“Эй жигарим, Ўзбекистон!” (2019 йил, 31 сон)

187

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Рес­пуб­ликаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Минск шаҳридаги Мустақиллик саройида ўтказилган музокараларда 2018 йил Тошкентда бўлган Ўзбекистон – Беларусь олий даражадаги мулоқотининг давоми сифатида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама этилиб, Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган салмоқли ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.

Бир қилични бирга тоблаб,
Бирга бўлдик элга дармон.
Меҳринг бердинг нурга қоплаб,
Эй жигарим, Ўзбекистон!

Бу сатрлар Беларусь халқининг атоқли шоири Якуб Колас қаламига мансуб. Шоир “Ўзбекистонга” деб номлаган бу шеърини Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шайхзода сингари адабиётимизнинг забардаст вакиллари билан ижодий ҳамнафас бўлган пайтларда ёзган эди. Якуб Колас серқуёш ва саховатли Ўзбекистонни, бу заминда яшаётган меҳмондўст ва самимий инсонларни қалб ҳарорати билан севган. Унинг “Ўзбекистонга”, “Чимён”, “Солор” сингари шеърларида бу туйғулар ўзининг гўзал ифодасини топган.

Ўтган йили Тошкентда атоқли беларусь ади­би ва жамоат арбоби Якуб Колас хотирасига ёдгорлик ўрнатилди. Бу нафақат Ўзбекистонда яшаёт­ган йигирма мингга яқин беларуслар учун, балки шоир шеъриятининг юртимиздаги ихлосмандлари учун ҳам қутлуғ манзилга айланди.

Тарихда икки  халқ бир тан, бир жон бўлиб тинчлик учун курашган даврлар бўлган. Беларусь заминини фашистлар зулмиданозод қилишда мардларча жанг қилган минглаб юртдош­ларимиз қатори Мамадали Топиволдиевнинг ҳам жасорати ҳақидаги ёрқин хотиралар ҳамон қалбларда мангу сақланади.

Давлатимиз раҳбарининг Беларусь Респуб­ликасига расмий ташрифи доирасида икки халқ ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг янги тарихида улкан воқеа – ҳазрат Алишер Навоий бюс­ти Беларусда Шарқ даҳолари ҳурматига бунёд этилган илк ёдгорлик сифатида очилди.

Олам аҳли билингизким,
иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким,
эрур ёрлиғ иш.

Асрлар оша улуғ бобокалонимиз қаламига мансуб ушбу сатрларнинг долзарблиги йўқолмай, аксинча, жаҳон аҳлини бирдамликка даъват сифатидаги аҳамияти ортиб бормоқда. Шеърият мулкининг султони бюсти очилишига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда ушбу ҳикматли сатрлар беларусь тилида янгради. Унда икки мамлакат ҳукуматлари ва парламентлари аъзолари, адабиёт, маданият намояндалари, кенг жамоатчилик, ёшлар қатнашди.

– Ушбу ёдгорликнинг очилиши порлоқ ва тантанали ҳодиса. Зеро, Навоий нафақат улуғ шоир ва мутафаккир, балки буюк маърифатпарвар ҳам бўлган. Навоий мероси бутун инсоният мулкига айланган, асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган. Унинг чуқур фалсафаси, асарларидаги ранг-баранг образлар халқларни дўстлик, инсонпарварлик, олижаноблик каби фазилатлар орқали бирлаштиришга хизмат қилади, – деди Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Кенгаши раиси ўринбосари Марианна Шчёткина.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий асарлари жаҳонда тинчлик, дўстлик ва комил инсон ғоясини тарғиб этаётган бебаҳо адабий мерос сифатида барча халқлар томонидан қадрланмоқда. Аслида адабиёт вақт, макон, чегара билмайди. Инсон комилликка интилар экан, Ҳазрат Алишер Навоий асарларида илгари сурилган ғоялар барча даврларда, барча инсонлар учун азиз ва долзарб бўлиб қолаверади. Шу боисдан ҳам улуғ мутафаккир номи улуғланиб, кейинги йилларда Россия, Хитой, Япония, Озарбайжон сингари давлатларда ҳайкаллари тикланди. Мазкур ёдгорликлар Ўзбекистон халқ рассоми, ҳайкалтарош Равшан Миртожиев (1954-2004) томонидан ишланган бўлса, Минск шаҳридаги Алишер Навоий бюсти беларуслик ҳайкалтарош Максим Макаревич томонидан яратилди. Бу ўзбек ва беларусь ҳайкалтарошларининг ҳамкорлиги, қолаверса, улуғ бобомизга беларусь ижодкорининг беқиёс ҳурмат-эътиборининг ёрқин далилидир.

Ўзбек ва беларусь халқлари жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Беларусь давлат филармонияси концерт залида ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунларининг тантанали очилиш маросимида икки мамлакат маданияти ва санъати намояндалари, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик, ёшлар қатнашди. Мамлакатларимизни бошқа соҳалар қатори халқларимизнинг бетакрор маданияти ва санъати ҳам боғлаб туради. Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида беларуслик ижод­корлар мунтазам қатнашса, ўзбек маданияти ва санъати вакиллари ҳам Беларусда ўтадиган «Славянский базар» ва бошқа нуфузли фес­тивалларнинг фаол иштирокчисига айланган.

Ўтган йили апрель ойида Тошкентда Беларусь маданияти ва киноси кунлари ўтказилган эди. Бу йил Минскда ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни тараннум ва тараққий эттириш йўлида қўйилган навбатдаги улкан қадам бўлди.

Ҳумоюн АКБАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг