ХАЙРЛИ ИШЛАРНИНГ ДАВОМИ (2020 йил, 10-сон)

300

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан атоқли адибларнинг танланган асарларидан тортиб ёш ижодкорларнинг китобларигача мунтазам нашр этиш анъанага айланди.

Абдулла Қодирийнинг 125 йиллигига бағишлаб нашр этилган “Танланган асарлар” китобига ўзбек китобхонининг энг севимли асари — “Ўткан кунлар” ҳамда “Меҳробдан чаён” романлари, шунингдек шеърлар, ҳикоялар, саҳна асарлари, ҳангома, фельетон ва мақолалари жамланган. Кичик жанрларда яратилган асарлари умумий номда “Диёри бакр” деб аталган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекис­тон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсуповнинг 90 йиллиги муносабати билан адибнинг “Танланган асарлар” китоби чоп этилди. Китобга шоирнинг “Тўмарис”, “Булбул уяси” сингари достонлари, “Таж­риба томчилари”, “Украина хотиралари”, “Болалигим” туркумларидан сараланган шеърлар ва сонетлар киритилган. Мазкур китобга жамланган халқона асарлар Зулфия, Абдулла Орипов сингари атоқли ўзбек шоирлари, шунингдек, ёш шоир-таржимонлар томонидан ўзбекчага ўгирилган.

Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг шеърлар, достонлар, мақолалар, очерклар, эсселар ва хотиралардан таркиб топган “Танланган асарлар”и нашри ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотадиган китоблар сирасидандир. Тўра Сулаймон одам ҳаёти ва олам ҳодисаларини кечанинг назари билан кўриб, шуурга тез етиб бориб, унда мустаҳкам ўрнашадиган азалий усулда ифодалайди. Шоир ижодининг ўлмас қад­риятлардан сувланган илдизлари чуқур кетган. Шу сабаб, шеър­ларда миллатнинг узилмас умр занжири, боқий қадриятлари акс этади.

Шоир асарлари ҳали кўп авлодлар қалбини зиёга тўлдиришига ишончимиз комил.

Устоз адибларнинг “Танланган асарлар” китоблари “Шарқ” НМАК Бош таҳририяти томонидан чоп этилган.

Таниқли шоир, адабиётшунос Отабек Исмоиловнинг “Машҳур-Пресс” нашриётида чоп этилган “Ҳайрат лаҳзалари” адабий мақолалар тўплами Алишер Навоий ва уни ўзига устоз деб билган Муҳаммад Ризо Огаҳий асарлари мутолааси бахш этган завқу шавқ ва ҳайратлар маҳсулидир.

Рисоладан ғазаллар, байтлар таҳлилига бағишланган мақолалардан сўнг, икки буюк шоир – Навоий ва Огаҳий ғазалларига муҳаммаслар ҳам ўрин олган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг соддадил Матмуса ва унинг Донишқишлоғи ҳақидаги ҳажвий шеърлари халқ орасида машҳур.

Китоб бўлар таърифи,

Ёзса минг бир саҳифа.

Донишқишлоқ аҳлидан

Тингланг уч-тўрт латифа…

Айниқса, “Матмусанинг дутори”, “Матмусанинг уйланиши” сингари латифанамо ҳажвлари ҳамон ўқувчида янги ёзилгандай таассурот қолдиради. Шоир ҳажвиёти бошқа тилларга, жумладан, тожик тилига таржима қилиниб чоп этилаётгани боиси ҳам шунда.

“Нурафшон-бизнес” нашриётида чоп этилган адибнинг “Матмусои кунжкоб” номли китобига Матмуса туркумидаги ҳажв­лари ва бошқа ҳажвий шеърларидан намуналар киритилган.

Шеърларни тожик тилига Асадуллоҳ Исмоилзода таржима қилган.

Ҳумоюн АКБАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг