САЙҲУНДА БИР ЭЛ КЎРДИМ (2020 йил, 9-сон)

93

Гулистон шаҳридаги муҳташам ва замонавий таълим маскани – Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг “Танланган асарлар”и ҳамда “Сайҳун саболари”, “Сирдарё мавжлари”, “Сирдарёда улуғвор ўзгаришлар” номли китобларнинг тақдимотига бағишланган адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, таниқли ижодкорлар, сирдарёлик зиёлилар, талаба-ёшлар қатнашди.

Анжуманни вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Носиров Сирдарёда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ёшларга қаратилаётган эътибор, маънавий-маърифий соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақидаги нутқи билан очди.

– Бугун ёшлар сиёсати мамлакатимизда энг муҳим масалалардан бирига айланди. Буни Президентимизнинг ўтган йили 27 декабрь куни Муҳаммад Хоразмий номидаги мактабда тенгдошларингиз билан учрашиб, уларнинг ўй-ташвишлари, фикр-мулоҳазалари билан қизиққанидан ҳам кўришимиз мумкин, – деди Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев. – Ушбу гўзал таълим масканини қаранг – замонавий технологиялар билан жиҳозланган кенг ва ёруғ синфхоналар, бой кутубхона, шинам спорт зал, қулай ётоқхона… Буларнинг барчасини яқин йилларда халқимизнинг қанотига кирадиган маърифатли ва илғор фикрловчи таянч кучимизни тарбиялаш учун ажратилган катта сармоя деб билингиз. Ўйлайманки, ушбу даргоҳдан, албатта, юртпарвар авлод етишиб чиқади.

Бундан роса бир йил аввал – 2019 йил 19 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида бўлиб, ташриф давомида Ховос ва Мирзаобод тумани, Янгиер ва Гулистон шаҳарларидаги янги корхоналар ҳамда саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаларида амалга оширилган ва истиқболдаги режалар билан танишганди. Ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирганди. Қолаверса, вилоятдаги ижодкор зиёлиларнинг таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишини ва ҳудудда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш, халқимизга хизмат қилаётган фидойи, ишбилармон   тадбиркорлар фаолиятини кенг тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатишини таъкидлаганди.

– “Сирдарёда улуғвор ўзгаришлар” номли публицистик тўпламда сўнгги йилларда Сирдарёда амалда ўзининг ифодасини топган кўплаб эзгу ишлар ёритилган, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид. – Бу вилоятда қанча бунёдкорлик, ободлик ва қандай корхоналар ишга тушганини, заҳматкаш инсонлар меҳнат қилаётганини билишни истасангиз, албатта, ушбу мўъжаз китоб билан танишинг.

“Сайҳун саболари” шеърий, “Сирдарё мавжлари” насрий тўпламларига Сирдарёда яшаб ижод қилаётган бир қатор журналистлар, ёзувчи-шоирларнинг асарлари жамланган. Қолаверса, таниқли, эл-юртнинг ҳурмат-эътиборини қозонган шоирлар – Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердеванинг ҳам сирдарёлик­ларга, миришкор деҳқон ва зироатчиларга бағишланган шеърлари китобларнинг адабий-бадиий қимматини янада оширган.

– Бугун биз учун қўшалоқ байрам. Аввало, муҳтарам Президентимиз ёшлар масаласида илгари сурган беш ташаббуснинг мазмун-моҳиятини илк бор биз – сирдарёликларга айтган, тушунтириб бергандилар. Бу ташаббус ке­йин бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзди, амалга оширилди, – деди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳаётхон Ортиқбоева. – Ўша учрашувда ташаббуснинг тўртинчи қисми ҳақида – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича гапира туриб, вилоятдаги ижодкорларнинг ҳам асарларини ўқувчиларга етказишда амалий ишлар қилишни тайинлагандилар. Мана бугун ҳам насрий, ҳам назмий тўпламимиз чоп этилди. Қолаверса, ўзбек халқининг халқчил шоирларидан бири, Сирдарёнинг фахри Тўра Сулаймоннинг “Танланган асарлар”и ҳам юксак полиграфик усулда чоп этилиб, ўқувчиларга етказилганидан бошимиз осмонда.

Анжуманга пойтахтимиздан борган ижодкорлар Аҳрор Аҳмедов, Абдурасул Жумақулов, Азизбек Анвар тақдимоти ўтаётган қитоблар, китобларнинг алоҳида жиҳатлари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Тақдимот ўқувчиларнинг устоз шоирлар ижодидан ўқиган мушоирасига уланиб кетди.

Шу куни Гулистон давлат университетида ҳам китоблар тақдимотига бағишланган адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда профессор-ўқитувчилар, талабалар, Ўзбекис­тон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг фарзандлари ва ижоди ихлосмандлари қатнашди.

Анжуманни университет ректори Муҳсин Хўжаев Тўра Сулаймон адабий мероси ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан очар экан, шоир кўп йиллар университет билан яқин ҳамкорликда ишлагани, ёшларга адабий таълим – маҳорат дарслари ўтгани ҳақида айтиб берди. Ўша пайтда илмий жамоатчилик билан кенгашиб, Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймонга Гулистон давлат университетининг фахрий профессори унвони берилганлигини ҳам эҳтиром билан хотирлади.

– Тўра Сулаймон ўзбек адабиётида ўзига хос йўл, халқ тилига яқин оҳангларда ижод қилди, – деди “Шарқ” нашриёти бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов. – Тўра аканинг кўп суҳбатини олганман, сафарларда бирга бўлганман.

Ғайрат Мажид ва Муҳиддин Абдусамаднинг Тўра Сулаймон ижоди ҳақидаги кузатишлари ва ўз ижодларидан ўқиган шеърлари талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди. Университетда фаолият кўрсатаётган “Тўра Сулаймон издошлари” адабий тўгараги аъзоларининг шоирга кўрсатаётган эҳтироми ва ижодий машқлари кечага янада файз бағишлади.

Шу куни вилоятда яшаб ижод қилаётган ижодкорлар Алимқул Хонимқулов, Абдуғани Абдураҳмонов, Аҳрор Бойзоқов Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.

 Нурилла ЧОРИЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг