Шеърлар (2019 йил, 30 сон)

97

Сиздан менга нурлар келар

Элим десам

Қаҳҳор бахши Раҳимовга

Элим десам юрагимга нур кирар,
Томиримга осмон кирар, сир кирар.
Борлиғимда бир илтижо ҳайқирар,
Элим десам икки дунём гуркирар!
О, билмайман бу қандайин табобат,
Тошин қучсам топгайдурман ҳаловат,
Олислардан соғинч тортиб келганда,
Кўксимдаги ғамлар эрир тоабад.
Шу тупроқнинг гулиман, гавҳариман,
Тоғларининг бошидаги зариман,
Кўк ишқида учиб кетган қушману
Кел деганда келадиган, бориман.
Шу даштларнинг шамолига юз чайсам,
Шу кенгликнинг камолида улғайсам,
Исмим айтсам, танисайди гиёҳлар,
Исмин айтса, дунёлар ичра ёйсам.
Юрагимга қувват керак, ёронлар,
Менга синмас қанот керак, ёронлар,
Элим десам, бизникисан десалар,
Менга шундай дастхат керак, ёронлар.
Менга шундай нурхат керак, ёронлар!

Умид япроғига…

Ой нурида кашта тиккан чевар эдим,
Бир оламни, бир онамни севар эдим,
Кунчиқарга шўху шодон боқиб-боқиб
Елдай ўтса кунларим, деб қўяр эдим.
Сўнг бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,
Умрим бердим зиёси йўқ фалакларга!

Кўкламларим, байрамларим қолиб кетди,
Ҳайратларим, ҳайронларим қолиб кетди,
Қуёшнинг минг жилвасидан нусха олиб,
Гул солганим гиламларим қолиб кетди.
Сўнг бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,
Умрим бердим росту ёлғон ҳалакларга!

Қани менинг бутунлигим, бунёдлигим,
Қани менинг қишин-ёзин ободлигим,
Эвоҳ, дунё, буғдой дондай сочдинг мени,
Қани менинг ёруғ кундай пок зотлигим?!
Оҳ, бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,
Умрим бердим қумдан сароб тилакларга?!

Бир қуш бўлиб келган эдим боғларингга,
Учиб қўндим пасту баланд тоғларингда,
Тарқамади осмонингда туманларинг,
Қояларга урилдим гул чоғларимда.
Эвоҳ, дунё, бўлдинг минг бир бўлакларга,
Ошна қилдинг олови йўқ юракларга…

Оқ кунлар ҳажри…

Онам осмон эди,
Отам тоғ эди…
Еру осмон сеҳрли нурбоғ эди.
Кўзим кўнгил эди,
Кўнглим соғ эди,
Шодликлари тугамаган чоғ эди.
Тунлар шукуҳ, зар аралаш тонг эди,
Чексизликнинг чодирлари кенг эди.
Ўйламасдан ўйнаб-кулиб чопардим,
Ёруғ тушларимнинг бари ўнг эди.
Волидамнинг бағри мангу баҳорим,
Мойчечаклар табассуми бахт эди.
Минг айтилса нигоҳларнинг изҳори,
Бир қайрилиб боқмаганим вақт эди.
Фаслларнинг жами кўклам лолазор,
Лаҳзаларнинг ҳеч саноғи йўқ эди,
Юлдузларнинг шуъласига қарасам,
Малакмисол бир гуноҳим йўқ эди.
Бутун олам дўстим эди, қадрдон,
Шодлик сувин сочар эди тўрт томон.
Қўл узатсам, қанот ёзган турналар,
Нега қайтиб келмаяпти, ёрижон?!
Ёрижон…

Ҳаёт гули

Мен сенга аталган шундай меваман,
Юрагимни ушат, ол бир сўзимни.
Матназар АБДУЛҲАКИМ

Фасллар айланди атрофимда жим,
Жим кетиб боради ойнинг шарпаси.
Келар йўлларингга кўзимни тикдим,
Кўнглимни асради орзу-ҳавасим.

Фурсатлар соғинди қадамларингни,
Бир менми адашган, бир менми шошган…
Шамолларга сочдим аламларимни,
Бир менми тунларнинг баҳридан кечган…

Бир асов дарёнинг тўлқинидирман,
Қисмат қирғоғига сиғмайин тошдим,
Билмайман,
Кимман ва қандайин сирман
Нега хаёлингга кўнглимни очдим?…

Тонгларни интизор кутдим сени деб,
Сени деб сочларим паришон бўлди.
Ҳанузам йўлларим интизор сенга,
Умидим шуъласи, кел энди….

Қурбат водийсига келгин, сарварим,
Умрим осмонидан ёғдулар тердим,
Бир сенга аталган ҳаёт гулиман,
Юрагимни ушат ва бир сўз дегин!

Фурсатлар соғинди қадамларингни…

Озода БЕКМУРОДОВА


Меҳр – умр йўлин ёритгувчи нур

Ватан ҳақида қўшиқ

Эй она юрт, жонимдаги илдизимсан,
Кўзларимда ёниб турган юлдузимсан,
Юрагимни яшнатгувчи ҳур сўзимсан,
Забонимда гул унади сени десам,
Саломга осмон энади сени десам.
Тупроғингда бахт нафаси, Ўзбекистон,
Ўзингдирсан жаҳон ичра ёруғ жаҳон,
Не-не улуғ сиймоларга она макон,
Дунёларни уйғотган, эй азиз Ватан,
Дарё бўлиб жўш ураман сени десам.
Тимсолинг йўқ, обод ўлкам, ўзинг гўзал,
Шон топгандир элим сенда абад-азал,
Таърифингга ожиз эрур шеъру ғазал,
Парвозларим юксалади сени десам,
Юрагимда тонг кулади сени десам.
Қучоғингдан айро тушгим келмас ҳаргиз,
Бахтга тўла остонамсан, чўкаман тиз,
Куйлай-куйлай камолингни, бўлдим ҳофиз,
Икки қўлим қанот бўлар сени десам,
Муҳаббатга ҳаёт тўлар сени десам.
Ватан десам, жилмайиб қуёш уйғонур,
Номинг айтиб юксак тоғу тош уйғонур,
Умид билан ҳам кексаю ёш уйғонур,
Кўксимда осмон уйғонур сени десам,
Дилимда ризвон уйғонур сени десам.

Руҳ фасли

Одамзод меҳрга ташна бўларкан,
Ўкинса, кўзлари чашма бўларкан,
Гоҳида етти ёт ошно бўларкан,
Меҳр – бу қалбларнинг қалбга кўчгани,
Чанқаган кўнгилнинг гулоб ичгани.

Кўнгил ҳаммада бор, ҳар дилда туйғу,
Муҳаббатсиз олам эрур қоронғу,
Умр мазмунидир қалбдаги орзу,
Кимнинг юрагида муҳаббати бор,
Тўртта фаслда ҳам руҳида баҳор.

Чора бўл ғарибу бечорага, дўст,
Йўлидан адашган овворага, дўст.
Мадад бер юраги садпорага, дўст,
Меҳру муҳаббат бор токи дунёда,
Ғанимлар пиёда, дўстлар зиёда.

Одамни безамас сира сийму зар,
Ўхшасанг қуёшга ўхшагин магар,
Нур тарат барчага, эй дўст, баравар,
Меҳр – умр йўлин ёритгувчи нур,
Меҳр кўнгилларга бағишлар сурур.
Ғани дер: кўнгилда то меҳр бордир,
Одам фарзандлари ошнодир, ёрдир,
Бундайин Ватанда доим баҳордир,
Ўзгалар дардига даво бўл, даво,
Дунёга келишдан шудир муддао.

Табиат

Барчага онасан, табиат,
Не бахт, ҳар ёна сан, табиат.
Илҳом не? Қайнаса булоқдек –
Оҳ, шеърга дўнасан, табиат.

Тун – сиёҳ, қоғоздир осмон,
Ҳисларим камалак – ёйсимон.
Кўнгил соҳилида гуллайди
Райҳонми, нилуфар ё суман.

Япроқлар не дейди, дил не дер? –
Ҳар шивир зимнида битта шеър.
Туйғуни мен сендан оламан,
Олдингда қарздорман, она Ер!

Ҳасадгўйга

Олам кенг, шукрки, яратган Эгам
Барчага ризқ берган ва қисмат тугал.
Лек сенга нимадир етишмас мудом
Калаванинг учи сен учун чигал.
Кўксингда ловуллар жаҳаннам ўти,
Танангга илонлар қуриб олган ин.
Азобдир омади кулганни кўрcанг –
Ит тирнар ичингни, сенга ҳам қийин.
Қора алангада яшамоқ оғир,
Ғуборли кўрасан, ҳатто қуёшни.
Елканг оғримасми, толмасми қўлинг,
Отиб бўлгунингча бу минглаб тошни.
Биродар, умримиз ўлчоғлик, ахир,
Ўзингни қўлга ол, сина сабрингни.
Кўнглингни юв эзгу ниятлар билан,
Тиканлар босмасин, десанг қабрингни.
Ҳасад – бу иблиснинг дағдағасидир,
Изласанг, қутулмоқ йўли топилгай.
Ўзлигинг англагин, йўқса тоабад
Нажот эшиклари сенга ёпилгай.

Абдуғани СУЛАЙМОН

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг