ҲАР КИМСАНИНГ ЎЗИ БИР ДУНЁ (2020 йил, 9-сон)

352

Булутлар

Ҳорғин-ҳорғин кезар булутлар,

Йиғлай деса етмас мажоли.

Изғишади кўкда бесамар

Қувғин бўлган кимса мисоли.

Парво қилмас уларга ҳеч зот,

Бош урса ҳам тоғлар тошига.

Булутларнинг бу кунин, ҳаёт,

Ҳеч кимсанинг солма бошига.

 Манзара

Кун ботиб бормоқда тоғлардан пастга,

Сукутга чўмгандек жумлаи жаҳон.

Қирмизи шафақ ҳам сўниб оҳиста,

Қорая бошлайди зангори осмон.

Дарахтлар мизғийди пинакка кетиб,

Ястаниб қораяр яқин-йироқлар.

Қора тун юракка улгурмас иниб,

Борлиқни чулғайди сутранг чироқлар.

 Она

Кўз очиб дунёни илк бор кўрганда,

Забонсиз, гап-сўздан эдик бегона.

Қадам босиб энди тилга кирганда

Биринчи сўзимиз бўлганди: “ОНА”.

Йиллар ўтди, мана улғайди пича,

Боғларга урамиз ўзни мастона.

Илҳом билан ўтган уйқусиз кеча

Битилган шеърнинг ҳам номидир: “ОНА”.

Ҳаётнинг чархида шодмон ё нигун,

Кўзни юмажакмиз тўлса паймона.

Ёстиққа етганда бошимиз бир кун

Сўнгги сўзимиз ҳам бўлади: “ОНА”.

Қашқадарё

Қашқадарё, ҳур диёрим,

                мадҳ этай дилдан сени,

Олис кетсам сўрагумдир

               эсган ул елдан сени.

Боғларингда шоду хуррам

               яйрагайман фахр этиб,

Куйлагайман дил ёниб мен

               келганча қўлдан сени.

Ишсевардир халқинг мудом

               саҳрода боғ яшнатиб,

Заррача кам тутмагумдир

               бошқа бир элдан сени.

Обрўю шаънинг учун бўлсин

               менинг жоним фидо,

Асрагумдир кўксим тутиб

               тўфону селдан сени.

Олам аро элу юрт бўй

               таратса эрта-кеч,

Мен тўйиб ҳидлагайман

               гул аро гулдан сени.

Тупроғингни тўтиёдек доим

               кўзига суртадир,

То тирикдир – қўймагайдир

               Исмоил тилдан сени.

 Қамашгай кўзим

Кимки бахтли бўлса ҳаётда агар,

Кунлари ўтармиш равон, беҳадик.

Дилини эзмасмиш ҳижрон ва кадар,

Лов ёнган офтобга қарар эмиш тик.

Яшайман интилиб бир лаҳза тинмай,

Кўп ҳам ривоятга ишонмам ўзим.

Сени-ку билмадим, қанча уринмай,

Қуёшга қарасам, қамашгай кўзим.

Бурч

Баъзан ҳар хил хаёлга бордик,

Сиғмай қолди танимизга куч.

Ўзимизни қийнаб юбордик,

Ушлаб қолди масъулият, бурч.

Термулишиб, ҳатто қолдик лол,

Гоҳ келганда гўзалларга дуч.

Очармидик юрак, эҳтимол,

Бўлмаганда масъулият, бурч.

Кимдир ногоҳ кўнгил қолдирди,

Бир дам ундан олмоқ бўлдик ўч.

Кўнглимизга раҳм солдирди,

Елкадаги масъулият, бурч.

Майли, дўстим, қанот қоқ кўкка,

Жўшиб-жўшиб самоларни қуч.

Чорлаб турсин ўй, ҳушёрликка,

Сени доим масъулият, бурч.

* * *

“Сизга фақат термулмоқ керак”.
Абдулла ОРИПОВ

Нур таратар нақшин олма юз,

Забт айлагай икки шаҳло кўз,

Табиатнинг мўъжизаси сиз,

Қиндан чиқар кўрганда юрак,

Сизга фақат термулмоқ керак.

Ял-ял ёнар лола ёноқлар,

Гул баргидек нафис бармоқлар,

Учмоққа шай қошлар, қабоқлар,

Ўз комига тортади тилак,

Сизга фақат термулмоқ керак.

Майли, Сиз деб аламлар ютсам,

Йўлларга зор термулиб кутсам,

Ҳуснингизни куйлаблар ўтсам,

Мазмунларга тўлар келажак,

Сизга фақат термулмоқ керак.

Чизиб бер менга

Сураткашим, етар энди, бас,

Дил ёқмасин енгил ўй, ҳавас,

Юрагимга пинҳон ушалмас,

Армон расмин чизиб бер менга.

Муҳаббатим олинмади тан,

Бағрим бўлди соғинчга ватан,

Бир умрга вужудим ёққан,

Ҳижрон расмин чизиб бер менга.

Бу дунёда тап тортмай ёлғон

Гапирганга кулиб боқди шон,

Тинчлик бермай қилган ғалаён,

Виждон расмин чизиб бер менга.

Ҳақиқат деб кўп тортдим жафо,

Йўлдош бўлди садоқат, вафо,

Қушлар учган тоза, мусаффо,

Осмон расмин чизиб бер менга.

Довонлар кўп олдинда ҳали,

Чўғ топилмас юрак ёққали,

Юксакларга қанот қоққали,

Имкон расмин чизиб бер менга.

Кимки топмас элим деб ором,

Яхшилик деб қўяй унга ном,

Ғайратлари сўнмаган мудом

Инсон расмин чизиб бер менга.

* * *

 Насим, сабо – ҳар диёрга хос,

Ўхшамайди бир-бирига, рост.

Қанча ёниб қилманг илтимос,

Қўшилмади еллар – елларга.

Фаслларнинг ўз гашти бордир,

Кўп нарсалар ҳали мавҳум, сир.

Санасак-да, кунларни бир-бир,

Қўшилмади йиллар – йилларга.

Ҳар кимсанинг ўзи бир дунё,

Ишқ, нафрати дилларида жо,

Орзу-ҳавас яшар экан то

Қўшилмади феъллар – феълларга.

Уйимизга ёқдилар чироқ,

Кириб-чиқиб юрамиз ҳар чоқ.

Яшасак-да биз бирга, бироқ

Қўшилмади диллар – дилларга.

Исмоил ТЎХТАМИШЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг