Афғонистон ва Ўзбекистон: дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи (2019 йил, 30 сон)

366

Ўзбекистон ва Афғонистон халқларининг дўстлик ва ҳамкорлик илдизлари узоқ асрларга бориб туташади. Афғонистон ҳудудида темурийлар ва бобурийлар давридан қолган тарихий обидалар ва маънавий ёдгорликлар бу алоқаларнинг инкор этиб бўлмайдиган далилларидир. Ҳирот шаҳридаги буюк ўзбек шоири Мир Алишер Навоийнинг абадий оромгоҳи ва у қолдирган меъморий-маданий обидалар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур яратган Қандаҳордаги “Қирқ зина” (“Чеҳел зина”), Кобулдаги “Бобуршоҳ боғи”, ундаги Бобур ва оила аъзоларининг мозорлари, Таҳор вилоятидаги ориф шоир Бобораҳим Машрабнинг мақбараси ва бу улуғ зотларнинг адабий асарлари олтин маънавий ҳалқалар каби халқларимизни бир-бирига боғлаб туради.

Бобуршоҳ “Бобурнома”да афғон қабилалари, уларнинг расм-русумлари, машҳур бошлиқлари ҳақида жуда кўп ноёб тарихий ва жўғрофий маълумотларни келтиради. У, таъбир жоиз бўлса, ўзбек афғоншунослик фанининг асосчисидир.

Йигирманчи аср бошларида Афғонистон халқи Буюк Британияга қарши ўз истиқлоли учун курашаётган йилларда ўзбек зиёлилари Туркистон матбуотида уларни ҳимоя қилиб мақолалар ёзганлар. Бу ҳақда мен “Туркис­тон вилоятининг газети”да мумтоз шоир Фурқатнинг фикрларини ўқиганман.

Советлар даврида Ўзбекистоннинг улуғ раҳбари Шароф Рашидов томонидан шу тарихий муносабатларни тиклаш йўлида бир қатор қадамлар ­қўйилди.

Ш.Рашидов ташаббуси билан  асос солиниб, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг халқаро конференцияси бу икки йирик қитъа халқ­ларини маданий ва маънавий жиҳатдан бир-бирига яқинлаштириш мақсадида ташкил этилган эди. Икки қитъанинг машҳур адиблари, жумладан, Мисрнинг атоқли ёзувчиси Юсуф ас-Сабоъи, Афғонистоннинг машҳур шоир ва адиби Халилуллоҳ Халилий бу конференциянинг доимий иштирокчилари эди. Устод Халилий ўзбек ижодкорлари, айниқса, буюк сўз санъаткори Ғафур Ғулом билан яқин муносабатда бўлиб, баъзан мушоира қилардилар. Ўзбек шоири унинг ҳақидаги бир шеърида: “Ин Халил афғоний аст ё Халили Раҳмоний?”, яъни, “Бу афғонистонлик Халилми ёки Иброҳим Халилми?” деб ёзган эди.

Ўша йилларда Шароф Рашидов Афғонистон халқининг дўсти сифатида ўлкамизга турли соҳаларда ёрдам кўрсатишда фаол иштирок этди. Жумладан, Афғонистоннинг Нангарҳор вилоятида Дарунта сув омбори ҳамда суғориш канали қурилиб, 30 минг гектар ердан иборат бўлган цитрус мевалари етиштириладиган фермер хўжаликлари вужудга келди. Бу тақир, шўрхок ерларни суғориш, экин экишга тайёрлаш, кўчат ва ўсимликларни самарали етиштиришда афғон халқи билан бирга Ўзбекистон мутахассислари ҳам йиллар давомида жазирама офтобда тер тўкиб меҳнат қилдилар. Дарунта канали ва сув омбори туфайли жазирама чўллар ям-яшил беҳишт боғларига айланди. Жалолободнинг чидаб бўлмас экологик аҳволи мўътадил ҳолатга келтирилиб, Дарунта электростанцияси бутун шаҳар ҳамда шаҳар атрофидаги ҳудудларни электр энергияси билан таъминлади. Бу катта иншоотлар туфайли Жалолободда зайтун етиштирадиган фермер хўжаликлари ва зайтун мевасини консерва қиладиган завод барпо этилди.

Шароф Рашидов саъй-ҳаракатлари билан Кобул Политехника биноси ёнида қад кўтарган Ижтимоий фанлар институтининг гўзал ва улкан имо­рати ўзбек меъморчилиги услубида қурилиб, Афғонистон халқига совға қилинди. Уч қаватли бу чиройли бино учта ётоқхона, катта кутубхоналар, замонавий аппаратлар билан жиҳозланган кенг, муҳташам конференция­лар зали ва турли аудиториялардан ибо­рат бўлиб, уларни безатишда Ўзбекистоннинг рангли мармар тошлари ишлатилган эди.

Тарихда биринчи марта Амударёнинг икки қирғоғини бир-бирига боғлаган улкан Ҳайратон кўприги ҳам раҳматли Шароф Рашидовнинг назари остида бунёд этилди. Унинг очилиш маросимида Шароф ака шахсан ўзлари иштирок этиб, Афғонистон раҳбарияти ва халқи томонидан кўп ҳурмат ва эъзоз билан кутиб олинган эди.

Мухтасар айтганда, бизнинг ўлкамиз Афғонистонда қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари билан бирга, бошқа кўп соҳалар ҳам Ўзбекистон мутахассисларининг илм ва тажрибаларидан кенг кўламда баҳраманд бўлиб келганини таъкидлаш жоиз.

1991 йили Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилингани минтақа ва жаҳон миқёсида янги бир тарихий ҳодиса бўлди. Жаҳон ҳамжамияти дунё харитасида янги, суверен ва мустақил Ўзбекистон Республикаси вужудга келганининг гувоҳи бўлди.

Мен илгари бир мақоламда шундай бир фикрни билдирган эдим: Ўзбекистон Ўрта Осиёнинг қалби ҳисобланади. Ўтмишда ҳам, бугунги кунда ҳам минтақадаги барча сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гума­нитар алоқалар, энг аввало, тинчлик ва барқарорлик жараёнлари ушбу мамлакат билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун мустақилликдан кейин ёвуз мақсадларни кўзлаган кимсалар бу ўлкада тинчликни бузиш учун барча имкониятлардан фойдаланиб келдилар. Лекин мамлакатнинг жасур халқи ва давлати бу истакларни пучга чиқариб, Ўзбекистон ва Ўрта Осиё     минтақасида барқарорликни ас­раш билан бирга, бузғунчилик ҳаракатлари ёйилишининг олдини олишда ҳам тарихий роль ўйнади.

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида даҳшатли урушлар алангасида куйиб, фиғони осмонларга кўтарилган, катта қисми ўз Ватанини тарк этиш­га мажбур қилинган Афғонистон халқининг овозини ва бу ерда юз бераётган қўпорувчилик ҳаракатлари моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиб турган минтақадаги ягона давлат ўлароқ намоён бўлди.

Ўзбекистон давлати Афғонистондаги қонли уруш нафақат минтақа, балки бутун инсониятга таҳдид солиши муқаррарлигини таъкидлаб, бу даҳшатли ҳодисаларнинг олдини       олиш бўйича халқаро миқёсда тинимсиз дипломатик фаолият олиб борди ва бу саъй-ҳаракатларни изчил давом эттирмоқда.

Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича Ўзбекистон давлати томонидан эълон қилинган “6+2 гуруҳи” формати БМТ ва жаҳон ҳамжамиятига манзур бўлиб, унинг асосида 1999 йили июль ойида Тошкент шаҳрида БМТ шафелиги остида халқаро конференция ташкил этилди. Ушбу анжуманда БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари – Россия, АҚШ ва Хитой давлатлари намояндалари иштирок этдилар. Конференцияда Афғонистон заминида бир-бирига қарши урушаётган гуруҳлар вакиллари ҳам қатнашдилар. Конференция иштирокчилари томонидан Афғонистонда тинчликни сақлаш бўйича “Тошкент деклара­ция­си” деб аталган ҳужжат имзоланди.

Бу конференциядан кейин Афғонистондаги узоқ муддатли урушни фақат музокара йўли билан ҳал қилиш зарурлиги долзарб бир масалага айланди. Турли давлатлар бу хайрли ишга ҳисса қўшишга ҳаракат қилдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг янги раҳбари этиб сайлангач, Ўзбекистоннинг афғон муаммосини ҳал этишга доир ташаббуслари, умуман, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.

Ўзбекистон Конституцияси асосида яратилган Ташқи сиёсат концепцияси минтақадаги давлатлар билан дўстона муносабатларни кучайтириш ва ривожлантиришга қаратилган. Айнан ана шундай ёндашувга мувофиқ Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дўстона ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб, турли соҳалардаги самарали алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда.

Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон ва Афғонис­тон дўстлиги янги босқичининг асос­чиси, деб аташга ҳақлимиз. Чунки у қўшни давлатлар билан чегаралар ва ҳаво йўлларини очиб, виза муаммоларини ҳал қилиш бўйича кенг имкониятлар яратиб берди. Афғонистон Ислом Республикаси Президенти жаноб Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга бир неча бор уюштирган сафарлари, икки давлат раҳбарларининг халқаро саммитлар доирасидаги учрашув ва мулоқотлари, мамлакатларимиз ўртасида имзоланган шартномалар бу дўс­тона муносабатларни сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда кенгайтирди.

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Афғонистонда ўзбек тилини ўқитиш бўйича юқори савияли кадрлар тайёрлаш мақсадида ўтган йилнинг 21 январь куни афғонистонлик 100 нафар талабани Термизда ташкил этилган ўқув юртига қабул қилиш, икки мамлакат орасида ҳаво йўлларини очиш, Мозори Шарифдан Ҳиротгача тортиладиган темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув, Афғонистон давлати билан имзоланган 20 дан ортиқ ҳамкорлик битимлари ва бошқа ҳужжатлар ушбу сиёсатнинг самарасидир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг стратегик аҳамиятини назарда тутган ҳолда, нуфузли минбарлардан туриб, жаҳон афкор оммасининг эътиборини бу муаммога қаратиб келмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ва бошқа кўп йиғилишлардаги чиқишларида Ўзбекистон раҳбари Афғонистон муаммосини тинч йўл билан – сиёсий музокаралар орқали ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича 2018 йил 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро конференция барча тинчликсевар давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан кутиб олин­ди. Бу муҳим анжуман дунё миқёсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлайдиган, чуқур ўйланган прагматик сиёсат олиб бораётган давлат раҳбари сифатидаги обрў-эътиборини оширди ва Афғонистон халқи томонидан ижобий тарзда қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти ушбу конференцияда сўзлаган нутқида: “Афғонис­тоннинг келгусидаги тинч тараққиёти учун умумий масъулиятни ҳис этган ҳамда ўзбек ва афғон халқининг азалий дўстлик алоқаларига таянган ҳолда, биз Ўзбекистон ҳудудида тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз”, дея қайд этгани алоҳида эътирофга лойиқдир.

Тошкент халқаро конференцияси икки кун давом этган амалий мулоқот ва фикр алмашувлардан ке­йин умумий Декларация қабул қилди. Конференцияда иштирок этган Аф­ғонистон, Хитой, Франция, Герма­ния, Буюк Британия, Амери­ка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон, Эрон, Ита­лия, Япония, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Қатар, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Бирлашган  Араб Амирликлари, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари ушбу Декларацияга имзо чекдилар.

Декларацияда халқаро ҳамжамият томонидан муҳим амалий таклиф ва ёндашувлар илгари сурилган бўлиб, унда Афғонистон ва минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, аҳил қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш каби мақсадлар кўзда тутилгани эътиборлидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон давлати бугунги кунда ҳам Афғонистонда тинчликни қарор топтириш жараёнини тезлаштириш бўйича кенг кўламли фаолият олиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг  июнь ойида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 19-саммити ҳамда Душанбе шаҳрида ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг йиғилишида Ўзбекистон раҳбари ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари ва бутун жаҳон ҳамжамияти эътиборини Афғонистон муаммосини ҳал этишга қаратиб, бу борада конструктив таклифлар билдирди.

Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жанобларига чексиз эҳтиром билдирган ҳолда, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида кенг кўламли иқтисодий ва маданий ҳамкорликни, икки халқнинг эзгу ор­зуси бўлган аза­лий дўстлик ва яхши қўшничилик алоқа­ларини янада ривожлантириш йўлида катта ютуқлар тилаб қоламиз.

Абдулҳаким Шаръий ЖУЗЖОНИЙ,

ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор (Швеция)

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг