Шу йил 30 — 31 июль кунлари Фарғона шаҳрида “Театр ва драматургия: ютуқ ва муаммолар” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди. Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан театр раҳбарлари, адабий бўлим мудирлари, режиссёрлар, актёрлар ва ижодкорлар қатнашди.
Семинарни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Театрларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, санъатшунослик фанлари номзоди Муқаддас Аҳмаджонова очиб, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, хусусан, Театрларни ривожлантириш бошқармаси ҳамда театрлар томонидан ўтган икки мавсум мобайнида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида ОАВ ходимлари ва иштирокчилар учун кичик брифинг шаклида маълумот бериб ўтди.
— Жумладан, — деди ўз сўзида М.Аҳмаджонова, — 2018 — 2019 йиллардаги театр мавсумининг ўзида иккита халқаро, учта республика театр санъати фестиваллари, битта халқаро илмий-амалий конференция ҳамда учта республика илмий-амалий семинари, иккита саҳна асарлари танлови ўтказилди. Шу йили Театрларни ривожлантириш бошқармаси қошида жорий репертуардаги спектакллар профессионал камералар ёрдамида ёзиб олиниб, видеотека яратилди. Мавжуд 37 та театрнинг китоб-альбоми яратилиб, 500 нусхада чоп этилмоқда. Барча театрларнинг сайтлари янгиланиб, уч тилда юритилмоқда, музейлари очилди ва ҳозирда энг замонавий музейларни яратиш учун хориждан мутахассис таклиф этилди.
Республикада мавжуд 37 та профессионал театрда йилига жами 150-160 га яқин янги спектакль саҳналаштирилади. Бугунги кунда театрлар репертуарида 811 номда спектакль мавжуд. Турли ёшдаги, турли дид ва қизиқишларга эга томошабинларга трагедия, драма, комедия жанрларида жаҳон ва ўзбек классикаси намуналари, тарихий ва замонавий мавзулардаги спектакллар намойиш этилади.
Шу кунгача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги аксарият театрларнинг моддий-техник базаси яхшиланиб, 17 та театр биноси реконструкция қилинди ва 2022 йилгача барчаси капитал таъмирланиб, реконструкция ишлари тугатилиши режалаштирилган. Навоий, Тошкент ва Наманган вилоятларида янги қўғирчоқ театрлари ташкил этилади. Айни кунларда Марғилон шаҳрида “Мақом театри”ни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Албатта, ютуқлар ўзимизники. Зеро, амалга оширилаётган ишларнинг барчаси театр санъатининг ривожига хизмат қилади. Бугун бизнинг асосий вазифаларимиздан бири камчиликларга барҳам бериш йўлларини излашдир. Айнан бугун энг оғриқли нуқталаримиздан бири – драматургия. Шу сабабли мазкур семинарни театр ва драматургия масалаларига бағишладик.Ушбу тадбир келажакда драматургия соҳасининг юксалишига, албатта, ҳисса бўлиб қўшилишига ишонгимиз келади.
***
Тадбирда Наманган вилояти мусиқали драма театри директори О.Усмонованинг “Театр ва драматург ҳамкорлиги”, Андижон вилояти мусиқали драма театри адабий бўлим мудири З.Нажмийнинг “Андижон вилояти театрларида драматургия муаммолари”, Фарғона вилояти мусиқали драма театри адабий бўлим мудири С.Одиловнинг “Фарғона вилояти театрларида драматургия масалалари”, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори М.Ашурованинг “Қўғирчоқ театр драматургияси ва томошабин”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Жўра Маҳмудовнинг “Драматург ва режиссёр ҳамкорлиги”, Маданият вазирлиги Репертуар-таҳририят шўъбаси мудири Ҳайитмат Абдурасуловнинг “Республика театрларида репертуар масалалари” мавзуларидаги маърузалари тингланди. Шу билан бирга мавзу юзасидан иштирокчилар ўртасида баҳс-мунозара бўлди, фикрлар алмашилди.
Чиқишларда “Асар йўқ, драматург йўқ” деган баҳоналар билан иш битмаслиги, халқимизнинг бой маданий-маънавий мероси мавжудлиги, достон ва ривоятлар асосида болалар ва ўсмирлар учун асарлар инсценировка қилиниши мумкинлиги, улкан адабий меросимиз бўлмиш бебаҳо асарларни бугунги кун талабига мослаштириш ўз самарасини бериши, бу ишларга, аввало, режиссёрлар масъул экани, ҳаётни пьеса ва спектаклга айлантириш учун ўша мавзу атрофидаги соҳаларни ўрганиш, одамлар билан мулоқотга киришиш, болалар учун асар ёзишни мақсад қилган драматург, керак бўлса, болалардек фикрлаши, боғча, мактабларга бориб болалар характерини ўрганиши лозимлиги тўғрисидаги фикрлар ўртага ташланди.
Юзага келган муаммоларнинг ечимини топиш учун барча санъат муассасалари, жумладан, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, давлат театрлари, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси бирлашиши, етук драматургларни жалб этган ҳолда ёш драматурглар лабораториясини ташкил этиш ишлари амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди. Ёш драматурглар билан ишлаш жараёнида уларни театр муҳитига кўниктириш, институтда олган билимларига қўшимча тарзда “устоз-шогирд” анъаналарини шакллантирган ҳолда йўл-йўриқ кўрсатиш масалалари ҳам ўртага ташланди.
Семинарда маърузачилардан ташқари Театр арбоблари уюшмаси раиси Ёқуб Аҳмедов, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри директори Пўлат Айтмуратов, Ўзбекистон халқ артисти Ёрқиной Ҳотамова, санъатшунос журналист Гулчеҳра Умарова, Муқимий номидаги мусиқий театр адабий бўлим бошлиғи Тўра Мирзо, драматург Нурилло Аббосхон ва бошқа мутахассислар ўз фикрларини билдирдилар.
Фарғона вилоятида ўтган мазкур семинар давомий бўлиши, келажакда бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиши таклифи барча қатнашчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Қуйида маърузачилардан айримларининг фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
САҲНАЛАРДА НИМА ГАП?
2019 йилнинг биринчи ярмида республика театрларида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. Ўзбек миллий академик драма театри “Абай” тарихий драмаси, “Чимилдиқ” этнографик томошасини мухлисларга ҳавола этди. Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри Чайковскийнинг “Иоланта” операси, Минкуснинг “Баядерка” балети билан томошабинларни хушнуд қилди. Муқимий номидаги мусиқий театрда (режадан ташқари) Миркарим Осим қиссаси асосида Баҳодир Назаров томонидан “Тўмарис” мусиқали драмаси саҳналаштирилди. Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри “Ўзбек аёли тақдири”, “Золушка”, “Граф Люксембург” оперетталари билан томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Нукус шаҳрида ўтказилган анъанавий “Сени куйлаймиз, замондош!” фестивалида ҳар жиҳатдан етук асарлар совринли ўринларга муносиб топилди. Фарғона вилояти мусиқали драма театрининг ёш драматурги Комил Ҳамроев қаламига мансуб “От минган аёл”, Қўқон шаҳар мусиқали драма театрининг драматург Азимжон Азизов асари асосида яратилган “Фидоий” спектакллари замонавийлиги, ғоявий теранлиги, актёрлар ижросининг юксаклиги билан яхши таассурот қолдирди. Афсуски, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театри, Хоразм, Бухоро, Андижон вилоятлари мусиқали драма театрлари, Андижон вилоят Ёшлар театри, Самарқанд ва Фарғона рус драма театрлари, Тошкентдаги Ўзбекистон давлат ёшлар театри шу йилнинг 1-2 чорагига мўлжалланган асарларнинг бирортасини саҳналаштирмади. Баъзилари режадаги асарларга эътибор қилмай, 2018 йили режалаштирилган асарларни саҳналаштириш билан овора бўлишди.
Айни пайтда республикамиз театрларида тажрибали режиссёрлар йўқ эмас. Бу ўринда Баҳодир Йўлдошев, Мансур Равшанов, Карим Йўлдошев, Олимжон Салимов, Марат Азимов, Валижон Умаров, ёш режиссёрлардан Асқар Холмўминов, Ғафур Мардонов, Обиджон Абдуллаевларни санаб ўтиш жоиз. Хўш, юқорида номлари тилга олинган режиссёрлар 37 та давлат театрида спектакль қўйишга имкон топа оладиларми? Йўқ, албатта. Шу сабабли республика театрлари учун режиссёрлар тайёрлашнинг мақбул йўлини топиш ҳақида бугун бош қотирилмаса, эртага кеч бўлади.
Драматургияга келсак, бугун Нурилло Аббосхон, Эркин Ҳушвақт, Тўра Мирзо, Қўчқор Норқобил, Сайдали Одилов, Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Эркин Норсафар, Жўра Маҳмудов каби ижодкорлар фаол изланишда. Шунингдек, Учқун Ўсаров, Обид Рўзибоев, Комил Ҳамроев, Сардор Ҳамроев, Бобур Ҳамроев, Равшан Дўстмуҳаммад, Мафтуна, Гулчеҳра Қурбонова каби ёшлар қўлдан келганча ижод қиляпти. Аммо ёшларда ҳали драматик асар яратиш борасида маҳорат етишмайди. Ижодкорлар орасида аҳамиятли, жанрларга қатъий амал қилган ҳолда тўлақонли саҳна асари яратиш ҳақида ўйлайдиганлари жуда кам. Боз устига, ёшларнинг асарлари баёнчилик, плакатнамо жумлалар билан тўлиб-тошиб ётибди. Жанр хусусиятига умуман эътибор қилинмайди. Бундай ижод намуналарига “пьеса”деб ёзиб қўйишади, холос. Энг асосийси, жойларга бориб, ҳаётни ўрганмасдан туриб саҳна асари ёзишга қўл уриш мумкин эмаслигини унутмаслик керак.
Маълумки, республикамиздаги 37 та театрдан 15 таси “мусиқали театр” деб аталади. Учтаси — Ўзбек давлат академик катта театри, Муқимий номидаги ва Оперетта театри пойтахтда жойлашган. Қолган 12 таси вилоятларда фаолият кўрсатади. Шулардан Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм, баъзида Андижон вилояти мусиқали драма театрлари йилда биттадан мусиқали асар саҳналаштиради. Қолган саккизта театр жамоаси мусиқий асарни саҳналаштиришни хаёлига ҳам келтирмайди. Яқин кунларда Марғилон шаҳрида “Мақом” давлат мусиқали театри очилишига тайёргарлик кўриляпти. Шу театр фаолиятини йўлга қўйиш, режиссёр, директор, мусиқачилар ва овозли, саводли актёрлар танлаш Маданият вазирлиги, жумладан, Театрларни ривожлантириш бошқармаси зиммасида. Бинобарин, олдинда вазифаларимиз етарли. Шу сабабли ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимизга тўғри келади.
Ҳайитмат АБДУРАСУЛОВ,
Маданият вазирлиги Репертуар-таҳририят шўъбаси мудири
ҲАМКОРЛИК ЗАРУР
Семинарда кўтарилган мавзу жуда долзарб ва катта аҳамиятга эга. Бу каби тадбирлар драматургия соҳасида фаолият олиб бораётган ижодкорлар учун мактаб, тажриба ва малакаси ошишига, мақсадни, ғояни, ва энг асосийси, театр саҳнаси учун қандай асар ёзиш кераклигини аниқлаб олишига кўмак беради.
Андижон вилояти театрлари биринчи навбатда вилоятдаги драматурглар билан ижодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Вилоят мусиқали драма театри 100 йиллик фаолияти давомида кўплаб драматурглар билан иш олиб борди. Хусусан, ўтган асрнинг 80 — 90-йилларида устозлар Облоқул Эгамов “Кампирга совчи келди”, Раҳбархон Файзибоева “Меҳрга зор, интизор”, “Инсон азиз”, “Дийдор”, Комилжон Нишонов “Юракдаги тош”, “Тонг отгунча қайтаман”, Олимжон Холдор “Миркомилбой”, “Севги афсонаси” каби асарларини театр ижодкорлари билан биргаликда яратишлари натижасида театр репертуари ранг-баранг асарлар билан бойиган эди.
Аммо охирги ўн йилларда (улар вафот этганларидан сўнг) вилоят драматургиясидаги кемтиклик билиниб қолди. Бироқ театр изланишдан тўхтагани йўқ. Тўлан Низомнинг “Чўлпон”, Усмон Азимнинг “Алпомиш”, Шукурилло Маҳкамовнинг “Ақлдан озиш ҳеч гапмас”, Нурилло Аббосхоннинг “Танҳо юлдуз — 2”, Фарида Бобожонованинг “Оқ халатли фаришталар”, Тўра Мирзонинг “Антиқа совчи”, Насрулло Қобилнинг “Тўда”, Қўчқор Норқобилнинг “Қуёшни сен уйғотасан” асарларига мурожаат қилинди.
2018 йилда вилоят мусиқали театри ижодий бошқарув раҳбарияти ўзгариб, бош режиссёр ва саҳналаштирувчи режиссёр, адабий бўлим мудирларидан иборат жамоа театрга кириб келганида репертуарда “Қабоҳат”, “Тўда”, “Ақлдан озиш ҳеч гапмас”, “Тўйлар муборак”, “Садоқат” номли атиги бешта спектакль бор эди. Ижодий жамоа билан келишган ҳолда бирин-кетин (бир ярим йил ичида) Рихсивой Муҳаммаджоновнинг “Бурч”, “Давлат болалари”, Баҳодир Мурод Алининг “Муножот”, Наил Гаитбаевнинг “Эксперимент”, Жўра Маҳмуднинг “Уч дангаса”, Қобилжон Юнусовнинг “Шайтоннинг гапига кириб” асарлари саҳналаштирилди. Мавзу ва жанр жиҳатидан ранг-баранг бу асарлар томошабинни жалб этишда театрга кенг имкониятларни очиб берди.
Умуман, драматургия муаммосига тўхталадиган бўлсак, бунинг асосий сабаби драматургларнинг театр билан алоқаси узилиб қолганида. Ахир, Комил Яшин, Уйғун, Иззат Султон каби устозлар театр билан узвий ҳамкорликда ижод қилган эдилар-ку!
Ҳозирги кунда вилоятимиздаги ҳар учала театрда ҳам ижодий лаборатория мавжуд. Учала театрда ҳам қўлида қалами бор, драма ёза оладиган ижодкорлар бор. Вилоят мусиқали драма театрида камина, Ёшлар театрида Маннон Ҳамид, қўғирчоқ театрида Мансур Рўзиев ижод қилиб келмоқда.
Албатта, Маданият вазирлиги ҳам театрларимизни асар билан таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Баъзан яхши асар пайдо бўлганида, театрнинг имконияти бўлмай қолади. Масалан, мусиқали театрда оркестрнинг жойи тўлиқ капитал таъмирдан чиқмаган. Вилоят молия бошқармаси томонидан штатлар қисқартирилганда оркестр штатлари қисқариб кетган. Созандаларни вилоят мусиқа мактабларидан, филармониядан чақириб, шартнома асосида ишлатишга мажбурмиз. Шунда ҳам тўлиқ мусиқали асар учун эмас, мусиқалаштирилган спектакллар учун. Натижада яна комедия, драма асарлари саҳналаштирилаверади…
Шу ўринда драмалар учун тўланадиган қалам ҳақи масаласига ҳам тўхталиб ўтсак. Тўғрисини айтадиган бўлсам, ўзим ҳам ижодим давомида бир марта “Занжирбанд шеър” асарим учун қалам ҳақи олганман, холос. Агар бу масала ҳам ижобий ҳал этилса, драматургда ижод қилиш учун интилиш пайдо бўлади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, агар драматурглар театр билан мустаҳкам алоқа боғласалар, яхши натижаларга эришишлари шубҳасиз.
Зиё НАЖМИЙ,
Андижон вилояти мусиқали драма театрининг адабий бўлим мудири
ИЖОДКОР БИР ҚАДАМ ОЛДИНДА ЮРИШИ КЕРАК
Ушбу тадбир олдидан вилоятимизда фаолият юритаётган театрларнинг сўнгги уч йилдаги репертуари билан қизиқиб кўрдим. Ютуқларимизни ҳеч ким инкор қилолмайди. Аммо томошабинларни ҳайратга соладиган, театр жамоасининг ҳам кўнглини тўлдирадиган асарларнинг камлиги одамни ташвишга солади.
Репертуарни шакллантиришдан олдин театрда ҳамма — директор, режиссёр, адабий эмакдош ҳам яхши асар қидиради. Топилса-ку яхши, топилмаса эски бисотга қайтилади. Мумтоз асар даражасига кўтарилган, томошабинлар соғинган пьесаларга қўл урилса яхши, албатта. Аммо кўпинча илгари ҳам эътибор топмаган, томошабинлар ёдидан кўтарилиб кетган асарларни қайта саҳнага олиб чиқишнинг кимга кераги бор!
Қўқон шаҳар театри бундан чорак аср олдин саҳналаштирилган А.Азизовнинг “Нейрон операцияси” пьесасини, вилоят қўғирчоқ театри И.Турсуновнинг “Вақти-соати” асарини, вилоят театри Уйғуннинг “Парвона”сини қайта саҳнага олиб чиқди. Бу, назаримда, мақтанадиган ҳол эмас, балки ноиложликдан эканини ҳамма билади. Сабаби — янги оригинал асар йўқ.
Яхши асар яратилиши учун эса ҳаммамиз, вазирлик ҳам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳам қайғуриши керак. Вазирлик билан Ёзувчилар уюшмасининг ҳамкорлиги яхши. Уюшма ҳузурида драматургия кенгаши ҳам бор. Аммо пьеса ёзадиган адиблар кам. Уюшманинг ҳар бир вилоятда бўлимлари, мамлакат бўйича олтита ижод мактаби, жуда кўп шаҳар ва туманларда адабий тўгараклар бор. Улар сафидан кўплаб истеъдод соҳиблари етишиб чиқяпти. Бироқ шу пайтгача бирор ёш истеъдод драматургия йўналишида мукофот олганини эшитмадим. Демак, ёш ижодкорларни драматургияга қизиқтириш керак. Таниқли драматургларимиз (афсуски, улар ҳам бармоқ билан санарли) тўгаракларда дарс ўтишларини йўлга қўйиш лозим.
Саҳналаштириш учун асар танлаш, уни томошабинга тақдим этиш масъулияти театрларнинг бевосита ўзига боғлиқ. Режиссёр маҳорати, талқини асосий роль ўйнайди бунда. Таниш-билишлик қилиб асар танлаш самара бермаслигини ўтган йили театримиз ўз фаолиятида кўрди. “Манқурт” асари ҳақида гапиряпман. Натижа қандай бўлгани ҳаммамизга аён. Бу йил вилоят рус драма театрининг иккита асари қабул қилинмади. Умуман, ҳали тайёр бўлмаган асарга масъул вакилларни ҳадеб чақиравериш ҳам инсофдан эмас.
Замон қаҳрамони сиймосини яратиш долзарб масала бўлиб турибди. Икки йилда бир марта фестиваль ўтказиляпти. Аммо баъзи қаҳрамонлар образлари зўрма-зўракига ўхшаб қоляпти. Қаҳрамонлар ҳаётимизда бор. Уларни драматург ҳам, режиссёр ҳам топиши, ҳаётини ўрганиши лозим. Абдулла Қаҳҳор “Шоҳи сўзана”ни ёзиш учун икки ой Мирзачўлда яшагани, Мақсуд Шайхзода “Мирзо Улуғбек”ни ёзишда Самарқандни пиёда кезиб чиққани, Пири Зиндонийнинг руҳини ҳис қилиш учун зиндонга тушиб кўргани ҳақида эшитганмиз. Ваҳоланки, бугун аксарият драмалар хонада ўтириб ёзилаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Юқорида ноиложликдан илгариги асарларга қайтяпмиз, дедим. Яна айтаман, мумтоз даражага кўтарилган асарларга эътирозим йўқ. Аммо замонавий асарларни қайта қўлга олишда сўнгги йилларда ҳаётимизда рўй берган ўзгаришларни эътиборга олиш керак. Биз мурожаат қилаётган асар замон мезонларига жавоб берадими? Драматург ҳам, унинг ёзган асари ҳам ўз замонидан илгарироқ юриши, замон томирини ҳис қилиб туриши керак-ку.
Назаримда, драматургларга ижтимоий буюртма берилгандан сўнг бир қанча асарлар ёзилди. Уларни муҳокама қилиб, маромига етган, савияси маъқул келган асарлар саҳнага олиб чиқилса, яхши бўларди.
Сайдали ОДИЛОВ,
Фарғона вилояти мусиқали театри адабий бўлим мудири
Мазкур семинар водийда мавжуд барча турдаги театр жамоаларининг бугунги аҳволи ҳамда репертуар сиёсатини яққол намоён этди. Семинарда нафақат водий, балки юртимиздаги барча театрларнинг вакиллари қатнашгани тадбирнинг амалий аҳамияти доирасини кенгайтирди.
Тадбирда кўтарилган масалалар ва уларнинг ечими юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар театр амалиётида самара бериши шубҳасиз. Айниқса, томошабинга, унинг дидига эргашмаслик, қўлга олинган драматургик асарга танқидий нуқтаи назардан ёндошиш, зарурат туғилганда мавжуд бадиий асарларни инсценировка қилиш, лозим бўлганда режиссёрларнинг ўзлари драматургни излаб топиб, ҳамкорликда ишлашлари, уларга буюртма беришлари кераклиги, Ёзувчилар уюшмаси ва унинг вилоятлардаги бўлимлари билан ҳамкорликни жиддий йўлга қўйиш ҳақидаги таклифларни йиғилганлар қўллаб-қувватлади. Шунингдек, мусиқий асарларга шеър ёки қўшиқ учун алоҳида матн танлаш лозимлиги айтиб ўтилди. Чунки бугун аксарият мусиқий спектаклларда куйланаётган ариялар асар мазмунига уйғун эмас, томошабинда қизиқиш, ҳис-ҳаяжон уйғотмайди. Шу билан бирга, бугун театрда адабий эмакдошнинг ўрни билиниб туриши, бунга масъул ходим пьеса устида ишлашга, актёрлар нутқи билан ишлаш жараёнига жиддий ёндошиши лозимлиги таъкидланди. Хуллас, мазкур тадбир Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари, аввало, ўзаро, қолаверса, юртимиздаги бошқа театрлар билан алоқаларини мустаҳкамлаши, ўзаро тажриба алмашишни изчил йўлга қўйиши зарурлигини намоён этди.
Санъат бўлими