МАРДЛИК ВА ЖАСОРАТ ҚИССАСИ (2020 йил, 10-сон)

75

Ўзбек Миллий академик драма театрида яна бир тарихий асар тайёрланиб, мухлислар эътиборига ҳавола этилди. Ушбу спектакль буюк ва жасур ватандошимиз Жалолиддин Мангуберди ҳақида.

Сўнгги ануштегиний хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди давлатчилигимиз тарихида ниҳоятда катта ўрин тутувчи шахс. Атиги ўттиз уч йил умр кўриб, шунинг ўн бир йилини Ватан озодлиги учун кураш йўлига сарфлаган ҳукмдор Жалолиддин ибн Аловуддин Муҳаммаднинг фаолияти мўғуллар босқини оқибатида Хоразм диёри таназ­зулга учрай бошлаган даврга тўғри келган.

Асарни саҳнага олиб чиққан ёш истеъдодли режиссёр Асқар Холмўминов ушбу спектакль устида ишлаш жараёни ҳақида шундай дейди: “Назар Эшонқулнинг асарини саҳналаштиришга киришар эканман, аввало, Жалолиддин Мангубердининг шахсияти, унинг ҳаёт йўли, ХIII асрдаги тарихий жараёнларда тутган ўрнини атрофлича ўргандим. Жалолиддин Мангубердининг шахсий котиби, тарихчи Насафийнинг асарларидан, қолаверса, бошқа тарихий манбалардан фойдаланиб, инсценировка қилишга бел боғладим. Назар Эшонқулнинг киносценарийси билан танишгач ёзувчига уни пьесага айлантиришни таклиф қилдим. Шу тариқа саҳна асарига замин ҳозирланди. Киносценарийнинг тили содда ва жозибадорлиги эътиборимни тортди. Спектакль устида муаллиф билан ҳамжиҳатликда иш олиб борганимиз учун ҳам томоша бир бутун ҳолатга келди”.

Спектакль қизиқарли бошланади. Асосий воқеалар бошлангунга қадар сарой мулозимлари ва канизларнинг саҳнада безовталаниб ҳаракатланиш­лари томошабиннинг диққатини ўзига қаратиб, фикрини жамлашга ва қандай ҳодиса персонажларни тинимсиз ҳаракатланишга ундаётганини билишга қизиқиши кучайишига сабаб бўлади. Бу безовталикнинг сабаби – бўлажак ҳукмдор Султон Жалолиддиннинг дунёга келиши билан боғлиқ бўлиб, воқеалар тез суръатда ривожлана бош­лайди.

Спектаклда Жалолиддиннинг Ватан озодлиги учун кураши асосий мавзу қилиб олинган. Асар фақат бир мавзу йўналишида саҳналаштирилгани танқидга учраган бўлса-да, аслида режиссёрнинг асосий мақсади Жалолиддиннинг адолатли ҳукмдор ва моҳир саркарда сифатидаги фазилатларини кенг кўламда ёритишдан иборат бўлган. Она ва ёрга муҳаббат мавзуси четлаб ўтилган. Жалолиддин ҳақида яратилган асарларнинг деярли барчасида ушбу мавзуга кенг ўрин берилгани учун ҳам анъанавийликдан чекинилган.

Муҳими, деярли барча актёрлар ролларини ўз қаҳрамонларининг характери ва мақсадини аниқ билган ҳолда ижро этганлар. Ҳар бир персонажга алоҳида вазифа юклатилгани актёрларнинг рол устида жиддий ишлашларини тақозо қилган. Спектаклда, Насафий таърифлаганидек, жиддий, адолатсизликни ёмон кўрадиган, кек сақламайдиган, ниҳоятда иродали, ўта қатъиятли, фавқулодда мард ва ботир Султон Жалолиддин (актёр Лазиз Орзиев) образи гавдаланган.

Чингизхон образини гавдалантиришда унга тарихий шахс сифатида ёндашилган. Саҳнадаги Чингизхон (актёр Аваз Қодиров) хотирамизда муҳрланиб қолган шафқатсиз, қонхўр, қўпол ва ўта тўпори босқинчи эмас, балки ўз даврининг илғор ҳукмдори ва саркардаси сифатида гавдаланади. Томошабин Чингизхоннинг энг яқин саркардасини йўқотганида чеккан изтиробидан ички дунёси ва фақат ўзига хос бўлган кечинмаларини кўради. Ушбу кўринишда Чингизхон инсон сифатида гавдаланади. Бу ўринда режиссёр актёрга тўғри йўналиш бергани яққол кўзга ташланди. Чингизхоннинг атрофидаги барча мулозиму навкарларидан ажралиб туриши унинг мағрур ҳолда, қаддини тик тутиши билан ифодаланган.

Хоразмшоҳлар салтанати ҳалокатга юз тутишида энг катта хатоларга йўл қўйган шахс, шубҳасиз, Туркон Хотун бўлгани учун спектаклда бу персонажга алоҳида урғу берилган. Бироқ актриса С.Раметова ижросида қаҳрамоннинг зодагонларга хос хусусиятлари очилмай қолган. Ваҳоланки, асарда Туркон Хотун таърифига доир матнлар пухта бўлиб, қаҳрамоннинг линияси ҳам аниқ чизгиларда ифодаланган. Тўғри, бир жиҳатдан олиб қараганда, бутун бир салтанатни қўл остида тута билган шахснинг образини яратиш мураккаб вазифа. Аммо юқорида қайд этилган омиллардан келиб чиқиб, актрисада ролни маромига етказиб ижро этиш имконияти мавжуд эди, деб ўйлаймиз. С.Раметова ижросида Туркон Хотунга хос ҳукмфармолик хусусиятларини ифодалаш учун ортиқча бўрттиришлардан фойдаланилгани мақсаддан узоқлашишга сабаб бўлган. Актрисанинг имкониятларини билганимиз ҳолда, бу образ ижродан ижрога қиёмига етиб боради, деган умиддамиз.

Чингизхон ва Туркон Хотуннинг суҳбати саҳнаси давлат таназзулининг сабабларини очиш, Жалолиддиннинг давр қурбони эканлигини ифодалаш, қолаверса, бу икки шахснинг характерини янада кенгроқ ёритиш учун киритилган. Бу саҳнада Туркон Хотун маънан Чингизни мағлуб этади. Шу кўринишда Хоразмнинг барибир буюклигича қолишига размий ишора бор. Диалоглар моҳирлик билан ижро этилгани сабабли ушбу саҳна таъсирли ва ишонарли чиққан.

Асарда Темур Маликка (актёр Фирдавс Зияев) ажратилган ўрин кам бўлса-да, унинг ақл-заковати ва вазминлиги ёрқин ифодасини топган. Чингизхондан Султон Жалолиддинга ўғлининг ҳаёти эвазига юрт озодлигини сўраб чопар йўлланганда Темур Маликнинг характер хусусияти яққол кўзга ташланади. Султон Жалолиддиннинг Султон қандай қарорга келмасин, унинг қарори муҳокама этилмаслиги ва нима бўлганда ҳам унинг ёнида бўлишини билдирганида томошабиннинг бу қаҳрамонга ҳурмати ошади. Фарзанднинг ҳам, Ватаннинг ҳам азиз эканлигини англаган ҳолда, энг сўнгги қарорини билдиришга фақатгина ҳукмдор ҳақли эканини англаши унинг юксак ақл-фаросатини намоён этади. Қаҳрамонлар орасида фақат Темур Малик Султон Жалолиддинга фикрини очиқ билдира олиши тарихий фактларга асосланган ҳолда гавдалантирилган. Иккала актёрдан она ва боланинг муносабатларидек соф муносабатни кўрсатиш талаб этилган. Бунинг сабаби шуки, фақат она фарзандига хатоларини рўй-рост ва очиқ айта олади, унга кўзгу тутади. Темур Малик ҳам Жалолиддинга ҳеч қандай манфаатсиз худди шундай меҳр туяди ва ҳеч нарсадан чўчимай, унга ростини айта билади. Шу орқали режиссёр ўзаро илиқ ва самимий муносабатларни ифодалашни мақсад қилган.

Аслини олганда Хоразмшоҳлар салтанати ҳукмдорларининг ўзаро ички ихтилофлари спектаклда кўрсатилганидан анча мураккаб эди. Уларнинг бир сулола вакили бўла туриб, бир-бирларини йўқ қилишга тайёр туришлари томошада пардага ўралган ҳолда нозик ифодаланган. Спектакль шу жиҳати билан ҳам қимматли. Қирпичоқ бўлган қондошларга спектаклда урғу берилмагани ниҳоятда тўғри ечим бўлган. Туркон Хотуннинг ўз қавми бўлмиш қипчоқларга қайишиб, набираси бўлишига қарамай, Жалолиддинни тан олмаслиги ёки ҳокимиятга эришишдан ўзга нарсани ўйламайдиган Қутбиддин Ўзлоқшоҳнинг ўз акасини ғаним санашида ички парокандалик яққол намоён бўлган.

Жалолиддиннинг яна бир иниси Рукниддиннинг (актёр Дониёр Насриддинов) акасига бўлган меҳр-муҳаббати ҳақиқий қондошлик муносабатлари қандай бўлиши кераклигини ифодалайди. Унинг акасига жон куйдириб “Ўзингизни силкиб олинг” деганида Жалолиддиннинг қалби жунбушга келади ва унинг олға қадам ташлашига туртки беради.

Султон Муҳаммад (актёр Беҳзод Муҳаммадкаримов) онасининг хоҳиш-иродасига қарши боролмайдиган ҳукмдор сифатида гавдаланади. Умри поёнига етишидан аввал хатосини тўғрилаш учун Жалолиддинни Султон дея эълон қилади ва у дунёга ёруғ юз билан боришни умид қилади. Ашура оролида аянчли ҳолда, хорликда вафот этган султоннинг мавҳум кечинмалари маълум маънода ўз ечимини топган. Султон Муҳаммад сўнгги вазифасини адо этгач, саҳнани хотиржам тарк этади. Такеш Султон (актёр Саидкомил Умаров) саҳнада атиги уч маротаба кўринсада, энг муҳим воқеаларга замин ҳозирлайди. Жалолиддин дунёга келиши биланоқ уни тахт вориси деб эълон қилади. Туркон Хотун Жалолиддинни тахт ворислигидан маҳрум этгач эса, Султон Муҳаммаднинг тушига кириб, уни таъқиб этиши ва Жалолиддинга Ватан ёки фарзанд омонлигини танлай олмай иккиланганида хулоса чиқариш учун саҳнада намоён бўлади. Спектаклнинг энг катта ютуғи — ҳар бир персонаж тарихий сиймоларнинг шахсиятига дахл қилмаган ҳолда гавдалантирилганида. Зеро, образлар уларнинг шахсий хусусиятлари, замондошлари томонидан ёзиб қолдирилган фикрларга таянган ҳолда яратилган.

Спектакль сценографияси Ўзбек Миллий академик драма театрининг анъанавий декорацияларидан мутлақо фарқ қилади. Барча саҳна безаклари рамзийлик асосига қурилган. Ҳаракатланувчи саҳнадан фойдаланилмаган. Муҳташам сарой ва шоҳона тахт кўринишидан воз кечилган. Саҳна марказидаги уч зина уч ҳокимиятни англатади. Маълумки, Туркон Хотун Султон билан тенгма-тенг давлатни бошқарган. Бу ҳолат қўш ҳокимиятчиликни ёдга солади. Икки чеккадаги зиналар айнан Туркон Хотун ва Султон Муҳаммад тахтининг рамзи бўлса, марказдаги зина Султон Жалолиддиннинг ҳокимияти рамзи. Бу яна шуни ифодалайдики, Жалолиддин на отаси, на бувиси томонида туриб давлатни бошқармаган. Унинг алоҳида ўз ўрни бор. Жалолиддиннинг мазкур икки ҳукмдордан фарқи, оз муддатга бўлса-да, Хоразм диёрини бирликда тутишга муваффақ бўлганида эди. Муаллақ ҳолда турган, ўртасидан узилган икки қизил арқон қўш ҳокимиятга барҳам берилишини ифодалайди. Зиналар атрофини қуршаб турган тўсинлар шаклан найзани эслатади. Бу эса давлатни душманлардан муҳофаза этувчи девор мазмунида жойлаштирилган. Умуман, саҳнадаги ҳар бир унсур актёрлар ижросига ёрдам берган. Турғун ҳолатдаги саҳна орқали Хоразмшоҳлар саройи, Чингизхон қароргоҳи ва уруш майдони акс эттирилган.

Бизнингча, ушбу спектакль театрга янги анъаналар эпкинини олиб кирди. Жаҳонда театр санъати ривож­ланиб бораётган бир даврда янги услубдаги спектаклларни саҳналаштириш ҳар бир театр учун жуда муҳим. Томошабинлар ва мутахассисларнинг спектаклга берган ижобий баҳолари уларнинг янги йўналишдаги асарларга ташна эканликларини намоён этди.

 

Моҳинур АҲМАДЖОНОВА,

Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси етакчи мутахассиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг