Ўлан – сўзнинг сараси (2019 йил, 32 сон)

47

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик-ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилган бугунги кунда икки қардош халқ орасидан етишиб чиққан улуғ сиймоларни қадрлаш, улар қолдирган ўлмас меросни ўрганиш, тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори қардош Қозоғистон халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига бўлган улкан ҳурматнинг ёрқин ифодасидир. Ушбу қарор доирасида ҳар йили шоир туғилган кун – 10 августда Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва тадбирлар ўтказилади.

2018 йили Қозоғистонда кўтаринки руҳда ўтган “Ўзбекистон йили” давомида мазкур ҳамкорлик ўзининг нақадар ҳаётий эканлигини кўрсатди. Ўзбек адабиёти вакиллари Нур-Султон, Алмати, Чимкент, Туркистон шаҳарларида ўтган адабий тадбирларда, фестивалларда фаол иштирок этди. Тошкентда эса, буюк Абай Қўнонбоев таваллуд санаси муносабати билан улкан адабий анжуман ташкил қилиниб, унда Қозоғистон Ёзувчилар иттифоқи раҳбарияти, бир гуруҳ қозоқ адиблари қатнашди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида Абайнинг “Сайланма”си, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат-илмий нашриётида “Қозоқнинг қирқ оқинидан қирқ ўлан” китоби чоп этилди.

Ушбу жараён жорий йилда ҳам юксак савияда давом эттирилиб, Ёзувчилар уюшмасининг энг фаол аъзолари ўзбек-қозоқ адабий алоқаларини янада мустаҳкамлаш, қозоқ мумтоз ҳамда замонавий адабиётининг энг яхши намуналарини она тилимизга ўгириш борасида баракали меҳнат қилдилар.

Мутафаккир шоир ижодидан қилинган янги таржималар “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан “Кўзимнинг қораси”, “Ўзбекистон” НМИУ томонидан “Оққув қанотига қўнган оҳанглар” номлари остида нашр этилди.

Муҳтарам газетхонлар эътиборига ушбу китобларга киритилган шеърлардан намуналар ҳавола қилинмоқда.

Таҳририят

* * *

Ўлан — сўзнинг пошшоси, сўз сараси,
Қийиндан қийилтирар эр доноси.
Тилга енгил, юракка илиқ тегиб,
Теп-текис, силлиқ келсин айланаси.

Сараланмай булғанса сўз ораси,
Бу — оқиннинг билимсиз – бечораси.
Ҳам оқин, ҳам тингловчи кўпи нодон,
Сўз танимас бул юртнинг бир пораси.

Сўз боши аввал ҳадис, оят бўлур,
Шираси ҳам маъноси ғоят бўлур.
Улуғлар ҳам сўзини ўлан қилган;
Ўлан айтай, шоядки, кўнглим тўлур.

* * *

Мен ўланни ёзмайман эрмак учун,
Ўткан-кетган гапларни термак учун.
Мен ўланни ёзаман тушунганга,
Авлодимга бир сабоқ бермак учун…

Қийшиқ-қинғир йўлларда келма менга;
Тўғри кел, кўп сир очиб ташлай сенга.
Эҳтимол, биринчи гал уқмассан ҳам,
Ўлан алифбесидан бошлай сенга…

Мен ўланда афсона куйламадим,
Олтиндан қуйма қизни ўйламадим.
Кексаларга ҳеч ўлим тиламадим,
Ёшларга ёмон бўл, деб сўйламадим…

Ўлан кўп, тузсиз ўлан тегди жонга,
Ёлғон гап тегиб кетди бу жаҳонга.
Оқинларга ялинаман, ақлга кир,
Асл сўз, сайлаб сўйла ёш инсонга.

* * *

Ўзгага, кўнглим, тўярсан,
Ўланни қандоқ қўярсан?
Уни айтганда тўлғаниб,
Ичдаги дардни тиярсан.
Сайра-да, зорла, қизил тил,
Ўтли кўнглим уйғонсин.

Кўкрагинда ўти бор,
Қулоғин доно эр солсин.
Тингламаса ҳеч одам,
Ўз юрагим тўлғансин.
Ҳар сўзига қарасин,
Ичдаги дардим қўзғалсин.

Ҳаволансин, қалқисин,
Ўтда темирдай балқисин.
Йиғлай куйлаб ўлганда,
Ортдагига сўз қолсин.
Мендай ғариб кез бўлса,
Бўйнин солсин, ўйлансин.
Мақбул кўрса сўзимни,
Ким таниса – шу олсин.

* * *

Севги тили – сўзсиз тил,
Кўз билан кўр, дилдан бил,
Бир қараш ё бир имо –
Етар… Боғланар кўнгил!

Билардим бу тилни мен,
Овлардим кўп дилни мен:
Унутдим: бу тил сирин
Ва сочи сунбулни мен…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг