ТАСВИРЛАРДА ЮРТ НАФАСИ (2020 йил, 9-сон)

83

Пойтахтимиз марказидаги кўп қаватли уйлардан бирининг энг юқори қаватида тонг нурлари илк кириб келадиган бир гўша бор. Бу манзил ижод тақдирига айланган, камтарин мусаввир Эркин Араловнинг устахонаси. Устахонага кирар эканмиз, лойсувоқ девор, Сурхон воҳаси анъаналари асосида тўқилган сўзаналар, манзара, натюрморт жанрида ишланган асарлар эътиборимизни тортди. Кириб борган заҳоти димоғимизга мойбўёқ ҳиди урилди. Рассом янги асари устида ишлаётган экан. Пурвиқор тоғларга туташган булутларни кўриб, бу манзара жанридаги асар эканига гувоҳ бўлдик. Ижод завқи, рассомнинг замонавий бадиий жараёнлар ҳақидаги фикрлари ана шундай ижодий муҳитда кечди.

Эркин ака бир қарашда босиқ инсон бўлиб кўринса-да, асарларидаги кучли ижодий тафаккур, ички туғён у ҳақида ҳақиқий тасаввурни беради. Рассом ижодидаги бу хусусиятларнинг шаклланишида устозлари – Ўзбекистон халқ рассомлари Б.Бобоев, А.Икромжонов, С.Рахметов, М.Нуриддиновнинг ўрни катта.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўқиб юрган йилларида ташкил этилган шахсий кўргазмалари рассомнинг келажакка илк ижодий қадамлари бўлди. Бугунги кунда рангтасвир санъатининг портрет, натюрморт, манзара жанрларида баракали ижод қилиб келмоқда. Э.Араловнинг “Кеча ва бугун” кўргазмаси (2006), “Юрт соғинчлари” (2009), “Сурхон нафаси” (2010), “Ижодимнинг илҳоми ўзингсан, Ватан” (2013) деб номланган шахсий кўргазмалари унинг ижодий йўналишини белгилаб берди. Зеро, илк ижодий изланишларида ўз аксини топган ватан соғинчи, унинг ҳар бир гўшасидан фахрланиш ҳисси бугун ҳам ижодининг муҳим йўналишини белгилайди. Рассом устахонасига қадам қўяр экансиз, лойсувоқ деворлар, воҳага хос этномаданий унсурлар беихтиёр диққатни тортади. Устахонадан сурхон нафаси уфуриб туради. “Лолақизғалдоқлар”, “Куз”, “Жазирама” ва Сангардак, умуман, табиат тасвирига бағишланган туркум асарлари турли фасллардаги воҳанинг ўзига хос жозибасини акс эттирса, “Бахмал тоғи”, “Оқтош”, “Хумсон. Тонг” каби асарларида юртимизнинг гўзал гўшалари тас­вирланган.

Рассом манзараларида табиатни кўчирмайди, балки инсон эътиборини тортадиган ҳолатларни акс эттириб, табиатни инсон билан боғлашга ҳаракат қилади. Бу хусусият, айниқса, болалик, туғилиб ўсган гўшаси манзараларида таъсирли ифодаланган. Унинг “Оқибат оқшоми”, “Шом”, “Хаёл”, “Оқшом”, “Субҳидам”, “Болалигим” каби туркум асарларида қишлоқ ҳаётининг сокин лаҳзалари инсон феъл-атвори билан уйғун талқин этилган. “Хаёл” асарида тун оғушида ярим ойга маҳлиё бўлиб, ширин орзуларга чўмган йигит тимсоли узоқ қишлоқдаги тенгдошнинг пок, юксак умидлари ҳақида ўйлашга ундаса, “Субҳидам” асаридаги чайлада тонг шафақларини кутиб олаётган нав­қирон йигит ва сокин лаҳзаларда тиниқиб ухлаётган аёл сиймоси ёш оиланинг турмуш қийинчиликларини енгиб ўтишга тайёр руҳиятини англатади.

Э.Араловнинг тарихий-маданий мерос объектлари акс этган асарлари аниқ чизгиларда ифода этилгани, ­табиат билан ҳамоҳанг тасвирлангани билан ажралиб туради. ­“Ҳаким Термизий мақбараси”, “Ота дарвоза”, “Жарқўрғон минораси”, ­“Паҳлавон Маҳмуд мақбараси”, ­“Регистон”, “Ичан қалъа” каби асарлари юртимизнинг меъморий обидаларини тараннум этади. Ушбу асарларда нафақат обидаларнинг тарихий аҳамияти, шу билан бирга, бугунги қиё­фаси реалистик услубда талқин этилган.

Халққа хос характер хусусиятлари акс этган асарлари ҳам мусаввир ижодида оз эмас. Жумладан, “Ҳалинчак” картинасида ўзбек қизининг одоби, оғир-босиқлиги акс этган. Асарни кузатар экансиз, кўз ўнгингизда сурхон воҳасининг қуроқли кашталари жонлангандек бўлади. “Тонг” ва “Ёруғлик” асарлари “Ҳалинчак”нинг мантиқий давоми, унда бахтиёр орзулар рўёби, келинликнинг оппоқ тонглари, худди шу тонглардек янги бошланган ширин ҳаёт ташвишлари акс этган.

Рассом портретларида тарихий-маданий мерос талқинлари, халқ миллий қадриятлари ўз ифодасини топган. “Бутунлик”, “Ғиёс бобо портрети”, “Давлат бобо портрети”, “Бир асрни яшаб қўйганлар” асарларида халқимизга хос характер, бағрикенглик, донишмандлик талқин этилган. Уларда шоирона лирик кайфият билан бирга драматик воқеликка ҳам гувоҳ бўласиз. Балки шу жиҳатлар унинг сценография соҳасида ҳам ўзига хос изланишлар олиб боришига ва муваффақият қозонишига ёрдам бергандир.

Эркин Аралов ҳозирги кунда Ўзбекистон давлат Сатира театрида бош рассом сифатида фаолият олиб бормоқда. Рассомнинг театрдаги баракали ижодий фаолияти “Эҳтиром — 2019” танловида “Йил сценографи” номинациясига лойиқ топилди. Бу ҳақда рассом шундай дейди: “Дастгоҳли рангтасвир йўналишида ижод қилсам-да, театр санъатидан узоқ эмасдим. Талабалик давримда Ўзбек миллий академик драма театри, респуб­лика Ёш томошабинлар театрида саҳналаштириш ишларида иштирок этганман. Балки шу муҳит таъсирими, бугунги камтарона меҳнатларим эътирофга сазовор бўлди”. Дарҳақиқат, рассомнинг Сатира театрида саҳна учун ишлаган асарлари салмоғи билан диққатни тортади. Жумладан, “Жамоат фикри”, “Уйланиш”, “Этик кийган мушук” спектаклларига ишлаган декорациялари мазмундорлиги ва ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан саҳналаштирилган “Жулқунбой” спектакли декорацияси тасвирий ечимнинг ўзига хослиги билан диққатга сазовор. Спектаклда адибнинг турли асарлари намуналаридан воқеалар сюжети шакллантирилган. Рассом асар декорацияси учун оддий, шу билан бирга қизиқарли ечим топади. Саҳна фонида йирик китобнинг саҳифалари ҳар бир воқеага мос ҳолда ўзгариб боради. Томошабин саҳнада китобда тас­вирланган воқеаларнинг жонланишига гувоҳ бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, Эркин Аралов ижоди серқирралиги, мавзуси, жанр кўламининг кенглиги билан ажралиб туради. Рассом театр ва тасвирий санъат мухлисларини турли мавзудаги асарлари билан узоқ йиллар хушнуд қилишига умид билдириб қоламиз.

Маҳлиёхон УМУРЗОҚОВА,

Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг