Юрагимда уммон яратдинг (шеърлар, 2019 йил, 31 сон)

611

Ватан

Кўнглимда яшнади муборак ишқинг,
Беором лаҳзалар топди ҳаловат.
Энди хотиралар дилбар ва жўшқин,
Руҳимда улғайди яшил тароват.

Англадим: орзулар макони ўзинг,
Англадим: шу тупроқ қисматимга шаън –
Бу кун юрагимда уммон яратдинг,
Энг тоза меҳрга айланган, Ватан!..

Ишонган тоғларинг…

Ишонган тоғларинг омонатмасми,
Билим деб топганинг жаҳолатмасми?

Ғарибни шодламоқ, мискинга бермоқ –
Маккага боришдек зиёратмасми?

Отангдан ризолик, онангдан дуо,
Икки саодатга кафолатмасми?

Дунё ғамин қанча чекмагин, ошно,
Уни асраб турган адолатмасми?

Савоб, эзгу ишлар, юрт учун ёнмоқ,
Охират ғамидан ҳимоятмасми?

Пешонангга битмиш озод, обод юрт –
Аллоҳдан муборак иноятмасми?

Ватан тинч, рўзғор бут, болалар омон,
Шукр қил, бу – улуғ саодатмасми?!

Ўзингни боладек тутмагил, Мирзо,
Олтмишга кирганинг балоғатмасми?

Бувимга

Бувим аввал Қуръон ўқирди,
Сўнг Машрабдан айтар эди байт.
Бизга ривоятлар тўқирди,
Ботирлар ҳақида кечки пайт.

Уйғотарди “Султон болам!” деб
Биз деб ишлар эди бечора.
Ҳаёт эзган онамни кўриб,
Юраклари бўлса ҳам пора.

Мен ёшликка қадам босган чоғ,
Куз кунларин тубига чўкиб,
Ҳасса билан зўрға юрарди,
Қуввати йўқ қаддини букиб.

Мен Қуръонга кўнглимни бериб,
Машрабни ёд олган чоғларим,
Ҳеч бўлмаса ботир бўлай деб,
Дилга ният солган чоғларим

Бувижоним тополмай қолдим!
Дард қўшилди кўнгил оҳига.
Мен олисда юрсам, кетибди
Ўзи севган зот даргоҳига!

“Бувижон!” деб изтироб чекдим,
Анча қарзим бўйнимда қолди.
Йиллар ўтди, афсус-надомат,
Пушаймонлар бағрига олди.

Тушларимда қилар хотиржам:
“Яратганнинг қисмати ҳақ-да!
Набирангга Қуръон ўқиб бер,
Ривоят айт, ботирлар ҳақда!”

Саккизлик

Туни билан қалам иккимиз
Бедор бўлдик, завқ-шавққа чўкдик.
Ишқ оловин сатрга жойлаб,
Аста оппоқ қоғозга тўкдик.

Ажаб! Ҳайрат чулғаб дилимни
Таажжубга солади бироз.
Сенга тинмай олов тўкилар,
Нечун ёниб кетмайсан, қоғоз?!

Боқий МИРЗО


Чўнг қалъа бошингдадир

Дўппи

Бошингни сақлар омон,
Кимдирсан, сўйлар ҳар он,
Омад кулар сен томон,
Дўппингни суйгин, болам,
Дўппингни кийгин, болам.

Ойбек домла хўп кийган,
Ғафур Ғулом кўп суйган,
Миртемир бошга қўйган,
Бошингга қўйгин, болам,
Дўппини суйгин, болам.

Чўнг қалъа бошингдадир,
Посбон ҳар ёшингдадир,
Бобонгдан қолган қадр,
Удумни туйгин, болам,
Дўппингни кийгин, болам.

Бошгинанг сақла омон,
Ўзбекман, деб юр ҳар он,
Ўзлигинг эт намоён,
Дўппингни суйгин, болам,
Дўппингни кийгин, болам.

Бир жуфт қалдирғоч

Уйимнинг шифтини осмон этдилар,
Эрта-кеч куйиниб макон битдилар,
Саҳарлар бош узра гирён ўтдилар,
Хонам тўридаги бир жуфт қалдирғоч.

Уларнинг тутуми хаёлим тортди,
Турмуш ташвишини бирлашиб тотди,
Чарх уриб учганда меҳрим ҳам ортди,
Хонам тўридаги бир жуфт қалдирғоч.

Оғзида ташиди турли хил дон-дун,
Полапонлар очди чуғурлаб бир кун,
Митти қалдирғочлар учдилар дуркун,
Хонам тўридаги бир жуфт қалдирғоч.

Шошаётган одам

Поезд елдек учар, учади вагон,
Жумбишга келади вужудим шу он,
Вокзалда тумонат оломон, сурон,
Нега, қаерларга шошаяпсан сен.

Бир дам тўхта, айтай биргина калом:
Шошма, тонгдан кейин тушиб қолмас шом,
Ўтган йўлларингда қолсин яхши ном,
Нега, қаерларга шошаяпсан сен.

Умр

Новда кийди яшил япроқдан либос,
Кундан-кун яшнади, соя солди у.
Мен унга чин дилдан қўйганда ихлос,
Барглари сарғайди, рангдан қолди у.

Одамзод ҳам шундай ўтказар умр,
Ёшлик чоғларида ғунчадек яшнар.
Кексайгач, камаяр кўзларида нур,
Қайдан билсин буни ниҳоллар – ёшлар.

Баҳодир ЎРИНОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг