлқинлантирадиган публицистик мақолаларида ҳам баён этган. У Орол денгизи қуришни бошлаган йиллари «Саодат» журналида чоп этилган бир мақоласида шундай ёзади:

«Болам, бизнинг ота-боболаримиз макон тутган бу ўлка сенинг, бизнинг еримиз – она Ватанимиз… Мана бу улкан уммон – бизнинг денгизимиз. Ота-боболаримиз шу денгиздан балиқ овлаб, қамиш тўқиб кун кечирган», – деган эдим бир пайтлари. Энди ўйлайман: болаларимиз ўз фарзандларига нима дер экан… «Бизнинг оталаримиз ва боболаримиздан қолган денгизимизни кимларнингдир меҳрсизлиги, шуҳратпарастлиги қуритди, аттанг…» дерми экан», – дея оғриқли саволни ўртага ташлайди. Мақола чиққан вақтда кўпчилик муаллифни чин кўнгилдан қўллаб-қувватлади, унинг чақириқларига жўровоз бўлди.

Умуман, шоиранинг ҳар бир сатрида инсон қалбининг нозик ҳиссиётлари мавжланиб туради. Буни ­Ш.Холмуродованинг асарлари билан танишган сари янада чуқурроқ тушуна бошлаймиз. Шоиранинг дастлабки шеърларига, ҳали уларнинг сиёҳи қуримасданоқ, атоқли бастакорлар Абдурайим Султонов, Худойберген Турдиқулов томонидан куйлар басталанган, ўша давр саҳна юлдузлари Тамара Дошумова, Сулухан Мамбетова, Ида Рафиқова каби хушовоз хонандалар томонидан қойилмақом қилиб ижро этилган. Бу асарлар ҳозирги вақтга қадар қорақалпоқ радиосининг олтин хазинасида сақланиб келмоқда. Шоира шеърлари ўзбек, озарбайжон, доғистон, қирғиз, қозоқ ҳамда Болтиқ бўйи ҳалқлари тилларига таржима қилинган.

Ширин Холмуродова моҳир таржимон сифатида дунё адабиётининг атоқли вакиллари Робиндранат Тагор, Файз Аҳмад Файз, Сергей Есенин, ўзбек шоир ва ёзувчиларидан Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Орипов, Саида Зуннунова, Ўткир Ҳошимов, Нурали Қобул асарларини қорақалпоқ тилига муваффақиятли ўгирган.

 Сейдин АМИРЛАН,

Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг

адабий маслаҳатчиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг