Унутилмас  таассуротлар (2019 йил, 32 сон)

201

Йил давомида қизғин меҳнат қилиб, толиққан пайтда таътил олиб, сўлим бир манзилда мириқиб дам олиш кишига қайта куч-қувват бағишлаши сир эмас. Айниқса, адабиётимиз равнақи йўлида заҳмат чекиб, бугунги кунларимизнинг бадиий солномасини яратишга бел боғлаган ижод аҳли учун бу жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг бир гуруҳ вакиллари билан бўлган учрашуви кечагидай эсимда. Ушбу тадбирда мамлакат раҳбари келгусида Зомин ва Паркент туманларининг сўлим тоғли ҳудудларида замонавий ижод уйларини барпо этиш, уларда адиб ва шоирлар ҳордиқ чиқариб, унумли ижод қилиш­лари мумкинлиги ҳақида сўзлаган эди. Аммо ўшанда бу гўшаларнинг қандай бўлишини ҳатто тасаввурга ҳам сиғдира олмасдик.

Буни қарангки, орадан икки йил ҳам ўтмай бу гаплар реал воқеликка айланиб, кўзларимизни қувнатиб, дилларимизни яшнатиб турибди. Бунга биз айни ёз чилласида Зомин тоғларидаги салқин, сўлим Ўриклисойда қад ростлаган Навоий кон металлургия комбинати санаториясига боргач амин бўлдик. Бирор жойга сафар ёки саёҳатга бориб қайтсак, улуғларимиз “Еган­-ичганинг ўзингники, кўрган-кечирганларингдан гапир”, дейишади. Шу ўгитга амал қилган ҳолда мен ҳам Зомин сафаридан олган таассуротларимни баҳоли қудрат қоғозга туширишга ҳаракат қилдим.

Президентимизнинг тавсияси билан сиҳатгоҳга бепул йўлланма олган бир гуруҳ фахрийлар тушган замонавий автобус эрталаб Тошкентдан йўлга чиқди. Автобусда борарканмиз, юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўлаётган улкан қурилиш ва бунёдкорликлар эъти­боримизни тортмай қолмади. Хусусан, Ховосда йўлнинг икки томонида қурилаётган замонавий кўп қаватли уйлар, Зоминда қурилаётган кўркам тураржой ва бошқа иншоотлар мамлакатимиз бўй­лаб юз бераётган янгиланишлар ва ўзгаришларни бутун маҳобати ва салобати билан кўз-кўз қилиб турарди. Айни туш пайтида кўзлаган манзилимиз — Жиззах вилояти Зомин туманидаги Ўриклисойга етиб келдик.

Ҳамма диққат-эътиборини Ўриклисойнинг ўнг тарафида жойлашган, бамисоли қанотларини ёзиб турган улкан оққушдай оппоқ “НКМК” санаторияси биносига қаратди. Навоийлик меъморларнинг лойиҳаси асосида қурилган иншоот ҳар қанча таҳсин ва мақтовга муносиб эди.

Албатта, сиҳатгоҳга келувчилар мириқиб ҳордиқ чиқариш билан бирга, ўз саломатликларини мустаҳкамлашни ўйлашлари табиий. Шу боисдан тушликни қилиб бўлгач, бош шифокор Одилжон Мамажонов етакчилигида санаториянинг физиотерапия бўлими билан танишишни бошладик. Физиотерапия муолажаларини олишдан аввал дам олувчилар малакали шифокор кўригидан ўтказилиб, муқаддам қандай касалликлар билан оғригани, қон босими, юрак-қон томир касалликлари бор-йўқлиги обдан аниқланиб, шундан кейингина даволаш муолажалари белгиланар экан. Сиҳатгоҳда кислород терапияси, ингаляция, фитобар, нур ҳамда лазер билан даволаш, ичакларни ювиш, зарбали-тўлқинли даволаш, уқалаш, шунингдек, теннис, вело-тренажёр, ҳаракатланувчи йўлак каби даволаш-муолажа қурилмалари мижоз­ларга хизмат кўрсатмоқдаки, бундай жиҳозларни ҳамма ерда ҳам учратиш маҳол. Аниқроқ айтсак, энг замонавий русумдаги мазкур ускуналар Буюк Британиянинг “БТЛ” компаниясида иш­лаб чиқарилган. Дам олувчи сифатида менга маъқул бўлган яна бир муҳим жиҳати, хизмат кўрсатаётган шифокорлар ва ҳамшираларнинг ўта хушмуомала ва ширинсўзлиги, десам муболаға бўлмайди. Айниқса, шифокор ва ҳамшираларнинг нуроний инсонларга зомин­лик­ларга хос ҳурмат билан “отажон” ­ёхуд “бобожон” дея мурожаат қилишларидан ­одам беихтиёр эриб кетади.

Сиҳатгоҳда ижодкорлар билан бирга Қизилқум бағридан олтин ва бошқа қимматбаҳо маъданлар қазиб олаётган Навоий ва Зарафшон шаҳридан келган турли ёшдаги юртдош­ларимиз оила аъзолари билан дам олишаётганини кўрдик, улар билан яқиндан танишдик. Кечки пайт комбинатнинг меҳнатда илғор ишчи-ходимлари билан тадбир ўтказилиб, пойтахтдан борган улуғ ёшдаги давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, жумладан, Раҳим Ражабов, Жиззах вилояти Пахтакор туманидан донгдор фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов, Ўз­бекистон Рес­публикаси “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Шароф Уснатдиновлар сўзга чиқдилар. Умрларининг энг қайноқ даврларини Ватанимиз равнақи, мустақиллигимизни мус­таҳкамлаш йўли­да сарфлаган фахрийларимиз ­юртимизда кейинги йилларда бўлаётган ўзгариш­лардан тўлқинланиб, ўзларининг ҳайратлари ва мамнунлик­ларини изҳор этиб, тинг­ловчиларни батамом мафтун этиб қўйди.

Кечада Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим ва Маҳмуд Тоир, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган ёшлар мураб­бийси Мирзо Кенжабек, шоирлардан Турсун Али ва Ҳол Муҳаммад Ҳасанларнинг чиқишларини томошабинлар гулдурос олқишлар билан қарши олиш­ганини кўриб янада хурсанд бўлдик. Қарангки, Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқаришнинг оддий ишчи ходимлари эмас, балки адабиё­тимизнинг нозиктаъб мухлислари ҳам ишлашар экан.

Дам олишимизнинг иккинчи куни нонуштадан сўнг, яна даволаш муолажалари бошланди. Ўша куни санаториядан тахминан уч километрча ­нарида жойлашган туз ғорига бордик. Инсон қўли билан яратилган мазкур туз ғори нафас йўлларидан ташқари яна бошқа кўплаб аъзоларга шифо бахш этар экан. Кузатишимча, даволаш муола­жаларидан сўнг ижодкорларимиз кўпроқ ижод билан банд бўлишди. Зотан, бундай қулай шарт-шароитлардан самарали фойдаланиб, ижод қилмаслик, қоғоз қораламасликнинг иложи йўқ.

Айтиб ўтиш керакки, санатория яқинда очилганига қарамай, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Навоий кон-металлургия комбинати мутасаддилари саъй-ҳаракатлари билан анча-мунча китоблар келтирилибди.  Бу ҳақда Зомин НКМК санаторияси маданий ва маърифий ишлар ташкилотчиси Икром Қўшназаров шундай дейди:

– Кутубхонамиздан айни пайтда сиё­сий адабиётлар, бадиий адабиётлар, Али­шер Навоийнинг кўп жилд­лик асар­лари ўрин олган. Шунинг­дек, бу ерда Ўзбекистон Миллий энциклопедияси, даврий нашрлардан эса “Шарқ юлдузи” ва “Жаҳон адабиёти” журналлари бор. Бундан ташқари, кутубхонадаги учта компью­тер Интернет тармоғига улан­ган бўлиб, китобсеварлар “Зиёнет”, А.Навоий номидаги Ўзбекис­тон миллий кутубхонаси, НКМК кутубхонаси билан боғланиши ва ўзлари хоҳлаган китобни олиб ўқиш­лари мумкин. Биргина НКМК сайтида ҳозирда 42 мингдан зиёд турли адабиётлар ва ўқув қўлланмалари мавжуд.

Хуллас, борган кунимоқ бу кутубхонага аъзо бўлдим ва анчадан бери ўқишни орзу қилиб юрган бир неч­та китобларни шу ердан топганимдан қувондим. Зомин шаҳрига ҳамда Янгиобод туманида жойлашган “Хўжамушкент ота” зиёратгоҳига қилган саёҳатимиз дам олишимизнинг эсда қоларли онлари бўлди, десам хато қилмайман. Бийдай адирлар ўртасидаги дов-дарахт­лар яшнаб турган “Хўжамушкент ота” зиёратгоҳи тарихи салкам минг йилларни қоралайди. Маълум бўлишича, холис ихлос билан борган зиёратчилар бу ердаги “Ният булоғи”дан ўз ташналикларини қондирибгина қолмай, Яратгандан орзу-ниятларининг ушалишини сўрар экан.

Очиғи, халқимиз кўпинча иш, турмуш ташвиш­ларига ўралашиб, ҳордиқ чиқариш ёки саёҳатларга чиқишга иккинчи даражали масала, деб қарашади. Зоминга йўл олмасдан бурун мен ҳам шундай фикрда эдим. Аммо келиб кўрдимки, баъзан дам олиш ҳам зарур экан, сиҳатгоҳда яратилган шарт-шароитлар мени бир қувонтирган бўлса, Усмон Азим, Маҳмуд Тоир, Мирзо Кенжабек, Ҳол Муҳаммад Ҳасан, Турсун Али каби севимли шоирларимиз билан дилдан мулоқотлар, қизғин мушоиралар ўн чандон мамнун этди. Ўзбекистон Консервато­­рия­си профессори, композитор Ойдин Абдуллаеванинг соҳир куйлари, телевидениемизнинг атоқли сухандонлари Насиба Қамбарова ва Галина Мельниковаларнинг суҳбатларидан қанчадан қанча қизиқарли маълумотлар олдим. Дам олиш масканида юртимизнинг ажо­йиб кишилари — қорақалпоғис­тонлик Шароф оға Уснатдинов, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов, кекса машинасоз Раҳим Ражабовлар билан танишдим. Катта ҳаёт тажрибасига бу кишиларнинг умр йўллари ёзаман, десангиз қисса ёки романга арзигулик.

Сўзимни мухтасар қилиб айтадиган бўлсам, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Зомин тоғлари бағрида бунёд этилган ушбу сиҳатгоҳ келгусида ижодкорларимизнинг севимли мас­канига айланишига ва бу ерда кўплаб бадиий ижод намуналари яратилишига ҳеч шак-шубҳа йўқ.

Абдумажид АЗИМОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг