Ҳаж ва унинг маърифати (2019 йил, 30 сон)

231

Каъбатуллоҳ зиёрати – ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Таассуфлар бўлсинки, миллатимизнинг не-не фозил фарзандлари учун бу орзу армонга айланган замонлар ҳам бўлди. Яратганнинг буюк инъоми – мус­тақиллик йилларида ушбу ибодат учун ҳам муайян шароитлар яратила бошланди. Кейинги икки йилда эса бошқа барча соҳаларда бўлгани сингари ҳаж ибодати учун мамлакатимизда ҳар қачонгидан ҳам кенг имкониятлар яратилди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори туфайли юртдошларимизга ҳаж сафари мобайнида кўрсатиладиган хизматлар сифати янада оширилди, сарф-харажатлар арзонлаштирилди. 2016 йилда 5200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини адо эти­б келган бўлса, 2017 йилдан бундай шарафга эришганлар сони яна икки минг кишига кўпайиб, 7200 нафарга етди. Бу неъмат учун ҳар қанча шукрлар айтилса оз.

Тан олиш керак, оддий одам билан мутафаккир ижодкорнинг ҳаж ибодати бир-биридан кескин фарқ қилади. Ижодкор бошқалардан фарқли ўлароқ бажараётган амалларининг моҳиятини чуқур англайди, ҳаж маърифатини теран ҳис этади. Бу билан ҳам чекланмай, туйғуларини гўзал бадиий шаклда қоғозга муҳрлайди. Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг “Ҳажнома” асари бунинг ёрқин исботидир. 1891 йил сентябрь ойининг охирида Истанбулга борган Фурқат мазкур шаҳардаги “Миллат боғи”да сабога хитобан ёзилган машҳур шеърий мактубида ўзининг бундан кейинги саёҳат режаси, хусусан, ҳажга бориш нияти ҳақида ҳам маълум қилган эди. Жумладан, тошкентлик дўс­ти Авлиёхўжага салом йўллар экан, шоир мана бундай ёзган:

Қулоғиға дегил оҳиста онинг:
“Ўшал Фурқат деган аҳбоби жонинг.
Дилида бор экан бир муддаоси,
Муяссар ўлғай ўлса Ҳақ ризоси.
Яқин фурсатда мақсудиға етгай,
Насиб ўлса, Мадина сори кетгай”.

Фурқатшунос­лик­ка оид шўролар даврида яратилган тадқиқотларда шоир­нинг Араб мам­ла­кат­ларига боргани қайд этил­ган бўлса-да, унинг ҳаж арконларини адо этгани, диний-маърифий мавзуда кўп­лаб асарлар ёзгани, ҳаж таассуротлари акс эт­ган “Ҳажнома”си хусусида муло­ҳа­за юритил­ган эмас.

Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи Фурқат фондида 5 ашёвий рақами билан сақланаётган ҳужжатда шоирнинг ҳаж арконларини адо этганига доир қуйидаги маълумот берилган: “Қўқонлик машҳур шоирларимиздан Фурқат, исмлари Зокиржон ҳожим, бирмунча вақт Хўқандда туруб, шеърлар айтиб, охири Маккаи аъзамға бориб, дастлаб боби ислом дарвозаларидин қараб, Байтуллоҳни ўз кўзи билан кўруб туруб… айтган шеърларидур. Байтуллоҳга қараб айтқонлар…”.

Муаллифи номаълум ушбу ҳужжатда шундан кейин шоирнинг “Қаройғон дилга бергил нури покингдин зиё, ё Раб” мисраси билан бошланувчи ғазали берилган.

Фурқат ҳаёти ва ижоди бўйича оли­б борилган изланишлар шоирнинг шах­сий муҳрида ҳам ҳожи унвони акс этганига оид далилларни аниқлаш имконини берди. Жумладан, шоирнинг Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланаётган Ёркентдан 1896 йил август ойида ва сана қўймасдан йўллаган дастхат мактубларида “Зокиржон ҳожи” унвони билан, шунингдек, 1905 йил 10 июлда юборган мактубида “Ҳаким Зокиржон ҳожи” деган битик билан муҳр босилгани ушбу фикрни тасдиқлайди.

Фурқатнинг Жидда-Макка йўлидан ёзган дастхат мактубидаги “…йигирма бешинчи моҳи ражабда Жиддаи муборакка дохил бўлуб, уч-тўрт кун туруб, Маккаи мукаррамага чиқиб кетдим” деган сўзларига қараганда, шоир 1892 йил 24 февралида Жиддага борган ва февралнинг охирида Маккаи мукаррамага жўнаган.

Шоир мактубда бундан кейинги режалари ҳақида ҳам маълумот беради: “Эмди хоҳлайманки, ҳаж қилғондин кейин Бўмбайға ўтуб, Калкуттағача боруб ва ғайри Ҳиндустон мамлакатларини саёҳат қилиб, андин сўнгра Тошканд­ға борсам деб”.

Бўмбайдан йўллаган мактубидаги: “муҳаррам ойида Жиддадин ҳаракат айлаб, бандари маъмураи Бўмбайға келгани”га доир хабари шоирнинг Араб мамлакатларида қанча муддат бўлганини аниқ­лаш имконини беради. Агар Фурқатнинг 1892 йил февраль ойининг охирида Маккаи мукаррамага боргани, шоир Бўмбайга келган муҳаррам ойи 1892 йил августига тўғри келиши ҳисобга олинса, у Араб мамлакатларида олти ойдан кўпроқ бўлган, деб ҳисоблаш мумкин.

Бу муддат давомида Фурқат қизғин ижодий фаолият билан шуғулланди. 216 мисрадан иборат “Ҳажнома”си, мусаб­баъ жанридаги фалсафий шеъри, диний-маърифий мавзудаги ғазаллари шоир­нинг Араб мамлакатларидаги ижод­и самарали бўлганини кўрсатади.

Шоир “Ҳажнома”си – адабиётимиз тарихида ушбу мавзуда ёзилган асарларнинг энг мукаммал намунаси. Асар ҳажм жиҳатидан салмоқли, моҳиятан теран, бадиият нуқтаи назаридан юксак экани билан алоҳида ажралиб туради. Ўша даврда тузилган кўплаб қўлёзма ва тошбосма манбаларда учраши ҳам бу асарнинг халқ кўнглидан чуқур жой олгани, эл орасида машҳур бўлгани далилидир.

Шоир “Ҳажнома”си таржиъбанд жанрининг бетакрор намунасидир. Аса­р 12 таржиъдан таркиб топган бўлиб, ҳар бир банди 18 мис­ра­дан жами 216 сатрни ўз ичига олади. Биринчи таржиъда пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак равзаларини зиёрат этиш шарафига нои­л этгани учун Яратганга ҳамд, набийлар сарварига салавоту дуруд руҳи ифодаланган. Иккинчи ва учин­чи таржиъ Мадинаи мунавварада­ги Ҳарами шариф – Масжид ан-набавий васфига бағиш­ланган. Тўртинчи таржиъда меърож воқеаси тас­вир­ланган. Бешинчи таржиъда “Одам фарзандларининг афзали, олам яралишининг, бани Одам мукаррамлигининг боиси” Муҳаммад алай­ҳис­салом васф этилади. Олтинчи таржиъ равзаи муборак тавсифига бағиш­ланган. Еттинчи таржиъда Уҳуд тоғи, саккизинчисида Масжид ул-Қубо зиё­рати таассуротлари берилган. Тўққизинчи таржиъда Қиб­латайн масжиди тарихи гўзал бадиий лавҳаларда акс этган. Ўнинчи таржиъда шоирнинг инсон ва унинг моҳияти, ибодатнинг одамзод ҳаё­ти­даги ўрнига доир фалсафий хулосалари ифодаланган. Ўн биринчи таржиъ Мадинаи мунаввара таърифига бағишланган. Ўн иккинчи таржиъда бу муборак шаҳар зиёрати боис шоир қалбида кечган авлодларга ибрат бўларли фикрлар бадиий талқин этилган.

“Ҳажнома” арузнинг ҳазажи мусаддаси маҳзуф (мафоийлун-мафоийлун-фаулун) вазнида ёзил­ган. Фурқатнинг аксарият асарлари каби ушбу таржиъбандда ҳам инсон ва унинг моҳияти билан боғлиқ фалсафий фикрлар бетак­рор бадиият билан ифода этилган.

Туркий адабиёт назариётчиси Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозийнинг фик­рича: “…мажмуи шуаро истилоҳинда шеърнинг ақсоми, улким мўътабардур, ўн навъ келибтур: қасида, ғазал, қитъа, рубоий, маснавий, таржиъ, мусаммат, мустазод, мутаввал, фард” (Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий. Фунуну-л-балоға. Т.: Хазина, 1996, 32-бет). “Шеър ақсомининг ушбу мўътабар ўн навъи”нинг деярли барчасида қалам теб­ратган Фурқат “Ҳажнома”ни шулардан олтинчиси бўлган таржиъда ёзган.

“Бу ўн навъ шеърким, зикр қилдуқ, — деб ёзади Шайх Аҳмад Тарозий, — ҳар қойсида агар Тенгри азза ва жаллаға ҳамд айтсалар, они тавҳид дерлар. Ва агар Муҳаммад Мустафо алайҳиссалоту вас-саломни васф қилсалар, наът дерлар. Агар Тенгри ҳазратинда тазарруъ қилсалар, муножот ўқурлар. Ва хулафои рошидинни таъриф қилсалар, маноқиб ва манқабат ва тамаддуҳ ўқурлар” (Ўша манба, айни саҳифа).

“Ҳажнома”нинг яна бир эътиборга лойиқ жиҳати, унда олим таъкидлаган мазкур тўрт йўналиш – тавҳид, наът, муножот ва маноқиб мужассам бўлганидир. Бу фикрлар Фурқат “Ҳажнома”сининг пухта назарий асосга ҳамда юксак маърифий аҳамиятга эга экани далилидир.

Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор


Ҳажнома
Биринчи таржиъ

Забонимға олиб ҳамди Худони,
Демак вожиб манго шукру санони.
Иноят айлабон осий қулиға
Мушаффиъ1 этти шоҳи анбиё2 ни.
Етурди жаннатосо равза3 сиға
Манингдек осийи юзи қарони.
Зиёрат айладим қабри шарифин
Ҳабиби Ҳақ – Муҳаммад Мустафони.
Яна Абу Бакр – чорёри аввал,
Ўшал вофий4, содиқи босафони.
Умар – равнақфизойи нури иймон,
Расулуллоҳға эрди ёри соний.
Нисори молу жон ўлсун фидоси
Ҳам ул бинту-н-набий5 хайру-н-нисо6ни.
Юзумни сургали, алҳамдулиллаҳ,
Насиб ўлди Ҳарам7ни остони.
На ерда ўлсам ўлсун туҳфа мандин
Дуруд8и бениҳоят ҳар замони.

Иккинчи таржиъ

Қилай эмди Ҳарам васфин саросар,
Саодат ҳужраси – нури мунаввар.
Зумуррад тугмаи тожи саодат9,
Шарафда гумбази воло10и ахзар11.
Бино чоғида меъмори – малойик,
Суви кавсар ани, туфроғи анбар.
Суви туфроғини лой айлаганда
Сомон ўрниға солғон мушку заъфар.
Куланд12 ўлмоқ таманно этди хуршид,
Ва лекин этмади Тангри муяссар.
Суволғон ганчлари кофуру13 абёз14,
Қўйулғон тошлари ёқути аҳмар15.
Ерини хоки пок мушки соро,
Тўкулғон реза-реза тоши гавҳар.
Нузули файз анда маҳз16 занжир,
Вужуди фатҳи бори ҳалқаи дар.
Эшик сидра17 дарахтидин муқаррар,
Эрур тўбий18 йиғочи остони.

Учинчи таржиъ

Зиҳи масжид, зиҳи меҳробу минбар,
Биносидур саросар санги мармар.
Ериға фарш19 қилғон тахта санги,
Сажанжал20дин мусаффо ва мужавҳар21.
Расоу ростдур сангин сутунлар –
Ки, бош чекмиш киби сарву санубар.
Равоқида ҳама оёти Қуръон,
Муҳаммад васфида бўлғон муҳаррар22.
Сутун йўқ қад чекибдур бир парирўй,
Равоқ эрмас, қош эгмиш бир суманбар.
Баннотан-наъш23 янглиғ катта қандил,
Кичиклар ҳар тараф монанди ахтар24.
Минори ҳар бири бир сарв боло,
Чекиб қад, ўлғали кўкка баробар.
Ниҳоли тамр25 жон ичра алифдек,
Топиб ул равзада андин ҳама бар.
Шарофатжўш айни мисли кавсар,
Эрур саҳни саодат бўстони.
Тўртинчи таржиъ

Рисолат тождори шоҳи “Лав лак”26,
Нубувват27 баҳрида бир гавҳари пок.
Ҳилол эрди Буроқ28и сум29иға наъл,
Ўшал оқшомки, қилди сайри афлок.
Буроқу Жаброилу қолди Рафраф,
Етушди ўзи Ҳақ қурбиға чолок30.
Деди Тангри: “Ҳабибим, ё Муҳаммад,
Тила мандин бу дам: “Инна аътойнак”31.
Дедиким: “Умматимни мағфират қил,
Эрурлар осийу саффоку32 бебок”.
Деди Ҳақким: “Шафиъ ул-музнибин33 сан,
Гунаҳдин уммати осийға не бок34 ?
Вужудинг “Раҳматан ли-л-оламин”35 дур,
Ўлурсан, ё ҳабибим, нега ғамнок?”
Зиҳи зотики, авсофида хома
Ҳуруфи ёзмади жуз “Мо арафнок”36.
Ҳамиша равзасида ястаниб хок –
Ки, етмиш минг малакдур посбони.

Бешинчи таржиъ

Муҳаммад – афзали авлоди Одам,
Вужуди – боиси ижоди олам.
Туфайлидин анинг қилди Худованд,
Бани Одамни хилқатда мукаррам.
Шаби меърож наълайни37 ғуборин,
Кўзиға сурма қилди Арши аъзам.
Сутуни чор рукн ул чорёри –
Бинои дин алардин ўлди маҳкам.
Етушсун оли асҳобиға онинг
Дуруди беадад мандин дамодам.
Муаххар38 келди гарчи нури поки,
Ва лекин куллу ашёдин муқаддам.
Кетурди қайси кун оламға ташриф,
Муҳаммад, яъни ул нури мужассам.
Йиқилди ерга ул дам жами асном39.
Ўлуб ҳам тоқи Кисро40 қомати хам.
Кетибон ердин олам зулмати ҳам
Ҳамон дам ёғди нури осмоний.

Олтинчи таржиъ

Бақиъи равзаси жаннатнишондур,
Анго мадфун41 ҳама аъломакондур.
Яна авлоду азвожи42 Муҳаммад,
Маҳал дигари аҳли хонадондур.
Учунчи ёр – Усмон ибн Аффон,
Мақоми анда олий остондур.
Расулуллоҳға аммий43, яъни Аббос,
Бақавли анда Заҳро ҳам ниҳондур.
Ҳасан бир ёнда, Зайнулобидин ҳам,
Алар бориға анда хонумондур.
Имом Жаъфар Содиқни ўғли,
Дигар гунбазда мадфун ончунондур.
Яна асҳоби пайғамбар ададсиз,
Шаҳиди поклар ҳам бегарон44дур.
Имом Молик45 – ул мазҳаб эгаси,
Анго ҳам маскани олий ҳамондур.
Ажал соқийсидин пиру жавондур,
Ҳама бехуд ичиб жоми фанони46.

Еттинчи таржиъ

Уҳуд тоғики, остидур биёбон,
Биёбон эрмаски, мардонларга майдон.
Ғазо қилғонда ул ерда паямбар
Шаҳид ўлди муборак икки дандон.
Яна аммийи Расулуллоҳ Ҳамза,
Шаҳид ўлди тегиб шамшири буррон.
Шаҳид ўлди яна етмиш ики тан47,
Эдилар барча Онҳазратга ёрон.
Дариғо, бўлсам эрди ул замонда,
Қилур эрдим аларга ўзни қурбон.
Насиб айлаб Худо эмди келибман,
Фидо турбат48лариға ҳоли ҳам жон.
Баҳор айёми анда лола эрмас,
Заминдин жўш урар хуни шаҳидон.
Шаҳидлар қонидин тоши қизориб,
Уҳудни тоғи бўлди лаълга кон.
Деюрлар қабр аро тинмай бирор он,
Оқар Маҳшаргача пайваста қони.

Саккизинчи таржиъ

Зиҳи ул масжиди олий Қубоси,
Ҳавосидин хижил жаннат ҳавоси.
Ўлуб таъмир агарчи неча бора,
Турубдур аввалин меҳроб асоси.
Паямбар Маккадин ҳижрат қилибон
Келиб ул ерга тушди ибтидоси.
Келиб ул ерга чўкди тўғри ноқа49,
Бу эрди Ҳақ таолонинг ризоси.
Ўлубон ҳам нузули оят анда,
Яна меҳроби байтуллоҳнамоси.
Агар қилса киши анда дугона50,
Бўлур эрмиш ижобат ҳар дуоси.
Яна айн51 ики дерлар биьру Хотам52,
Зиёда шираи жондин мазоси.
Абу Бакр, Умар, Усмон, Алидин
Ўлубдур тўрт масжидни биноси.
Чиқиб ансору мискину ағниёси
Ўшал манзилда кўрди Мустафони.

Тўққизинчи таржиъ

Қуюн янглиғ ўлуб саргашта, ҳайрон,
Зиёрат айладим борича имкон.
Борурдим Қиблатайни масжиди53ға,
Камоли шавқидин гирёну нолон.
Биноки, кўҳ домонидин ўлди
Кўзумға арбаъ масжид намоён.
Живор54ида қозилмиш эрди хандақ,
Паямбар вақтида келганда Суфён.
Нечукким: “Хандақ ўлғай садд55и душман”,
Дебон арз этти Онҳазратға Салмон.
Расулуллоҳ буюрдилар бўлуб шод,
Тузатдилар қозиб хандақни ёрон.
Абу Суфённи барча лашкарини
Паришон айлади барбод тўфон.
Ики меҳроб масжиди Қиблатайни
Ўлуб Ҳақдин бу қибла анда фармон.
Эрур қурбида онинг биьру Усмон,
Сувидур мисли оби зиндагони.

Ўнинчи таржиъ

Кел, эй жон, бўлса уммиди нажотинг,
Худо тоатиға сарф эт ҳаётинг.
Бу янглиғ журму56 исён бирла кечсанг,
Субҳи Маҳшарда келмасму уётинг.
Қилурсан тавба ул дам, сендурурсан,
Тариқи бандаликда йўқ саботинг.
Қутулмассан қочиб ҳаргиз ўлумдин,
Агарчи учгали бўлса қанотинг.
Тирикликда Худоға бандалик қил,
Ўлуб борсанг берур хатти барот57инг.
Қачон мақбул ўлур Ҳақ даргаҳида
Риёлиғ айлаган савму салотинг.
Ҳамиша бўлмасанг пайрав58ларида
Муҳаммадга қани умматлиғ отинг.
Ҳалол ўлса ҳисобин сан берурсан,
Қолур молинг олиб бунну банот59инг.
Фаромуш айлама ҳаргиз мамотинг,
Ажалдин олмадинг хатти омони.

Ўн биринчи таржиъ

Тушуб бошимға савдои Мадина,
Эдим бир умр шайдои Мадина.
Худоға шукрким, бўлдум муяссар,
Ўлубон роҳпаймо60и Мадина.
Манго афзал гулистони Ирамдин,
Кўрунур хори саҳрои Мадина.
Чин уммат наздида қиммат эмасму
Гуҳардин хори саҳрои Мадина.
На ман танҳо, кимики умматидур,
Қилур доим таманнои Мадина.
Тотиб кўрдумки, шириндур шакардин
Мазоқи жонға хурмои Мадина.
Нечук таҳрир этай, коғазға сиғмас,
Баёни қадри воло61йи Мадина.
Эрур ҳасни ҳасин62 аъдо63и динға,
Мудаввар64 кўҳи болои Мадина.
Шарофатлиғ саропои Мадина,
Ёзар қайси бирин килким забони.

Ўн иккинчи таржиъ

Бу ерда эрди, Фурқат, кош ўлсам,
Жиноносо65 Бақиъ66 иға кўмулсам.
Тиларманким бериб барҳам ўзумни
Жаҳон ташвишидин бир йўл қутулсам.
Керак эмди кечиб ҳушу хираддин
Муҳаммад ишқида девона бўлсам.
Ҳаром ўлсун манга гулдек очилмоқ,
Сазодур ғунча янглиғ қонға тўлсам.
Қизарсам дард бирла мисли раъно,
Аламда сарғайиб, ғам бирла сўлсам.
Десам ишқи Муҳаммад сирридин сўз
Агарчанди Насимий67дек сўйулсам.
Кечиб ғафлатда айми шабоб68им,
Надомат бирла соқолимни юлсам.
Оғир тоғдин гуноҳим, йиғламасдин
Ўзум ҳолимға, айб эрмасму, кулсам.
Агарчандики Хўқандда туғулсам,
Мадина ичра, ё Раб, айла фоний.

1309 ҳижрий сана
Зокиржон ФУРҚАТ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг