БИР ҲИКОЯ ТАҲЛИЛИ (2020 йил, 10-сон)

343

Насрий ва драматик асарлари билан элга танилган адиб Қўчқор Норқобилнинг   ҳозирги адабий жараёнда ўз ўрни бор. Ёзувчи асарларининг асосий мотиви, албатта, афғон уруши хотиралари билан боғланади. Муаллиф яратган қаҳрамонлар бугунги тинч замонда яшаётган бўлсалар-да, уларнинг ўтмиши ва хотиралари уруш воқеалари билан боғлиқ. Мана шу асосий лейтмотив унинг умумий муштарак мавзусини белгилайди. Чунки, биламизки, ёзувчининг ўзи ҳам уруш иштирокчиси бўлган. Айни шу кечмишлари — уруш даҳшатлари ёзувчи асарларига стимул беради.

Биз шу ўринда ёзувчининг “Бу ерларда шу ўринда ҳаёт бошқача” ҳикоясини таҳлилга тортмоқчимиз. Ҳикоя ҳажман катта эмас, аммо унда ўқувчини ўзига тортадиган, ўйлатадиган муҳим нимадир бор. Ҳикояда иккита муҳим бадиий хусусият кўзга ташланади: биринчиси, асар қаҳрамонлари Гулдирак момо ва чол характерида Сурхон миллий колорити яхши очиб берилгани; иккинчиси, ёзувчи глобаллашув даврининг маънавий-ахлоқий муаммоси — меҳрсизлик, ота-она ва фарзанд ўртасидаги меҳр-оқибатнинг дарз кетганини бадиий маҳорат билан кўрсатган. Ҳикоя бош қаҳрамони Гулдирак момо образи бугунги глобаллашув, виртуал олам авлодларига зид тарзда тасвирланган. Момо асли сурхондарёлик машҳур бахшининг қизи. Муаллифнинг айнан бахшининг қизини бош қаҳрамон сифатида тасвирлашида ҳам бадиий маъно бор. Зеро, Гулдирак момо характерида ўзбек халқига хос бағрикенглик, сўзамоллик, миллий урф-одатлар ва қадриятларни эъзозлайдиган чин маънодаги ўзбек онахонининг образи умумлаштирилган.

Ҳикоянинг экспозиция қисмидаёқ Гулдирак момонинг қишлоқда тутган мавқеига ва унинг инсоний характерига муаллиф баёни орқали таъриф берилади: “Кампирнинг игнасидан ип ўтмаганига анча бўлди. Кўз қурғур хиралашган. Ёш ҳам саксонга сабоқ бериб турибди. Лекин ўзи анча тетик. Овозини айтмайсиз, гулдирайди — гапни замбаракнинг ўқига боғлаб отади, тушган жойини ўпириб кетади. Қишлоқда катта-кичик уни Гулдурак момо дейди. Ўзиям ўрганиб кетган…”.

Ҳикояда Гулдирак момо ва унинг чоли қайсидир маънода миллий анъ­анавий оилавий муносабатлар учун ҳам идеал образлар сифатида яратилган, дейиш мумкин. Зотан, Гулдирак момо гапга чечан, товуши ҳам йўғон, гапини бировга бериб қўядиган кампир эмас. Эллик йилдан бери чолини, оиласини, қишлоқнинг тўй-маъракасини бошқаради. У бахшининг қизи эканлигига, асосан, чолнинг ички монологларида бадиий ишоралар қилинади. Масалан: “Уккағар бахшининг қизи-ей… Ажинаси отланиб қолса, дунёни чирпирак қилади-я. Гулдирамай ўлгурнинг гаплари чин, ўзимам бола-чақамга ҳам ёпишавермайман. Шундайчакин бўлсам нима қилай? Уккағарнинг қизи сизни элга қўшаман деб бўларича бўлдим, кесакдан ўт чиқди, тошга тил битди, сиз эса диму дирс бўлиб ўтдингиз, сиз билан ўтган эссиз умрим-а, сизга одам иси ёқмайди, деб ёзғираверади. Бу гаплариям чин. Лекин одам иси ёқмаган билан сенинг исинг ёқади, Тошбуви”.

Чол-кампирнинг катта ўғли шаҳарда яшайди. У беш йилдан бери ота-онасидан, қариндош-уруғларидан хабар олмайди. Фақат ҳол-аҳвол телефон орқали сўралади. Гулдирак момо чолини олдига солиб, шаҳри азимга йўл олади. Ўғлидан, невараларидан хабар олишни истайди. Чол-кампирнинг тушига ҳам кириб-чиқмаган ҳолатлар, кайфиятлар катта ўғилнинг ҳовлисида юз беради. Айнан мана шу нуқтадан ёзувчи глобаллашув даврида тобора камёб бўлиб бораётган инсоний меҳр-оқибат масаласига китобхон эъти­борини тортади.

Чол-кампирни “…кўз қовоғи шишинқираб, оқ оралаган сочи тўзғин. Майкачан, тиззаиштон кийиб олган ўғли Турдиқул” кутиб олади. Энди келин чиқади, у ҳам Турдиқул қиёфасида: “Иморатнинг ойна эшиги очилиб келин чиқди. Садағанг кетай, буям шу аҳволда – тиззаиштонда. Майкаси ҳар ҳолда эриникидан бир нави”. Умуман, бу манзаралар чол-кампирнинг кўзини ер чизишга мажбур қилади. Энг қизиғи, отани ўғлининг қўй-қўзи боқиш ўрнига эшакдек ит боқаётгани ҳайратга солади. Ит билан боғлиқ вазият ҳикояда яхши бадиий тадриж этилган. Итга алоҳида итбоқар, итбоқарнинг меҳмонлар кетгач, ичиб, кайфи ошиб, шишани қўлтиқлаб ухлаб қолиши, итнинг таҳорат олиш учун ҳаммом сари илдамлаган чолнинг орқасидан гувиллаб учиб келишию, Гулдирак момонинг гўё сеҳргардек, “тўхта!” деб гулдираган товуш билан итга ўз таъсирини ўтказиб, чолини омон сақлаб қолиши саҳнаси билан ҳикоя якунланади. “Бўздевор ортида ўғли, келини ва машҳур актёр ва унинг рафиқаси эрталабгача кулишиб, қийқиришиб, базму жамшид қилишади”. Кампир чолига: “Бу ерларда ҳаёт бош­қача экан, боваси” деса, “Бошқача. Ҳамма нарса бош­қа ”, деб жавоб беради чол.

Бизнингча, Гулдирак момо ва Чол образларига хос миллий фазилат-сифатлар ҳикоя залворини оширган. Ёзувчи бу характерларни тасвирлашда икки жиҳатни эътиборда тутган. Яъни улар ўзларида: биринчидан, алоҳида шахсга хос индивидуал фазилатларни, иккинчидан, муайян даврда яшаган, шу муҳитда ўз эътиқод-маслаги шаклланган миллат вакилларининг энг муҳим ва умумий хусусиятларини мужассамлаштирган. Бинобарин, характерлар моҳиятида объектив ва субъектив ибтидо ўзаро бирлашади ва шу тариқа жонли инсон ҳаёти ижтимоий-психологик жиҳатдан ишончли далилланади, бадиий реаллашади. Айни пайтда, ёзувчининг кўнгил оламидан ўтказилиб, ғоявий-ҳиссий баҳосини ҳам олади.

Хулоса қилиб айтганда, Қўчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бош­қача” ҳикоясида икки образ тимсолида миллий характер ёрқин тасвирланган. Қолаверса, бу икки образ тасвири орқали, хусусан, Гулдирак момо образи воситасида ёзувчи глобаллашув давридаги энг катта муаммо — меҳрсизлик, оқибатсизликка жавобан инсонийлик, меҳр-шафқат туйғуларини кўпроқ ва кенгроқ ёйиш масаласига жиддий урғу беради.

 

Барчин ШУКУРОВА,

ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори

институти таянч докторанти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг