Ниятни яхши қилиш керак (2019 йил, 32 сон)

256

Мурод Муҳаммад Дўстнинг Фейсбукдаги фикрларини ўқиб…

Бир замонлар момоларнинг мўъжазгина сандиқчалари бўлган. Тилла тақинчоғу зеби гардонлари, энг нозик сирлари битилган мактубларини шу ерда сақлаб, калитини ҳеч кимга бермай, соч пўпагига осиб юрган. Бугун телефон деган зорманда сандиқчадан ҳам азиз. Дунёнинг ҳамма гапи шунда. Ҳамма янгилигу муаммолар шунда. Бўлган-бўлмаган гап-сўзу олди-қочди, миш-мишу сиру асрор бари шунда.

Ижтимоий тармоқ дегани ­эртаю кеч қайнаб ётибди. Кимни кимга арзи, дарди, тилаги бор – ­ёзиб ётган жойи. Тўғриси, айтадиган, ёзадиган гапимиз ҳам йиғилиб қолган экан-да. Балки, шунинг учун ҳам, эндиликда ижтимоий тармоққа кириб кўнглини очиш, фикрини айтиш ҳамманинг қўлидаги ишга айланиб қолди. Лекин бу ҳаётда бирдек ҳамманинг қўлидан келавермайдиган, ҳамма қила олмайдиган ­иш­лар ҳам бор.

Бу – бевосита ҳаётда содир бўлаётган яхшилик, мардлик, фидойилик билан боғлиқ амалий ­ишлардир. Журналистлар ижодий уюшмаси яқинда 44 нафар ёш журналистнинг турли мавзудаги мақолаларидан иборат “Ёш юрак­лар садоси” деган тўплам чиқарди. Унда Мавжуда Собирбоеванинг қорақалпоғистонлик ёш журналист Фурқат Собиров ҳақидаги “Фурқат орамизда йўқ, Фурқатлар тирик” деган мақоласи ҳам бор. Мақола қаҳрамони Фурқат канал ёқалаб кетаётганида баногоҳ икки ўсмир қиз дод-вой солиб, сувга чўкаётгани устидан чиқиб қолади. Камдан-кам бўладиган бундай ҳолатда кимдир ҳай-ҳайлаб одамларни чақириши, кимдир телефонга тармашиши мумкин. Фурқат ­эса ҳеч иккиланиб ўтирмай, ўзини сувга отади. Икки қизни ҳам қирғоққа чиқариб, ўзи гирдоб ичра чўкиб кетади… Бу ҳодиса ижтимоий тармоқларда ҳам кенг ёритилди.

Айни жасорат, ҳақиқатан, ҳамманинг қўлидан келадиган иш ­эмас. Бугун, чинакам маънода, инсонийлик, фидойилик, одамларнинг яратувчилик фазилатлари ҳар қачонгидан кўра қадрланаётган замонда яшаяпмиз.

Теварак-атрофга бир назар ташланг. Кеча кирган кўчангизни бугун танимай қолсангиз, ажаб­­ланарли жойи йўқ. Янги-янги турар жойлар, корхоналар, маданият ва санъат даргоҳлари, боғлар барпо этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси ­одамларга қулай турмуш ва маиший шароит яратиб бериш, шаҳар ва қишлоқларимизни ободонлаш­тириш учун амалга оширилмоқда.

Пойтахтимизда барпо этилаётган “Tashkent Сity” кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаётгани бежиз эмас. Ўзимизникиларни-ку қўятурайлик, бу янги қурилиш ҳақида хорижлик мутахассислар билдираётган фикрлар, айниқса, аҳамиятлидир.

Мисол учун, немис архитектори Петер Кнох шундай деб ёзади:

– Ўзбекистонда янги қурилаётган биноларнинг сон-саноғи йўқ. Улардан энг йириги, бу шубҳасиз, “Tashkent Сity”дир. Бу ерда замонавий бизнес учун барча шароитлар мавжуд бўлади. Халқаро бизнес маркази бунга мисол. Унда тижорат ва савдо учун ҳамма шароитлар яратилади (“Gazeta.uz. 2019 йил 23 май).

Роман Осокин (Россия) – “Tаshkent Сity” лойиҳасида бевосита иштирок этган, лойиҳаларни бошқариш бўйича эксперт:

– “Tаshkent City” лойиҳаси бу нафақат Ўзбекистондаги, балки Марказий Осиёдаги энг улкан ло­йиҳалардан биридир (Sputniknews-uz.com. 2018 йил 2 ноябрь).

Элена Паскалева – халқаро эксперт (Буюк ­Британия):

– “Tashkent Сity” лойиҳаси хорижий инвестициялар, грантлар, техник ёрдам, кредитлар ва бошқа молиялаштириш манбаларига таянади. Бу саноат ва бизнес маркази саккизта бизнес маркази, савдо маркази, конгресс зали, меҳмонхоналар, ресторанлар ва маданий марказ, шунингдек, юқори қаватли турар жойлар қурилишини ўз ичига олади. Тошкентдаги янги иншоотларнинг кўпчилиги монументал мажмуалардир. Ушбу биноларнинг дизайни сайёҳлар учун жозибали (Advantour.com сайти. 2018 йил 28 июль).

Ҳазел Плаш, ёзувчи, сайёҳ (Ҳиндистон):

– Тошкентда жуда катта қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарда бир-биридан чиройли ва ҳашаматли бинолар қад кўтармоқда. Тошкент ҳар доим Ўрта Осиёдаги энг чиройли шаҳарлардан бири бўлиб қолади (Advantour.com сайти. 2018 йил 28 июль).

Ўзгур Ўзгувен (Туркия) –  “Özgüven” ширкати бошқарув раиси:

– “Tashkent Сity” халқаро ишбилармонлик марказидаги йирик лойиҳа – 215 метрдан ортиқроқ баландликка эга бўлиб, 50 қават бўлиши кутилмоқда. Тошкент шаҳрида қурилаётган осмонўпар бу бино меъморчилик нуқтаи назаридан янгича қарашлар ва ноанъанавий ечимларни ўзида акс эттирган. Биз Марказий Осиё ва Буюк ипак йўли юрагида жойлашган ушбу лойиҳада иштирок этаётганимиздан, туркиялик ишбилармонлар ўз аждодларининг тарихий ватани – ота юртида амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳасида қатнашаётганидан мамнунмиз (daryo.uz. 2019 йил 8 июль).

Сирасини айтганда, битта иморат тиклаш учун, аввало, яхши ният керак, маблағ керак. Ундан ке­йин яна бир дунё нарса керак: қум керак, ғишт керак, цемент керак, тахта-ёғоч, мих керак, транспорт хизмати, логистика, овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари… Хуллас, қурилиш учун бутун бир инфратузилма ишлаши лозим. Бу янги-янги заводлар, корхоналар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари дегани, қанча-қанча иш ўрни дегани, давлат хазинасига қанча-қанча тушум дегани, қариялар учун пенсия, талабалар учун стипендия, ишчилар учун ойлик дегани. Бир сўз билан айтганда, ­ободлик, аҳоли турмуш фаровонлиги дегани.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг кўлами ва суръати ана шу жиҳатдан, айниқса, муҳимдир.

Тарихдан маълумки, ўтган асрнинг 30-йилларида АҚШ президенти Франклин Рузвельт миллий иқтисодиётни юксалтиришни айнан қурилишлардан бошлаган. У ижтимоий муассасалар, давлат ва жамоатчилик иншоотлари, коммунал хизмат кўрсатиш шохобчалари, йўллар, шоҳкўчалар ва кўприкларни барпо этишга катта эътибор қаратган.

Шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш, экология ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, ­одамларни ҳаётдан рози қилиш борасида кўп ишлар амалга оширилган. АҚШ улкан қурилишлар майдонига айланган.

Бугунги Ўзбекистонимизга – шаҳар ва туманлардаги бунёдкорлик ишларига боқиб, ниятимиз поклиги, амалий ишларимиз улуғворлигидан завқ олмаслик, ҳайратга тушмаслик, шу катта ишларга елка тутиб бермаслик асло мумкин эмас.

Кўнгилда илиқ туйғулар уйғотувчи бундай таассуротлардан сўнг ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг Фейсбукида 27 июль куни эълон қилинган фикрларини ўқиш осон эмас, албатта. У “Tashkent city” ва бош­қа ободончилик билан боғлиқ қурилишларни нимагадир эътироф этгиси келмайди: “Эшитдимки, Роҳатдан нарироқда яна учта сити – Экосити, Этносити ва Киносити қуриларкан. Киночилар орзу қилган Киноакадемия ҳам ўша ерда бўларкан. “Ўзбекфильм” атрофида анҳорга туташ нечадир гектар бўш ер бор, студиянинг ўзида 2-3 та ҳайҳотдай павильон ҳам бор. Ўшаларни таъмирласа, тартибга келтирса бўлади-ку, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Унда Киносити бўлмай қолади. Хуллас, мутлақо янги Киносити қурамиз.”

Дунё эшиклари кенг очилган бугунги ҳаёт ҳар жабҳада замон билан ҳамқадам бўлишни ва ривож­ланган давлатлар қатори мулкни хусусийлаштириш, мулкдорлар саъйи ҳаракатини турмуш фаровонлигини оширишга қаратиш, инвестицияларни жалб ­этиш орқали барча иқтисодий дастаклардан самарали фойдаланишни тақозо этмоқда. Мамлакат қанча ­обод бўлса, унинг хорижий инвестицияларни жалб ­этиш жозибадорлиги ҳам шунча ошиб бориши та­йин.

Мурод аканинг қурилишларда рўй бераётган қинғирликлар борасидаги мулоҳазалари баҳслашиб-тортишиб ўтирадиган масала эмас. Бундай номаъқул ишларни инкор этиб бўлмайди. Қолаверса, ҳар ким қилмиш-қидирмиши учун бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ўзи жавоб беради. Аммо адолатли гап шуки, бугун эски, омонат бинолар ўрнида янгилари қад ростламоқда. Одамлар учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. Ахир, ўзимиз кўрдик, Ўзбекистондай буюк мамлакатнинг пойтахти бўлган Тошкент ўртасидан оқиб ўтадиган анҳорнинг икки ёни бош­дан ­охиригача бижғиб кетган экан-ку. Назардан пана, нураб-чўкиб ётган уйлар, бостирмалар қанча ­эди. Мана, бугун ўша жойлар қандай обод бўлди! Бу салқин ва ораста хиёбонларда шаҳар аҳли, каттаю кичик оиласи, фарзандлари билан сайр қилиб, дам олиб, кўнгил ёзаётганини кўрганда бундай бунёдкорлик ишлари қанчалик аҳамиятли эканини яна бир бор чуқур ҳис этасан, киши.

Зиёлилар ҳамиша жамиятни бирлаштирувчи куч бўлиб келган. Уларнинг рост, ҳақ сўзидан одамлар рағбат ва мадад олган. Эзгуликка етакловчи асарлар одамлар фикрига соғломлик бахш этган, кўнглини пок­лаган. Бугун биз зиёлилар учун бунёдкорлик иш­ларидан завқ ва илҳом олишнинг ўзи камлик қилади. Биз ҳам янгиланишга, покланишга муҳтожмиз. Кўнг­лимизда, одамлар қалбида янгича дунёқарашга асос­ланган “city”ларни қанча кўп бунёд этсак, ҳаётимиз шунча фаровон ва мазмунли бўлади, деб ўйлайман.

Ушбу мулоҳазаларимни “Тол ёғоч” деб номланган тўртлигим билан якунлашни маъқул топдим:

Ҳар тонг яхши ният ила кўзинг оч,

Ҳар ишинг пок бўлсин,

Ҳар сўзинг – расо.

Не истасак, шундоқ бўлди тол ёғоч –

Болтага дастаю кексага асо!

Саъдулла ҲАКИМ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг