Элга берсанг ошингни (2019 йил, 31 сон)

301

Элга берсанг ошингни ёхуд

юрт бойлигидан улус баҳраманд бўлган мамлакатда адолат ва фаровон ҳаёт қарор топади

Қуёш нурида товланиб, минг бир тусда жилоланиб турган Жиззахдан бобо Самарқанд сари йўлга тушар экансиз, не-не давру замонлар юкини елкалаган, ҳорғин Сангзор – Тошлоқ  дарёси сизга йўлдошлик қилади.

Илонўтти дараси, Амир Темур ғорининг афсонавий манзараси ва султон Улуғбекнинг Мўғулистон сафаридан қайтар чоғида тошга ўйиб ёздирган тарихий лавҳа ўтмишнинг юрагингизга сўз ила ифодалаб бўлмас бир ғурур ва армон ҳиссини солади.

Худди мана шу ерда, Амир Темур дарвозасининг кун ботиш томонидаги ялангликда темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур мулозимларига бир отни сўйиб, кабоб ҳозирлашни буюради. «Анчадан бери инсон каби емак еб, истироҳат этмаган эдик. Дизакка етиб боргач садоқатли кишимиз амир Дуғлатбек бизни муносиб қаршилаб, шаҳарнинг тотли узуми ва экмаги    ила мусофир этди», дея таъкидлайди ул зот ўз битикларида.

Аҳвол шу қадар оғир эдики, Бобур мирзо амакиси Мирзо Улуғбек Сангзор наҳри канорида тиклатган Сойбуйи қўрғонида  ҳам қола олмай, буюк бобо руҳидан мадад тилаб, шу ерга етиб келган ва бундан сўнгги ҳаракату тирикчиликнинг режасини қилган эди.

Кўклам қуёшида кўзингизни қамаштирганча жилваланаётган Туркистон тизма тоғининг Ойқор чўққиси томон ўрлайсиз. Улуғ Амир Темур юз, икки юз минглик Турон қўшинини кўздан кечирган Бедана-Барлос кенгликлари ва қишлоғи ўнг томонда қолиб кетади. Сўлда эса Сангзор дарёсининг кун ботиш томонида ястаниб ётган Қорақишлоқ кўзга ташланади. Бу манзил Амир Темур билан боғлиқ манбаларда қайта-қайта тилга олинган.

Қорақишлоқдан Самарқандгача икки манзил чамаси масофа бор. Кечмишда боболаримиз от-уловда ёки пиёда бўлсин, эрталабдан кечгача босиб ўтилган масофани бир манзил, дея атаганлар. Бу  масофа ўттиз километр атрофида бўлган. Соҳибқирон ҳазратлари бу жаннатмонанд манзилда тез-тез тўхтаб истироҳат этганлар. Лашкар эса дарё бўйида ўзини тартибга келтирган.

Ниҳоят, ҳазрати Бобур Самарқанд фатҳидан бурун қўним топган қадимий Ўсмат қўрғонига етиб келасиз.

Неча ўн йиллик орзу-армони амалга ошиб, “обод қиш­лоқ” дастури бўйича янги қиёфа касб этаётган Ўсматдаги бугунги ўзгаришлардан дилингиз яйрайди. Барпо этилаётган маданият ва маънавият маркази, замонавий савдо иншоотлари, хуллас, ҳар қадамдаги ижобий ўзгаришлардан табиатингиз равшан тортади.

«Бобурнома» ва бошқа қадимий битикларда қасаба номи «Вусмат», «Васманд» тарзида келади: бу сўз араб тилида водий қошидаги ўсма маъносини англатади. «Васманддан бир от қўйишда Самарқандга етиб келиб, уни иккинчи бора фатҳ этдим», деб ёзади буюк шоҳ ва шоир.

Тарихий Қўрғонтепа, Дунётепа, Ўрта-баланд ва Ойқор-Барлос манзилларидан ўтар экансиз, қаршингизда яна бир тарихий, афсонавий манзил бўй кўрсатади. Бу машҳур Новқа қасабаси ва шифобахш Новқа булоғидир. Бу оромбахш булоқ бўйидаги жоме масжидининг илк ғиштини Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг вориси Шоҳруҳ мирзо бино қилган. Новқа қасабасининг моҳир ва уддабурон эли ҳақида «қўлидан иш келмайдиган новқалик чироқ шиша йўнармиш» деган нақл юради. Бу қутлуғ тупроқда боғдорчилик, узумчилик, майизчилик, қуруқ мева етиштириш, сабзавотчилик азалдан ривож топган. Зотан, инсон меҳнати миллий ва умуминсоний маданият ҳамда қадриятнинг тамалига айлангандагина асл маърифат ва маданият заминини ташкил этади. Шунда меҳнат роҳатлантирувчи санъат асари, ўзига оҳанрабо каби тортувчи мўъжизага айланади.

Новқа булоғининг биллур каби шифобахш сувидан қониб, хонбалиғу турли-туман тангачали балиқларни мароқла томоша қилиб, яна йўлга тушасиз. Сўл томонингизда тарихий Мўғол қишлоғи ям-яшил боғлари, сурув-сурув қўй-эчкилари, уюр-уюр йилқилари, тўлиб-тошиб оқаётган ариқлари билан кўнглингизга қувонч бағишлайди.

Эндиликда таъмирталаб бўлиб қолган бу йўл сизни Бахмал қасабаси ва Зомин тоғларининг гўзал ва хилват гўшалари, шарқироқ сою шаршаралари томон етаклайди.

Йўлдан ўнг томонга бурилиб, сой бўйлаб ўрларкансиз, бу сеҳрли  сўқмоқлар сизни яна бир муқаддас тарихий қадамжо – асрий арчазорлар оғушидаги Боғмозор-Барлос қиш­лоғи, бу қутлуғ тупроқда ётган Мир Саид Халилуллоҳ ҳазратлари ҳамда ул зот тиклаган олти юз йиллик масжид томон элтади. Шайх Мир Саид Халилуллоҳ ҳазратлари, Соҳибқирон Амир Темур пирлари Мир Саид Бараканинг кичик қардошидир. Улуғ Амир 1395 йили дамқисма хасталигига чалинган шайх Мир Саид Халилуллоҳ ҳазратларига мана шу Боғмозор-Барлос қасабасини ерлари билан суюрғол ўлароқ тақдим этганлар. Ушбу маконда шайх ҳазратлари масжиду мадраса тиклаб, талаба ва шогирдларига сабоқ берганлар. Ҳукмдорлар, теварак-атрофнинг ҳокиму ҳукамоларига адолат истаб мактублар ёзиб, фақиру фуқаро, ғарибу ғурабони ҳифзу ҳимояларига олганлар.

Ҳоқон Шоҳруҳу Султон Улуғбек, Али Қушчию ва Бобо Ҳусайн Туркистоний каби улуғ шахслар қадам ранжида этган тарихий маскан айни дамда шонли кечмиши, шавкатли ўтмишга муносиб ҳолатда эмас. Соҳибқирон ҳазратлари «бахтли улусларнинг беклари олиму уламолари ҳузурларига борадилар, бахтсиз элатларнинг шоиру шуаролари эса амирлари ҳузурига отланадилар» деган ҳадису шарифга амал қилган ҳолда аҳли илм, адабиёту маърифат аҳлига мудом меҳру мурувват, шафқату марҳамат кўзи ила боққанлар. Ватанимизда эсаётган янгиланиш, яшариш ва қайта тикланишнинг қутлуғ эпкини, шак-шубҳасиз, Ойқор тоғи этакларидаги бу табаррук манзилга ҳам етиб келажак.

Боғмазор-Барлос манзилидан сўнг ўру қир, сою даралар оша қарийб юз чақирим йўл босиб, Зомин тоғларига, афсонавий Супа текислигига чиқиб, Шербулоқдан чанқоғингизни қондириб, шаршара қояси ва «Зомин» санаториясига ети­б келасиз.

Эндиликда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг энг муҳташам истироҳатгоҳига айланган «Зомин» санаторияси қарамлик даврининг оғир дамлари – ўтган аср­нинг етмишинчи йиллари охирида халқимиз элбошиси Шароф Рашидовнинг саъй-ҳаракатлари натижасида бунёд этилган.

«Зомин» санаториясидан этакка энар экансиз, яқинда барпо этилган яна бир истироҳат масканига кўзингиз тушади. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббус ва рағбати билан тикланган олти қаватли бу муҳташам оромгоҳни Навоий кон-металлургия комбинати бир ярим йилда қуриб ишга туширди. Бу файзли мас­канда комбинат ишчи хизматчилари қаторида республикамиз илму фани, адабиёту санъати, маънавияту маърифати ҳамда халқ хўжалигига хизмати сингган инсонлар келиб истироҳат этмоқдалар. Оққайин, жўка, эман, павлония каби турли-туман нодир дарахтлар ва анвойи гуллар билан оро берилган оромгоҳни Ўрта Осиёда ягона, дейиш мумкин. Энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан хизмат кўрсатувчи ҳамшира ва табиблар ширин сўз ва юксак малакалари билан сизга парвона.

Демак, оққан дарёлар оқмоқда. Буюк Жаҳонгир отамиз бошлаб берган қутлуғ ва савобли иш ул табаррук зотнинг ворису салафлари томонидан имону эътиқод, ихлосу шараф ила давом эттирилмоқда. Доно элимизда шундай бир ҳикмат бор: “Элга берсанг ошингни, эрлар силар бошингни, итга берсанг ошингни итлар ғажир бошингни”.

Яқин кечмиш замону тузумларда Зарафшону Мурунтов, Зармитану Маржонбулоқ олтини тасарруфи давлату раҳбаримиз қўлида эмасди. Бир равоту айвон қурилса-да, иттифоқ­нинг план-бюджетига киритилиши керак эди. Энди эса барчаси ўзгарди, улусга не керагу не керак эмаслигига миллий давлат ва ҳукуматнинг ўзи қарор беради.

Олтин-кумушми, пахта ёки Олмалиқдан қазиб олинган мисми, ундан келган даромадда чўпону этикдўз, олиму муаллим, миллатидан, касби-коридан қатъий назар, барча Ўзбекистон Республикаси халқининг ҳақи, насибаси бордир. Халқ бойлиги, миллий сарват улусга тенг тарқатилиб, ундан барча баробар баҳраманд бўлган мамлакатдагина адолат ва фаровон ҳаёт қарор топиши мумкин.

Жаннатмисол Туркистон тизмаси Зомин тоғлари бағрида яйраганча зира ва турли-туман доривор гиёҳларни терар эканмиз, бир қувончимиз учга қатланди. Ўрикзор сойида республика ёш ижодкорларининг  анъанавий Зомин семинари иш бошлади ва уч кун мобайнида барқут арчазорлару жўшқин сойлар симфониясига насру назм сўзу соз ҳамоҳанг бўлди.

Истироҳат учун хоналаримизга кирар эканмиз, “ойнаи жаҳон”да Фарғонада тошдан йилига етти минг тонна қоғоз ишлаб чиқарадиган завод ишга тушгани ҳақидаги хушхабарни эшитиб хурсанд бўлдик. Бу – биз, ёзувчиларнинг ас­рий орзуимиз, миллиардлаб валюта давлатимиз хазинасига қолажагини муждаси эди.

Шарқироқ сой бўйига энаркансиз, димоғингизга қадрдон бир ҳид урилади. Бу жийда гулининг кўкиси эди. Тошкентдан уч ой кейин, ёзнинг учдан иккисини ўтиб бўлганда жийда гуллаган гўшани кўрганмисиз? Зоминсойу Ўриклисой қирларида қизғалдоқлар ҳам энди чечак очди. Бу ерда ўриклар сентябрда пишади.

– Саккиз йилдир бу қирларда зира бўлмас эди. Бу йили мўл ёғингарчиликнинг шарофати билан қоп-қоп зира термоқдамиз, – дейди Дуоба қишлоғилик китобсевар қирғиз тувганим Шоҳруҳ. – Жовун жовмаса зира булбуйд.

– Оққуврай гули асалининг килосини кўтарасига ўттиз мингдан бераман! – дейди асалчи қардошим Исматулла истироҳатчиларга.

Асалчи ва харидорлар йигирма икки минг сўмга келишадилар.

Ҳа, Зоминда қизғалдоғу жийдалар энди гуллади. Ташрифимизнинг тўққизинчи куни хоналаримизни эгаллаган арчанинг ачқимтил исининг ўрни ёқимли ҳид билан тўлди. Бу тоғнинг шоҳона чечаги – кийик ўтининг иси эди.

Қуёш нурида товланганча порлаётган гулхайрилар сиз-ла саломлашиш орзусида солланади.

Эндиликда мамлакатимизнинг туризм, сайру саёҳат бошкентига айланаётган муҳташам иншоотлар, ободончилик бобида тарихий одимлар ташланаётган, қадим ва навқирон, гўзал ва қўноқсевар Зомин эса сизни меҳру муҳаббат, сидқу садоқат, марҳамату мурувват ила ўзига беклайди.

Нурали ҚОБУЛ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг