Ер сотиш урфга айландими ёки… (2019 йил, 31 сон)

178

Ер сотган эл бўлмайди, эр йигит ер сотмайди. Бу ибора ўзбекман деган ҳар бир инсонга азалдан маълум, унинг маъно ва моҳиятига изоҳнинг ҳожати йўқ. Оддий, тушунарли, шу билан бирга,  мулоҳаза юритишга ундовчи юкламаси бор. Кейинги пайтда шу ибора атрофида бироз фикр юритиш фурсати келдимикан, деган ўй менга  тинчлик бермай қўйди. Чунки шиддатли замон эврилишлари инсонлар дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юбораётгандек. Кўпчиликда нималаргадир эришиб қолиш илинжи анча илдамлаб бораётгандек.

Етти-саккиз ёшларда эдим, чамаси. Хонобод қиш­­лоғида хонадонлар бармоқ билан санарли
эди. Аҳоли­га уй-жой қуриш учун давлат томонидан саккиз ва ундан зиёдроқ сотих томорқалар берилди. Маб­лағи борлар беш-олти хона, қўли бироз қисқароқлар томорқа атрофини ўраб, икки-уч хонали уй қуришни бошлади. Биз — жўжабирдай оила. Онам далада ишчи, отам эса савдо соҳасида ишлардилар. Бизга қарашли ер участкасининг бурчак қисми келажакда кўча тушиши ҳисобга олиниб ташлаб кетилди. Анча йиллар у жой қаровсиз, эътибордан четда қолди. Атрофини ўраб деҳқончилик қилиб юрдик. Ке­йин­чалик маҳаллага кириш йўллари тартибга келиб, ўша беш-олти сотих ер ихтиёримизга қолди. Отам хат-ҳужжатга эътиборли бўлганликлари сабаб фарзандларим кўп, бир кун кунимизга яраб қолар, деб расмийлаштириб олдилар.

Орадан анча йиллар ўтди. Бир йигитни шогирдликка олганди. У онаси билан шаҳардаги уйлардан бирида ижарада яшарди. Онам билан маслаҳатлашиб ерни шогирдларига расмийлаштириб бердилар. Ўзлари бош бўлиб уйлантирдилар. Шогирдлари отам­ни рози қилиш мақсадида ҳовли-жойнинг нархини сўрабди. Шунда отам, “Мен сени укам деб биламан, ака жигаридан пул оладими”, дебдилар. Онаизор дунёдан ўтгунча ота-онамни дуо қилди.  Тўғри, ўша пайтда отамга: “Фарзандларинг кўп, улар­нинг ҳар бирига ҳовли керак, нима қиласан бегонага жойинг­ни бериб”, дегувчилар ҳам бўлганди. Яратган Эгам ҳар бир инсонни ўз ризқи билан яратар экан, бизлар ҳам уй-жойли бўлиб кетдик. Отам ер сотиб, маҳалланинг олди бўлиб юришдан йироқ бўлганлар.

Бошқа миллатларни камситмаган ҳолда айтаманки, бизнинг халқимиз жуда болажон. Бу бор гап. Нимаики қилсак, фарзандларимиз келажаги учун қиламиз, келгуси ҳаётлари давомида ҳеч нимага зориқмасдан яшашларини истаймиз. Уларни мус­тақил ҳаётга тайёрлаш учун ўзи­мизни ўтга ҳам, чўққа ҳам уриб не кўйларга тушмаймиз. Оддий бир ҳақиқат. Атрофимиздагилар фарзанди учун ер олиб, иморат кўтарса, ундан қолмасликка, фарзандини ўқитса, ўқитишга, машина олса, олишга ҳаракат қиламиз.

Бир куни нотаниш киши йўқлаб келиб, ҳовлимнинг орқасидан ер сотиб олгани, у ерда қурилиш қилишини айтди. Гапнинг индаллосида: “Мана шу икки туп ўригингиз халақит бераяпти, иложи бўлса, олиб ташланг”, деди.

“Ҳозир ер олиб, унга беш-олти хонали уй солиб, усти­ни ялтиратиб сотиб кетувчилар кўпайиб кетган. Сиз ҳам шундайлардан эмасмисиз?”, дедим у кишига. “Ундай эмас, отахон, фарзандлар учун қураяпман. Сизга қўшни бўламиз”, деди у. Хуллас, қурилиш ишлари бошланди. Орадан сал ўтмай у киши яна йўқлади: “Шу уйни сал баландроқ кўтармоқчи эдик. Сизни олдингиздан ўтгани, изн сўрагани чиқдим”.

“Иш қилиб икки қаватли иморат эмасми”, дедим. “Унчалик эмас-ку, сал баландроқ”, деди. “Яшайдиган сиз, ҳозир бировга маслаҳат бергани ийманасан, ўзингизга маъқулини қилаверинг”, дедим. Икки ой деганда икки қаватли бино пайдо бўлди. Энг қизиғи буёқда экан.  Янги қўшнини кўчада учратиб, “Қўшни қурилишлар билан чарчаб қолмадингизми? Икки қават қурмайман, ўзим яшайман, деган эдингиз, биз сизнинг соянгизда қолиб кетдик-да” десам, “Нима, арз қилмоқчимисиз, хоҳлаган жойингизга боринг, мен қуриб қўйдим, бу ёғи яшаш — яшамаслик ҳам менинг ишим”, деса бўладими. Орадан вақт ўтиб, дарвозада “Уй сотилади” деган тахтача пайдо бўлди.

Хуллас, ўтган йиллар ичида, шу уй адашмасам, тўртинчи бор қўлма-қўл сотилди.

Чирчиқ дарёси оқиб ўтадиган Зангиота туманига қарашли ҳосилдор, серунум ерлар аҳоли эҳтиёжи учун турар-жой уйлари қуришга ажратилди. Бунинг яхши жиҳати шуки, ер олиб ўзи ва фарзандлари учун бир ватан яратиш бўлса, ёмон томони, киши билмас ер олди-сотдиси авжига чиққани. Қатор-қатор уйлар, тош девордан ўраб олинган ерларга кўзингиз тушса, ҳайратланишингиз аниқ. “Уй сотилади”, “Ер сотилади” каби эълонларнинг чеку чегараси йўқ. Бойлик, уч-тўрт кунлик роҳат, деб инсоний хис­лат­ларини поймол қилаётганлар қанча.

Давлатимиз томонидан аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, яшаш шароитлари замон талабларига ҳар жиҳатдан мос келиши йўлида хайрли иш­лар бош­лаб юборилди. Бундан барча мамнун. Ер олиб фарзандларига турар-жой қуриш учун югуриб юрганлар қанча. Лекин ер олди-сотдисини авжига чиқариб, буни оддий қилиб айтганда, ўз бизнесига айлантириб юбор­ган айрим кимсаларга нима дейсиз. “Ер меники, хоҳласам сотаман, хоҳласам йўқ”, дейи­ши мумкин. Балким у ҳақдир. Аммо кунда, кунора сотилган ерни, уйни расмийлаштириш илинжида идора­ларда югуриб юрган “ишбилармон”лар “иши”га ҳам кўз ташлаб қўяйлик. Ҳаётда шундай нарсалар борки, унинг мезони пул билан баҳоланмайди. Шу пайтгача бир ишбилармонми, тадбиркорми ер олиб маҳалла учун спорт майдончаси ёки аҳоли учун қулайликлар яратилган гузар қуриб берибди, деган гапни эшитмадим. Ахир, бизлар ўзи емаса едирган, киймаса кийдирган, борини ўртада баҳам кўрадиган халқ эмасмидик?!

Маҳалламиздаги бир чоғроққина ҳовлида уч-тўрт ака-ука оиласи, фарзандлари билан яшаб келади. Улар­нинг ҳар бири ўз ҳовлисига эга бўлишга ҳақли эмасми? Ёки уларнинг ота-оналари фарзандлари камолини истамаганми? Ҳовли-жой олди-сотдиси билан машғул бўлаётган олғирларга тўзим берсин-да. Қўш-қўш машина, ҳовли-жой эгалари наҳотки, атроф­га, ўнгу сўлга қараб яшаш кераклигига амал қилишмаса. Наҳот, иймон, инсоф, диёнат деган тушунчалар инсонлардан йироқлашаётган бўлса. Бойлик бугун бор, эртага йўқ, соғлик ҳам бугун сенда, эртага қўлдан кетиши мумкин бўлган оддий тушунчалар инсонни тарк этаётган бўлса.

Чамаси 1979 йиллар. Маҳалламизда уйлар қурилиб, одамлар янги хонадонларга кўчиб кираётган пайтлар. Бир куни ёши олтмишлардан нари-бери бир отахон кўчада қўлларини орқага боғлаб қаддини ғоз тутиб, айланиб юрарди. Отамдан “Бу киши ким?”, деб сўрадим. “Бу одам яқинда мана шу ҳовлини сотиб олди, шаҳардан келган бойлардан”, дедилар. “Бойлигини қандай билдингиз?” десам, “Бошидаги дўпписидан”, дедилар. Дўпписи сидирға, гулсиз, ранги кўк. “Шунақа дўппини фақат пули эллик минг сўмдан ош­ганлар кияди. Мана шу уйни олтмиш минг сўмга сотиб олибдими, демак бой-да”, дедилар. Шу одам фарзандлари учун ҳовли-жой, ватан яратиб берди.

Вилоят газетасида “Журналистга ер берган ҳокимни танийсизми?” сарлавҳали кичикроқ мақолага кўзим тушди. Журналистга эътибор қиладиган ҳоким ҳам бор экан-ку дедим-да, мактуб билан туман ҳокимига мурожаат қилдим. Мактубда уй-жой қуриш учун ер ажратишингизни сўрайман, деб ёзилганди. Аслида уй-жойга муҳтожлик йўқ. Мақсад маҳаллада кичик­роқ бўлса-да, спорт майдончаси барпо этиш эди. Туман ҳокимидан жавоб мактуби олдим. Мазмуни: “Уй-жой қуриш  ва бошқа мақсадлар учун фу­қароларга ер ажратиш ҳокимият тасарруфида эмаслиги сабаб ер участ­каларини тақсимлай олмайди”. Энди ўйлаб қарасам, ҳоким тўғри жавоб ёзган. Қуруқ ер олиб уни сотиб, мўмай даромад манбаи­га айлантириб олган инсонларни кўплаб учратиш сир бўлмай қолди.

Ойда бир бор жўралар билан учрашиб, гурунглашиб турамиз. Шундай кунларнинг бирида дўстим янги машина миниб келди. Хурсанд бўлиб, уни қутладик, яхши тилак­лар айт­дик. Шунда у, “Отам раҳматли бизни ўйлаб ҳовли-жойни катта олган эканлар, шунинг ярмини сотиб ўзимга ҳам, ўғлимга ҳам машина олдим”, деб мақтаниб гапирди. Оғайнилардан бири “Яхши қилибсан, мен ҳам катта ўғилга деб шаҳар чеккароғидан ер олдим, болаларга ватан бўлар”, деди. Ҳозирда машина олган дўстимиз фарзандлари учун ватанга муҳтож, ер сотиб олгани эса фарзандининг рўзғорини бўлак қилди. “Болаларим ишлаяпти, эҳтиёжи бўлса, машина ҳам битиб кетар”, дейди. Замон ўзгариб, одамлар орасида бир-бирига бўлган оқибат кўтарилди, деган сўзлар эшитилиб турибди. Бундай гаплар анча илгари ҳам айтилган.

Йўқ, замон ўзгараётгани йўқ. Одамлар ўзгараяпти. Тўғри, бор бўлса, яхши яшаш, яхши кийиш, яхши еб-ичиш лозим. Аммо инсонийликни ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Бир издиҳомда маъруза тингладим. Айнан ер, уй-жой, мол олди-сотдиси мавзусида фикр айтилди. Шунда бир қизиқ маълумот ҳамманинг эътиборини тортди. Хорижлик миллиардер Марс сайёрасини сотиб олиш учун етарли маблағ тўп­лаганмиш. У пулини кимга берар экан, билмадик. Бу бойвачча Марсни сотиб олишни ният қилган бўлса, бизда ҳам ҳадемай Ер куррасини сотиб оладиган бойлар чиқиб қолишига шубҳа йўқ.

Ер сотган эл бўлмайди, эр йигит ер сотмайди. Бу айни ҳақиқат. Замонимиз тинч, халқимиз турмуш даражаси юксаклик сари одимламоқда. Нима бўлганда ҳам инсоннинг оёғи ердан узилмасин. Кўнгилларни меҳр-оқибат, бағрикенглик тарк этмасин.

Асрор СУЛАЙМОНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг