Бетакрор “лазги” жозибаси

289

Атоқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова ва истеъдодли журналист Шарқия Эшжонованинг Урганчдаги “Қуванчбек Машҳура” МЧЖ нашриётида чоп этилган “Лазги” деб номланган рисоласини соҳанинг кичик қомуси дейиш мумкин. Муаллифлар баъзи турлари унутилиб бораётган бетакрор бойлигимизнинг тарихий илдизларини топиб, асослаб, бугунги талабчан китобхон ҳукмига ҳавола қилишган.

Гавҳархоним нафақат “Лазги”, балки Хоразм халқи маданияти, санъати, тарихи ва тараққиёти билан ҳамиша қизиқиб келган. 1993 йили Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида унинг “Офати­жон Лазги” рисоласи чоп этилган эди. Орадан салкам чорак аср вақт ўтиб, “Лазги” қомусининг дунё юзини кўриши миллий санъатимизнинг жонкуяри Гавҳархоним Матёқубова ва унинг маслакдошлари, шогирдларининг узо­қ йиллик изланишлари ва заҳматларидан дарак беради. Рисолада дунёни ҳайратга солаётган муаззам “Лазги”нинг мифологик, бадиий, тарихий ва илмий-фалсафий жиҳатлари халқнинг тарихи билан муштарак ҳолатда ўрганилган ва чуқур таҳлил қилинган. Унинг изчил ва алоҳида ижрони талаб қилувчи мураккаб рақс тизимидан иборат­лиги, ўтмиш билан келажакни боғлаб турувчи мус­таҳкам ришталардан бири эканлиги асослан­ган. “Зимлак”, “Қизил гул”, “Ашшадарози” каби бир қадар унутилган, фақат номлари қолган Хоразм рақслари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилган.

Рисолада нафақат “Лазги”, балки Хоразм рақс мактабига оид энг нозик элементларнинг тарихи ва моҳияти ўрганилган. Шунингдек, “Масхарабоз Лазги”, “Қайроқ Лазги”, “Дутор Лазги”, “Сурнай Лазги”, “Сарой Лазгиси”, “Чангак Лазги”, “Хива Лазгиси”, “Гармон Лазгиси”, “Хоразм Лазги”сининг теран тарихий илдизлари таҳлил қилиниб, уларнинг ҳар бирига шарҳ берилган. “Хоразм рақс кийимлари ва тақинчоқлари”, “Айрон Вежо”, “Устознинг рақс санъатига қўшган ҳиссаси” каби бўлимлар ҳам қизиқарли маълумотлари билан эътиборни тортади. Энг муҳими, Ўзбекистон халқ артисти К.Ота­ниё­зов (К.Хоразмий сўзи билан), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Р.Қурбонов (Машраб сўзи билан), Ўзбекистон халқ артистлари О.Худойшукуров (Машраб сўзи билан), О.Ҳайитова (О.Эркин шеъри), М.Матёқубов, М.Ёқубов ҳамда “Лазги” ансамбли ижросидаги “Лазги” рақс қўшиқларининг нотаси ҳам илова қилинганки, у Хоразм санъати, хусусан, “Лазги” рақсининг тарихи билан қизиқувчилар учун қимматли манба ҳисобланади.

Китобдан ўрин олган “Лазги” рақсининг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақидаги мулоҳазалар фақат бир умр саҳнада “Лазги”ни ижро этган ва уни бугун ёшларга ўргатаётган Г.Матёқубованинг эмас, балки ҳам амалиётчи, ҳам назариётчи, ҳам педагог-тадқиқотчи, балетмейстр-олима­нинг узоқ йиллик кузатувлари, тажрибаси, синов­дан ўтган таҳлиллари бўлгани учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Муаллифлар “Лазги”нинг бугунги мав­қеи ва тарихий илдизлари ҳақида мулоҳаза юритар экан, уларни илмий жиҳатдан асослаш учун буюк “Авесто”дан, Беруний, Геродот, Вамберидан тортиб, С.Толстов, Е.Бертельс, А.Матниёзов, Р.Каримова, Г.Раҳимова, Л.Авдеева каби қатор олимларнинг асарларига мурожаат қилганлар. Рисолада шунингдек, бу рақснинг сирли ва сеҳрли юкини кўтара олган, унинг жозибасини томошабинга тўлақонли етказиб беролган атоқли санъаткорлар ҳақида сўз юритилган. “2012 йили Респуб­лика ҳукумати томонидан махсус ло­йиҳа асосида Академик ва халқ бадиий жамоаси “Лазги рақс маркази” қуриб берилди. Вилоят “Хоразм рақс” ансамблининг дастуридан “Лазги”нинг 9 тури жой олган. Ҳозир бу ерда профессионаллар қаторида юзлаб ҳаваскор раққосалар рақс сирларини ўрганмоқдалар”, дейилади китобда. Гавҳархоним бу ерда рақс оламига қадам қўяётган қизларга, аввало, “Лазги”нинг тарихи, унинг “Авесто” билан боғлиқ жиҳатлари, миллий қадриятлар ва анъаналарни жамловчи хусусиятлари, 9 та “Лазги”нинг мифологик илдизлари, бир-бирига яқин ва фарқли томонлари, унинг илк ижрочилари ҳақида тушунча беради.

Мазкур рисола нафақат санъат, маданият коллежлари ва олий ўқув юртлари, балки тарих, фалсафа, филология, журналистика соҳасида таҳсил олаётган талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Ўзбек рақс мак­табининг асосчиси, Ўзбекис­тон халқ артисти Мукаррамахоним ҳаёт­лигида ўз рақслари ҳақида рисола ёзишга улгурмаганлари биз учун катта армон бўлиб қолди. Миллий рақс санъатимизнинг катта билимдони Гавҳархоним Матёқубова ва истеъдодли журналист Шарқия Эшжонова шу маънода хайрли ишга қўл урганлар. Рисолани ўқиб, шунингдек, кўплаб хориж мамлакатларидан айнан “Лазги”ни ўрганиш мақсадида Хоразмга келаётган санъатсеварларни кўриб, қадим Хоразмда “Лазги” театрини ташкил этиш зарурати борлигини ҳис қилдик. Назаримизда, икки ёки учта кичик саҳнада бир вақтнинг ўзида “Лазги”нинг бир неча турлари ижро этилса, томошабин уларни бир-бири билан қиёслаш имкониятига эга бўлади. Ва бу театрда бешта муҳим ташаббуснинг ижроси сифатида “Лазги” тарихи музейи, турли йиллардаги либослар кўргазмаси, фотосуратлар галереяси, кутубхона ва мультимедиа марказлари ташкил қилинса, нур устига нур бўларди.

Шуҳрат ТОХТАСИМОВ,

Тошкент давлат Миллий рақс ва хореография олий мактаби ректори, доцент;

Ҳулкар ҲАМРОЕВА,

Матлуба МУРОДОВА,

филология фанлари номзодлари

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг