Кўнглимда кўз очган булоқлар

363

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан қўнғироқ қилишиб, менга таклифнома борлигини айтишди. ­Бориб олдим. Ўқиб кўксим тоғдек кўтарилди. Унда Жиззах вилояти Зомин туманида янгидан бунёд этилган, бугунги замон андозаларига тўла жавоб ­берадиган “НКМК санаторийси”да бепул даволанишга ва саломатлигимни тиклашга таклиф этилгандим.

Бу самимий илтифотдан чексиз миннатдорлик туйғуси оғушида ҳам тилда, ҳам дилда беҳисоб шукрона ила йўлга отланарканмиз, муҳтарам Юртбошимизнинг илму ҳикмат эгаларига, биз ижодкорларга кўрсатаётган беқиёс ғамхўрликларидан яна ифтихорга тўлдик. Пурвиқор Зомин тоғлари оғушидаги ­улуғворлик, мислсиз гўзаллик, поклик, зилол сойлар, оромбахш шаршаралар, кўз илғамас арчазорлар, одамохунлик, меҳмоннавозлик, ҳар биримизнинг қалбимизга олам-олам қувонч, ҳузур бахш этди. Менинг наздимда гўё ҳамма шоирга айлангандек. Эътиборингизга ҳавола этилаётган ушбу шеърларни Зомин тоғлари бахш ­этган илµомнинг мевалари, деб қабул қилгайсиз.

Омон бўл, мангу омон

Ватан десам кўнглимда кўз очган булоқлар бор,
Ватан десам жонимда порлаган чироқлар бор,
Ватанга садоқатдан минг битта сўроқлар бор,
Шукрким бошимизда мусаффо, тиниқ осмон,
Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!

Эзгу ният, эзгу иш, инсон қадри, ғояси,
Тинчлик, дўстлик тоғидир байроқ тиккан қояси,
Бу элдан мангу йироқ ёмонликнинг сояси,
Ўзинг онам, ягонам, меҳри дарё, меҳрибон,
Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!

Бахт тилаб бахтиёрдир, тилагидан нур топган,
Яхшилик қилиб яйраб, юрагидан қўр топган,
Худо берган сарбонин зўр танлаган, зўр топган,
Қардошга қучоқ очган, ётга ҳам ширин забон,
Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!
28.07.

Бунда кийикларнинг кибори ўзга

Кўксимни тўлдирди тоғлар ҳавоси,
Кўзимда ям-яшил чаман жилоси.
Ногаҳон жонимда жаранглаб кетди,
Сувлар навосими, еллар навоси.

Бунда тошлар билан тиллашмоқ мумкин,
Бунда бургут билан сирлашмоқ мумкин.
Булбулдан ўтказиб куйласанг бўлар,
Кўзларга сиғмаган тоғларнинг кўркин.

Кийик ўтларининг ифори ўзга,
Бунда кийикларнинг кибори ўзга.
Булоқлар бахт тилаб биқирлаб ётар,
Бир ичсанг, бир умр хумори ўзга.

Арчалар тоғларга Аллоҳ эккан гул,
Асири эрурман, асири буткул.
Игна баргларига жон ипин ўтказ,
Оқибат либосин тикиб берар ул.

Сойларга қўшилиб дилинг шовуллар,
Қуёш кокил ёйса, кўзинг ловуллар.
Бунда булутлар ҳам бахтиёр жуда,
Ёзларни йиғлатар ногоҳ довуллар.

Аё дўст, тоғларда ҳурлик ҳавоси,
Майсалар шивири – Ҳаққа саноси.
Шалола шаклига айланар кўнгил,
Ушбу шеър – Маҳмуднинг шукрин садоси.
27.07.

Зомин тоғ арчалари

Йўл юрсанг очилгайдир,
Еру кўк дарчалари.
Осмондан сочилгайдир,
Зомин тоғ арчалари.

Яратган инояти,
Шукрнинг кифояти,
Ҳайратлидир ғояти,
Зомин тоғ арчалари.

Булутдан бўса олар,
Қаҳрни тўса олар,
Қувончдек кўзда қолар,
Зомин тоғ арчалари.

Игнаси ифор сочар,
Димоғинг гулдек очар,
Жисмингдан дардинг қочар,
Зомин тоғ арчалари.

Кийик ўти, тоғ райҳон,
Зомин бағри боғ, райҳон,
Ям-яшил Ўзбекистон,
Зомин тоғ арчалари.

Бошида ярқироқ ой,
Пойида шарқироқ сой,
Етти оламга чирой,
Зомин тоғ арчалари.

Зомин тоғ табиати,
Арча абадияти,
Момо Ер тарбияти,
Зомин тоғ арчалари.

Тўлиб айтдим, тўкилдим,
Пойингда тиз букилдим,
Чиройингга юкундим,
Зомин тоғ арчалари.
24.07.

Япроқ

Хазонлар – умрини яшаган япроқ,
Топтама, яшашнинг шукрин қил кўпроқ.
Дамо-дам ўзингни офтобга солма,
Ёнингда соянгдан келгуси сўроқ.

Кибринг гар рангингни сариқ тутмайди,
Ҳаёт ҳимматини дариғ тутмайди.
Эртанинг умиди дилида турса,
Чўпон қўзисини ариқ тутмайди.
Муҳаббат иймондан очилган гулдир,
Муҳаббат меҳрдан сочилган гулдир.
Гулки, ўз баргила пардаланмаса,
Оёқлар остида янчилган гулдир.

Хазонлар – умрини яшаган япроқ,
Хазонлар – ошини ошаган япроқ.
Ай Маҳмуд, умрингни яшаб ўтсанг ҳам,
Дилларда яшнаган япроқ бўл, япроқ!
1.08.

Сўз

Ким кўнгил кўзиман кўрди дунёни,
Дилга рақам этди сўнмас зиёни.
Одам одамлиги ўзин илкида,
Олам оламлиги мулки Худони.

Гар кўнглинг кўзида иймон нури бор,
Билгилки, дилингда жаҳон нури бор.
Ва лекин унутма, кимдан яралдинг,
Ҳақиқат кўзгуси Қуръон нури бор.

Одамзот – Нур билан Ақл меваси,
Хорунни хок қилган жаҳл кемаси.
Оқиллар кам сўзлаб, кўп тинглайдилар,
Сўздан ҳалок бўлур, сўзнинг эгаси.
29.07.

Тирик туриб

Ёмонлигинг кўзингдадир,
Қаролигинг юзингдадир,
Ҳасадларинг сўзингдадир,
Яхши бўлиб кўрганмисан?

Инсон кўзи кўзгу, ахир,
Инсон сўзи ёғду, ахир,
Қайдан сенда шунча қаҳр,
Айтгин, кулиб юрганмисан?

Ойнинг ойдин кечасида,
Йўл яхлаган кўчасида,
Ўз уйингни дарчасида,
Кундай тўлиб турганмисан?

Яхшиларнинг чироғида,
Дарёдилнинг булоғида,
Хуш мезбоннинг қўноғида,
Суҳбати соз қурганмисан?

Қалқиб кетдим қабоғингдан,
Заҳар ёғар қароғингдан.
Бир нонни қўй, увоғингдан
Эҳсон завқин сурганмисан?

Саволларим сароб бўлди,
Дилим хокитуроб бўлди,
На бирон бир жавоб бўлди,
Тирик туриб ўлганмисан?
30.07.

Имкон

Инсон нега келар дунёга дема,
Бу дунё биз учун йўловчи кема.
Кеманинг эгаси қошингда турар,
Сен асло кеманинг ғамини ема.
Ўз умрин яшашга келар ҳар инсон,
Ўз ризқин ошайди ҳар бир тирик жон.
Ва лекин яшашдан энг буюк мақсад,
Ўз сўзин айтишга берилган имкон.
30.07.

Калом

Сўз ташиб, сўз билан савдо қилишар,
Ғалва бозорини пайдо қилишар.
Ўзин бир бозорда бир пулга олмас,
Шу қалби касодлар ғавғо қилишар.

Жонзотлар ичида инсонни Худо,
Сўзлаш неъмати-ла қилганди аъло.
Шу улуғ неъматни совурган билмас,
Машҳаргоҳда кутар қандайин жазо.

Тўғри сўз инсонни саодатлайдир,
Саодати ила камолатлайдир.
Ўзни поклаш учун Ҳақ каломи бор,
Ўқиган иймонин даволатгайдир.
1.08.

Шукр (Рафиқамга)

Умр бизлар учун бахтга берилган,
Эзгу сўз, эзгу иш, шахтга берилган,
Оила деб аталмиш тахтга берилган,
Тахтнинг эгаси-ла ёруғ хонаси,
Наздимда бахтлимиз бизлар, онаси.

Ҳаёт қирқ йил оша синаб келмоқда,
Бот-бот бошимизни силаб келмоқда,
Гоҳида ҳасад ҳам тунаб келмоқда,
Кўнглим чироғининг сен парвонаси,
Сен борсан мен буткул бахтли, онаси.

Фарзандлар – болимиз тилимиздаги,
Набиралар – наво дилимиздаги,
Оиламиз – оримиз элимиздаги,
Гуллат, гул кирсин, бахтинг шонаси,
Биз ахир, бахтлимиз, бахтли, онаси.

Рўзғорни ғор дерлар – нолиш бўларкан,
Одам одам ахир, толиш бўларкан,
Вафо бошимизда болиш бўларкан,
Бизни енголмади ғамнинг шарпаси,
Бахтлимиз, эл шоҳид, бахтли, онаси.

Иймон, эътиқодда собитмиз, шукр,
Ўқиб, уқияпмиз обидмиз, шукр,
Тилларда салламно, дилларда зикр,
Ҳаққа шукримизнинг бу таронаси,
Бахтлимиз, минг шукр, бахтли, онаси.
2.08.

Икки туйғу

Ёшлик ёди билан юз йил яшасанг,
Кексалик сабрида таом ошасанг.

Ёшликда шиддату камол ичрасан,
Кексайсанг, минг хаёл, савол ичрасан.

Кексалик дейсану кўнглинг қаримас,
Ва лекин жисмингда дардинг аримас.

Кексалар орзуда ёшариш мумкин,
Кўтариб бўлмайди, лек ёшлик юкин.

Ёшлик – сўниш билмас ёнган юракдир,
Кексага Ҳақ нури – иймон керакдир.

Оламни яшнатар ёшлик қудрати,
Ҳар дилга кўзгудир кекса ибрати.

Қўлдан тушмаса ҳам неча тур дори,
Кексани тарк этмас ёшлик хумори.

Қўлларда асою дилда гул билан,
Икки туйғу ичра бир кўнгил билан.

Қаён кетмоқдамиз, аён билмаймиз,
Бизгача билмаган, ҳамон билмаймиз.
31.07.

Бизнинг Ўзбекистон

Ватан бу – жонингда оққан чашмадур,
Шу боис Ватанга ҳар жон ташнадур.
Ватандан узоқда ҳар ким озурда,
Ватан – остонадан, дилдан бошланур.

Ҳаёт – бу имтиҳон аслида бор гап,
Ундан хуш ўтмоқлик энг буюк матлаб.
Ватан имтиҳоннинг оппоқ қоғози,
Унга доғ тушмаса яна бир шараф.

Ватан азаллиги изингдаги нур,
Ватан гўзаллиги кўзингдаги нур.
Ўзбекистон деса, офтоблангайсан,
Чунки Ўзбекистон – кўксингдаги нур.

Ҳурлик ҳавосидан бутун халқ хуррам,
Тинчликнинг навоси ҳар жонга малҳам.
Олам оразидан англаганим шу –
Бизнинг Ўзбекистон – мислсиз кўркам.
29.07.

Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг