Амир Темур ва Алишер Навоий аждодлари (2019 йил, 31 сон)

88

Шоир даврига оид илк манбаларда, хусусан, Абдурраззоқ Самарқандийнинг ҳижрий 872/1467-1468 — 875/1469-1470 йиллар оралиғида Ҳиротда тугатилган “Матлаи саъдайн ва Мажмаи баҳрайн” номли тарихий асарида айтилишича, “Амир Алишернинг аждодлари қадим замонлардан улуғ амирлар қаторидан жой олган. Умаршайх мирзо(Амир Темурнинг иккинчи ўғли) хонадони давлати даврида кўкалтошлик(эмикдош ) даражаси эътибор қалами билан давр лавҳасига ёзиб қўйилган…”. Ўша даврнинг бошқа манбалари, Мирхонднинг “Разат ус-сафо” ҳамда Хондамирнинг “Хулосат ул-ахбор” каби тарихий асарларида ҳам бунинг тасдиғини топишимиз мумкин. Навоийнинг ўзи ҳам буни инкор этмайди: “Ота-отадин етти пуштға дегинча бу рафъи дудмоннинг бойири бандаси ва бу васиъ остоннинг мавруси туғмаси, яъни бу хоназоданинг хонаводаси ва бу хонаводанинг хоназодаси”; бошқа бир ўринда эса буни янада ёрқинроқ ифодалайди: “Агарчи бу хоксорнинг ота-бобоси ул ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро)нинг обо ва аждоди  хизматларидаким, ҳар бири салтанат конининг гавҳари ва шужоат бешасининг ғазанфари эрдилар – улуғ маротибга сазовор ва бийик маносибга комгор бўлғон эрдилар”. Демак, Навоий аждодлари Амир Темур даргоҳида улуғ ҳурматга сазовор шахслар бўлган. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Ҳусайн ва Алишер Навоий аждодларининг ўзаро яқинлашуви тарихи Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх мирзога (1356 —1394) бориб тақалади. Барчага маълумки, Амир Темурнинг отаси Амир Тарағай(1360 йили вафот этган) шаҳрисабзлик, онаси Тегина Хотун (1353 йили вафот этган) эса бухоролик бўлган. Навоий аждодларининг ҳам келиб чиқиши шу минтақаларга боғланиши ҳақида тахмин қилса бўлади.  Темурийлар тарихига оид бир неча тарихий асар мавжуд. Уларда 1362 йилдан 1370 йилгача Темурнинг Мовароуннаҳр тахти учун кураш даври бўлганлиги аниқ қайд этилган.

Умаршайх мирзо ибн Амир Темур ва Андижон

Умаршайх мирзо Амир Темурнинг иккинчи ўғли бўлиб, ҳижрий 756/1355 йили Соҳибқироннинг Тўлин Оға исмли иккинчи хотинидан туғилган. Амир Темур 773/1371-1372 йили Андижонни забт этади ва 17 ёшли ўғли Умаршайхга топширади. Умаршайх ўша даврда барча подшолик сулолаларида  урф бўлганидек, ўзининг барча мураббийлари, мулозимлари, хизматчилари ва оиласи билан Андижонга кўчиб ўтади. Бу вақтга қадар Умаршайх уйланган бўлиб, Пир Муҳаммад исмли бир ўғли бор эди. Тарихчилар ва Навоийнинг ўз таъкидларидан улар орасида Навоийнинг аждодлари ҳам бўлганлигини англаш қийин эмас. Андижонда Умаршайх Хизр Ўғлоннинг қизи Мулкат Оғага ҳам уйланади. Бу никоҳдан икки ўғил дунёга келади: Искандар мирзо ва Бойқаро мирзо.  Манбаларда катта ўғилнинг туғилган йили 1384 йил сифатида қайд этилган. Бойқаро эса икки-уч йил ўтиб, туғилган бўлиши мумкин.

Амир Темур 783/1381-1382 йилда Хуросонга юриш қилади. Умаршайх Андижонда қолиб, Кошғар ерларини эгаллаш билан шуғулланади, Қамариддин бошчилигида Тўхтамиш томонидан юборилган Тўқмоқ қўшини билан жанг қилади. Амир Темур 793/1391 йили Умаршайхга ёрдам бериш учун ортга қайтади ва душманни ер тиш­латади. Бир йилдан сўнг, 794/1392 йили Амир Темур Эронга юриш қилади. Умар­шайх ҳам у билан бирга кетади. Темур 795/1392 йили Музаффарийларни мағлуб этиб, Форс (пойтахти Исфахон) мамлакатини эгаллайди. Форс мамлакати шаҳзода Умаршайх мирзо бошқарувига топширилади. Шу пайт­дан бошлаб темурийлар ҳозирги Афғонистон ва Эрон ҳудудларида мус­таҳкам ўрнашадилар. Абдураззоқ Са­мар­қан­дий Умаршайх Форс мамлакатига ноиб этиб тайинлангач, ёш болаларини оли­б келиш учун ўз  одамларини Андижонга юбор­ган­лигини айтган. Амир Темурнинг Яқин Шарқдаги навбатдаги 5 йиллик уруши 794/1392 йили бошланганлиги инобатга олинса, Умаршайхнинг оиласи ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан Эрон ерларига тахминан Искандар мирзо 5-6 ёшлигида, Бойқаро мирзо эса 3-4 ёшлигида кўчиб ўтган, деб тахмин қилиш мумкин. Табиийки, Умар­шайх оиласига эмикдошлик робиталари билан боғланган Навоий аждодлари ҳам Форс давлатига кўчиб ўтишган.

Хуросондаги ҳаёт

Айтиш мумкинки, шу пайтдан бошлаб, яъни Умаршайх оиласи Шерозга кўчиб ўтиши билан Бойқаро ҳаётининг тарихи Хуросон билан чамбарчас боғланган. Бойқаро мирзо ҳаётининг ўрганилиши Навоий оиласининг Хуросонга кўчиб ўтиши билан боғлиқ кўплаб ноаниқ ҳолатларни ойдинлаштиради. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Умаршайх Шерозда бир йил турган ва кейин Амир Темур томонидан Сурия йўлидаги Диёрбакрга кўмак учун чақиртирилган. Умаршайх тўнғич ўғли Пирмуҳаммад билан отасининг ёнига жўнаб кетади, ҳокимиятни эса иккинчи хотини Мулкат Оғадан туғилган ўғли Искандар мирзога топширади. Бу пайтга келиб, 40 ёшда бўлган Умаршайх 796/1394 йилнинг рабиъ ул-аввал ойида тўсатдан Курдистондаги Мухтасрий қалъаси деворлари ёнида минорадан отилган ўқдан ҳалок бўлади. Соҳибқирон фармонига биноан у Шерозда дафн қилинади, кейинчалик эса жасади асл ватани Шаҳрисабзга  кўчирилади. Яздийнинг ёзишича, унинг аёллари Севинч Қутлуғ, Бека Мулк Оға  ва Мулкат Оға ҳамда унинг фарзандлари, жумладан Искандар Шерозда қолдирилади.

Урушдан кейин 24 яшар Пирмуҳаммад қайтиб келиб, Форсни бошқаради. Унинг ука­си Рустам мирзога Ажам Ироқи(пойтахт Исфаҳон билан Ироқнинг бир қисми) топширилади. Искандар Ҳамадоннинг ҳукм­­дори этиб тайинланади.  Табиийки, ўш­а йиллар қоидасига кўра, Искандарнинг она­си кичик ўғли Бойқаро билан Искандар ҳомийлиги остида яшашган. Орадан кўп ўтмай, Амир Темур Умаршайх оиласи Шоҳрух ҳомийлигидан узоқлашмаслиги учун Мулкат Оғани кичик ўғли Шоҳрух мирзога никоҳлашга қарор қилади. Бойқаро Искандарнинг ёнида қолади, онаси эса Ҳиротга кўчиб ўтади.  Тез орада, яъни 1395 йили Мулкат Оға ўғил туғади, унга Суюрғатмиш мирзо деб ном қўйилади.

Амир Темур вафотидан сўнг шаҳзодаларнинг тахт учун курашлари бошланиб кетади. Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ 1408 йили Қора Қўйунлу туркманлар билан тўқнашувда ҳалок бўлади.  Озарбойжон ва Ажам Ироқи ерлари туркманлар қўлига ўтади.  1410 йили суиқасд оқибатида Пирмуҳаммад ҳам вафот этади. Шероз Искандар тасарруфига ўтади. У укаси Бойқаро билан бирга Ҳамадондан Шерозга кўчиб ўтади. Сал ўтмай, Искандар Озарбойжон ва Ироқни қайтариб олишга муваффақ бўлади. Шоҳрух мирзо фармони билан(эҳтимол, Мулкат Оға ташаббуси биландир) 1412 йили Бойқаро Ажам Ироқи, жумладан, Ҳамадон, Вуружу, Нахованд  ва Луристонга ҳукмдор этиб тайинланади. 1413 йили Искандар Шероздан  Исфаҳонга ўтади ва у ерни ўз пойтахтига айлантиради.

  Искандар мирзо Форс ва Ажам Ироқини мустақил бошқара бошлайди. 817/1414 йили Искандар мирзо Шоҳрухга бўйсунмай қўяди, жаҳли чиққан ҳукмдор лашкар жўнатиб Исфаҳонни қамал қилади. Искандар таслим бўлади. Шоҳрух Искандарни ҳибсга олиб, Исфаҳонни ўғли Рустам мирзога, Шерозни эса невараси Иброҳим султонга топширади. Искандар Бойқаро мирзони Шоҳрух қарорига қарши чиқишга даъват қилади. 1415 йили Бойқаро Ибро­ҳим султонни Шероздан қувиб чиқаради. Шоҳрух ғазаб билан Шерозга бостириб боради ва Бойқаро мирзони шаҳзода Қайду мирзо бош­қа­раётган Қандаҳорга сургун қилади.

Алишер Навоий Қаерда туғилган?

Бойқаро Қандаҳорда икки йил яшайди: 1415 йилдан 1417 йилгача.  Икки темурийзода ўртасида юзага келган низо боис Шоҳрух Бойқаро мирзони Қандаҳордан чақириб олишга мажбур бўлади ва 820/1417 йили уни Самарқанд ҳукмдори Мирзо Улуғбек қўлига топширади. Бойқаро мирзо муайян муддат ўтгач, ўша ерда вафот этади. Шу пайтдан эътиборан Мулкат Оқо Бойқаро хонадонининг ягона таянчисига айланади. У бу вақтда Бадахшон ноиб­лигини топшириб, ҳижрий 821/1417-1418  йили Кобул ва Ғазни ерларига ҳоким қилиб тайинланган ўғли Суюрғатмиш мирзо билан Кобулда яшар эди. Бойқаронинг ўғиллари Муҳаммад ва Ғиёсиддин Мансур ва уларнинг яқинларидан бўлган Ғиёсиддин Кичкина оиласи Кобулга кўчиб ўтишади. Навоий тоғаси Мир Алини Кобулий(яъни кобуллик) тахаллуси билан ёдга олганини ҳисобга олсак, ишонч билан тахмин этиш мумкинки, Алишернинг отаси Ғиёсиддин айнан Кобулда уйланган. Суюрғатмиш мирзо ҳижрий 830 йил муҳаррам ойининг 16-кунида (1426 йил 17 ноябрда) вафот эта­ди. Унинг ҳукмронлиги ва ерлари меросхўри Султон Маъсуднинг қўлига ўтади, 843/1439-1440 йили эса акаси  Мирзо Қорачор билан низолари сабаб, Шоҳрух амрига биноан унга тахтни топширади ва пойтахтга қайтади. 844/1440 йили Мулкат Оқо вафот этади. Мулкат Оқо вафотидан кейин Бойқаро ва Навоийларнинг оилалари Ироқи Ажамдаги Сова шаҳрига(ҳозирги Эроннинг ғарбий қисми) кўчиб ўтганлар. Тарихчи Хондамир бобоси Мирхонд томонидан тугатилмай қолган етти томли “Равзат ус-сафо”  тарихий асарини якунлар экан,  шаҳарлар таърифи қисмида Сова шаҳрининг фазилати айнан шу ерда Алишер Навоийнинг туғилганлиги билан белгиланишини алоҳида таъкидлаган (Равзат ус-сафо, 27. Фурсатдан фойдаланиб, адабиётшунос А.Абдусаломовга Хондамирнинг мазкур маълумотига эътиборимни қаратгани учун миннатдорлик билдираман).

Бойқаро ва Алишер Навоий оилалари Кобулдан аввал Ҳиротга ва кейин Сова шаҳрига кўчганларми, бу ҳақда манбаларда айтилмагани боис, бирор нарса дейиш қи­йин. Манбалардан бизга маълумки, Ҳусайн Бойқаро ҳижрий 842 йилнинг муҳаррам ойида (милодий 1438 йилнинг июл ойи­да) туғилган. Демак, у Кобулда туғилган, Навоий эса мантиқан ўйлаб кўрилса, орадан кўп вақт ўтмай янги жойга кўчгандан кейин туғилган.

 Сова Ажам Ироқида, ҳозирги Эроннинг Қум шаҳридан 64 км. ғарбда жойлашган.  Эҳтимол, у пайтда Сова шаҳри Бойқаро ва Навоий оилалари учун маҳаллий темурий ҳукмдорларнинг ҳомийлигида яшаш мумкин бўлган энг маъқул ва қулай жой бўлгандир. Ҳижрий  846/1442-1443 йилдан Ажам Ироқини Мирзо Бойсунғурнинг ўғли Султон Муҳаммад бошқарган. Бироқ 847/1443-1444 йили ўлпон йиғишда йўл қўйган баъзи зўравонлик ҳаракатлари туфайли Шоҳрух мирзо унинг ҳокимиятини чеклашга қарор қилади, фақат Султония ва Казвинни унинг ихтиёрида қолдиради. Бошқа барча ҳудуд вақтинчалик бошқарув учун Хўжа Шамсиддин Муҳаммад Бухорийга топширилади. Эҳтимол, юзага келган сиёсий беқарор вазият Навоий оиласини Совани тарк этишга мажбур қилгандир, негаки, кейинги йиллари биз уларни Ҳиротда кўрамиз.

Алишер болалик чоғида Ҳиротда яшаганми?

Навоийнинг ўз сўзларидан маълум бўлишича, Шоҳрух вафотидан кейин 1447 йили унинг оиласи Хуросондан Ироққа йўл олган, у пайтда Алишер 6 ёшда бўлган. Бу улар бир муддат Совада яшаб, кейин Хуросонга қайтганлигидан далолат беради. Балки у Хуросон деганда Ҳиротни назарда тутгандир. Шоҳрух вафотидан кейин пойтахтда содир бўлиши мумкин бўлган тартибсизлик ва ғалвалардан холи бўлиш мақсадида улар аввалги, ўзларига таниш  тинч жойларга боришга қарор қилишгани аниқ. Империянинг узоқ ғарбий ҳудудлари айни вақтда мақбул жой эди. Йўлда улар Шарафиддин Али Яздий яшаган Тафт шаҳрида тўхтаб ўтадилар.

(Ажам Ироқига элтувчи йўл Ҳирот, Тун, Тафт (Язд), Абаркух,  Шероз,  Кўшки Зард, Исфаҳон, Рай, Қум, Сова шаҳарлари орқали ўтган. Шунингдек, Луристон, Шулистон, Язд, Кирмон,  Кошон, Ова,  Симнон и Дамғон ҳам Форс ва Ажам Ироқининг машҳур жойлари сирасига  киради). Шерозга келганда шу ерда туриб қоладилар. Чунки Шерозда  Мирзо Султон Муҳаммад ҳукмронлик қилар эди. У Шоҳрух мирзонинг қаҳрига учраб ҳуқуқлари ва мулки қисқаргандан сўнг султоннинг вафотидан кейин Форс ва Ажам Ироқини қайтариб забт этиб олган эди.  Ушбу факт Ҳусайн Бойқаро ва Навоийлар хонадонининг шаҳзода билан яхши муносабатда бўлганлигидан далолат беради. Шероз пойтахт эди ва ҳануз фан ва маданият маркази сифатида ўз мавқеини йўқотмаган эди. Алишернинг отаси ҳукмдорнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлади. Навоийнинг ёзи­шича, Астрободда вафот этган Мир Шоҳ Сабзаворийнинг хоки шаҳарга олиб келинганда отаси вақтинча шаҳарни бошқарган (“Мажолис”).

Мирзо Султон Муҳаммад ҳижрий 855/1451 йили Бойсунғурнинг бошқа ўғли Абулқосим Бобур қўлида шаҳид бўлади. Шероз Абулқосим Бобур қўлига ўтади ва у мазкур ҳудуд бошқарувини шаҳзода Султон Санжарга топширади (Абдураззоқ Самарқандий. Матлаъ, 2-том. 3-қисм, 334).

1452 йили Абулқосим Бобур Хуросон тахтини эгаллагач, Ироқда тинчлик ўрнатиш учун Шерозга келади ва бу ерда 4 ой қолиб кетади (Абдураззоқ Самарқандий. Матлаъ, 2-том. 3-қисм, 334). Навоийнинг кўплаб замондошлари бир овоздан таъкид­лашларича, Абулқосим Бобур иқтидорли ёш Алишерга алоҳида меҳр билан қараган (Давлатшоҳ Самарқандий. Тазкират уш-шуаро, 368). Эҳтимол, уларнинг ўзаро яқинлашуви, навоийшуносликда айтиб келинаётганидек, Ҳиротда эмас, айнан шу ерда содир бўлгандир. Зеро, манбаларнинг далолат беришича, Бобур Шерозда кўп вақтини саройнинг машҳур инсонлари, олимлари ва мутафаккирлари билан суҳбатда ўтказган (Абдураззоқ Самарқандий. Матлаъ, 2-том. 3-қисм, 334). Фахрий Ҳиравийнинг қайд этишича, Мир Алишер 10 ёшида Абулқосим Бобур хизматига кирган (Латоифнома, 133). Алишер 10 ёшида Ҳиротда эмас, балки айнан Шерозда яшаган. Шу ўринда айнан шу пайтда Абулқосим Бобурнинг оқ фотиҳаси билан Ҳусайн Бойқаро ва Султон Санжарнинг қизининг унаштирилиши Шерозга фақат Навоийлар оила­си эмас, Ҳусайн Бойқаролар хонадони ҳам кўчиб келганини, демак, Бойқаролар қаерда бўлса, Ғиёсиддин Кичкина ота-боболари ҳам уларга ҳамроҳлик  қилиб келишганини билиб оламиз.

Навоий қандай қилиб Ҳиротга бориб қолди?

858/1454 йили Абулқосим Бобур Шероздан туриб Сова шаҳрини эгаллаб олган ва Қумга юришни режалаштираётган турк­манларга қарши курашга отланган аснода Самарқанд ҳукмдори Султон Абу Саид­нинг Ҳирот тахтини эгаллаш мақсадида Амударёдан кечиб ўтиб, Балхда тўхтагани тўғрисида хабар келади. Абулқосим Бобур Ҳиротга қайтишга мажбур бўлади ва Самар­қанд томонга ҳаракатланади. Абу Саъид чекинади. Бобур қўшинлари Самарқандни қуршаб олади. Икки темурий ўртасида тинч­лик битими тузилади. Бобур Ҳиротга қайтади. Ҳусайн Бойқаро Абулқосим Бобурнинг қўшини сафига қўшилиб, Самарқандга боради. Сулҳ тузилгач, акаси ва жиянлари билан Самарқандда қолиб, Абу Саъид хизматига киради (Абдураззоқ Самарқандий. Матлаъ,  2-том, 3-қисм, 372 — 373. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Бобур қайтганидан сўнг Ҳусайн Бойқаро ва унинг акаси Абу Саъидга хизмат қилиш учун Самарқандда қолади ва тез орада фитнада айб­ланиб, зиндонбанд этилади. Абулқосим Бобурнинг илтимосига кўра, Абу Саъид мирзо Ҳусайнни озод қилиб, уни Ҳиротга жўнатади. У ерда Ҳусайн Султон Санжарнинг қизига уйланади. Қаранг: Матлаъ, 373, 473). Абулқосим Бобур Шерозни тарк эт­гач, тез орада Ғиёсиддин Кичкина хонадони ҳам Шероздан Ҳиротга қайтган бўлиши керак. Табиийки, Шерозда қолиш жуда хавфли эди. Чунки тарихчиларнинг маълумотига қараганда,  ҳижрий 858/1454 йили бутун Форс, Ажам Ироқи, Озарбойжон ва Каспийбўйи ерлари туркманлар қўлига ўтган. Шубҳасиз, Абулқосим Бобур тахтга чиқиб, тинч ҳаётдан дарак берган Ҳирот Али­шернинг оиласи учун ягона бошпана эд­и. Шу даврдан эътиборан, айнан 1454 йилдан Ҳирот Алишернинг ўзи ва ота-онаси учун доимий яшаш жойига айланган.

* * *

Алишер Навоийнинг ота-боболари Амир Темурга жуда яқин инсонлардан саналга­ни манбаларда бир овоздан тасдиқланган. Унинг Андижон шевасида гапиргани ва аждоди­нинг Умаршайх мирзо хонадони билан боғлиқлиги ҳам манбаларда кўрсатилган. Тарихий шароит ва салтанат қоидаларига биноан, унинг аждодлари темурийлар билан бирга она юрти – Мовароуннаҳрни тарк қилишган. Бу инкор этиб бўлмас далил. Ўзбек халқи Алишер Навоийни ҳамиша ўз ватандоши ва туркий тилли халқларнинг буюк шоири деб билган. Шоир аждод­ларининг Форс ва Ажам Ироқидаги (1387 — 1415 ва 1447 — 1453 йиллар, жами 34 йил) ва Кобулдаги (25-27 йил) давомли ҳаёти Ватандан тақдир тақозоси билан вақтинча узоқлашиш маъносида тушунилиши керак. Чунки темурийлар қаерда яша­масинлар, ҳамиша Мовароуннаҳрни она Ватани деб билганлар. Шу сабаб, кўплаб темурий ҳукмдорлар, жумладан, Хуросон ҳукмдори қудратли Шоҳрух мирзо ҳам Самарқандда дафн қилинган.

Ғарб олимларининг “Навоий Ҳиротда туғилган, ўзини ўзбек деб ҳисобламаган, қолаверса, ўзбек қабилаларига нисбатан кес­кин салбий муносабатда бўлган” (Космарс­кий А. 2018, 20 июля www. Ferghana.ru) деган айрим мулоҳазалари уларнинг ўзбек миллатининг шаклланиш тарихини, айниқса, темурийлар тарихини яхши билмаслигидан, буюк шоир ва мутафаккирнинг шахсияти, қарашлари борасида етарли тасаввурга эга эмаслигидан далолат беради. Навоий Заҳириддин Бобур билан ёвлашган кўчманчи ўзбекларга нисбатан ҳеч қачон салбий муносабатда бўлмаган.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг