Омонулла домла суҳбатлари (2019 йил, 32 сон)

479

Орамиздан яқиндагина кетган чин инсон, оқил ва одил мураббий, фольклоршунос олим Омонулла Мадаев кейинги китобларидан бирига “Навоий суҳбатлари” деб ном берган. Меҳр билан ёзилган китоб мутолааси жараёнида яна Омонулланинг суҳбатида бўлгандек, унинг ақлли сўзларини тинглаб, кулгусини эшитгандек баҳра олдим, лаззатландим. Китобнинг ҳар саҳифасида самимиятни ва олим фикрининг теранлигини сезиб турдим. Устозларнинг ҳазрат Навоийга бағишланган тадқиқотлари қаторидан ўрин олган мазкур китоб ёзилиш услуби, яхлит композицияси билан муштарий эътиборини тортиб туради. Муаллиф, аввало, олим, сўнгра муаллим сифатида қалам тебратган.

Рисола равон тилда таъсирчан лирик чекинишлар билан ёзилганидан завқланиб, Омонулланинг сермаҳсул педагогик тажрибасини эсладим. У ўрта мактабда, академик лицейда, олий ўқув юртида ёшлар билан яқин мулоқотда бўлиб, халқ маорифи аълочиси сифатида ҳам обрў қозонган. Суҳбат қуриш маданиятини алломалардан ўрганиб, Навоий – Беҳзод муносабатлари, улуғ шоирнинг мураббийлик фаолияти ҳақида жўшиб сўзлаган.

О.Мадаев илм машаққати ва завқини ҳам билгани, кўргани сабабли ёзганлари сиғимли, асосли. Бунда тадқиқотларда орттирган тажрибаси қўл келган. Масалан, у бахшилик санъатини фақат филология фани, сўз санъати нуқтаи назаридан ўрганиш билан чекланмайди. Олим бадиий ижоднинг айрим намуналарига мурожаат этганида турли методологик ёндашувларни назарда тутган. Зеро, ярим асрлик фаолияти давомида орттирган назарий билими бу соҳадаги тажрибалари амалиёт учун хизмат қилиши рисолада яққол намоён бўлган.

Омонулланинг меҳрли қаламидан чиққан портретлари унинг ҳамкасбларига, устозларига бўлган садоқати, чексиз ҳурматни кўрсатиб туради. Таърифи келтирилган барча илм, маърифат аҳли орасида, айниқса,  Ғулом Каримовни чин ўзбек зиёлиси сифатида, Субутой Долимовнинг ҳазил-мутойибаси ҳам таълим-тарбияга қаратилганини, Озод Шарафиддиновнинг заковати билан бирга камтаринлигини тасвирлашдаги маҳоратини мамнуният билан қайд этамиз.

Омонулланинг айтган ва ёзган сўзларида ҳам тадқиқот объектига, сиймоларга бўлган меҳри, илтифоти, қизиқиши ҳамиша кўзга ташланиб турарди. Буни у баландпарвоз гаплар билан эмас, балки таҳлил жараёнида, воқеалар тавсифида, алломаларнинг бир-бирига бўлган муносабатини таърифлаш асносида кўрсатарди. Шу тариқа Навоийнинг даҳоси, Жомийнинг муруввати, Беҳзоднинг ноёб истеъдоди, Хондамирнинг кенг қамровли билими самимий ёзилган сатрларда, завқ-шавқ билан айтилган сўзларида сезилиб туради.

Омонулла истиқомат қилган мўътабар хонадон ҳамфикр дўстлар, миннатдор шогирдлар дийдорлашадиган файзли макон ҳисобланарди. Шу боис Озод Шарафиддинов ҳам Омонулланинг волидаи меҳрибонини “онам” деб атарди. Ўрик сайлига отланган дўстлар шу ердан водий томон йўл оларди. Кулги, аския, ҳазил-мутойибага бой бўлган бу дамларда Озод ака билан Лазиз акани яраштириб қўйганингизни яна бир айтиб беринг, деб илтимос қилардик… Ҳикоянинг “авж палласида” икки тенгдош дўст, икки профессор қулоч ёзиб кўришгани тафсилотлари билан айтилганида йиғилганлар ўрнидан туриб қарсак чалиб юборарди. Муросаю мадорага йўл очган Омонулла шаънига илиқ сўзлар айтиларди.

Бу бағрикенг, нозик табиатли шахс билан олтмиш йил давомида мулоқотда бўлиб, бирор киши ҳақида салбий фикр айтганини эшитмаганман. У гўзаллик оламида яшади. Эзгу ниятларини, теран мушоҳадаларини фақат китоблари саҳифаларида, телевидение дастурларида, коллеж, олий таълим муассасаларидагина эмас, уйида, маҳалланинг кўркам чойхонасида, суҳбат дамларида айтиб келди. Бу жараён фақат ёзма шаклдагина эмас, электрон техника кўмагида томошабинга, аввало, маърифат ўчоқлари ҳисобланмиш ўқув-таълим муассасалари жамоаси, талабаларига етказилиши зарур деб, бўлажак бадиий-публицистик фильмни биз Омонулла қадам ранжида этган жойларда суратга олиш ҳақида ўйладик. Олтин водийнинг бепоён  ўрикзорида суратга олинса, Омонулланинг руҳи шод бўлишини кўзлаб ташаббус кўрсатмоқчи бўлдик. Бу гўзал маконни Омонулла шундай таърифлаган эди: “Тошкентда 10 та, қолаверса 30 та гуллаган ўрикни кўрасиз. Мен эса 2-3 минг гектардаги ўрик гулидан баҳра оламан. Уни “ўрик гули денгизи” дейиш мумкин. Тепаликка чиқиб атрофга назар ташласангиз, атрофда ўрик гулидан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Бунинг гаштини билиш керак-да…”

Ҳаётни, унинг гўзал манзараларини бизга илиниб юқоридаги сатрларни ёзиб кетди. Омонулла ўзи ҳам, қалби ҳам гўзал инсон эди.

Ҳамидулла АКБАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг