Улкан мақсад ва юксак ишонч (2019 йил, 30 сон)

107

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбари томонидан  Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг кўламда қамраб олган 10 та ташаббус  жамият ҳаётини ижобий томонга ўзгартириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг бардавомлиги йўлида  қўйилган муҳим қадамдир. Зотан, юртдошларимиз яқинда амалиётга татбиқ этилган 5 та муҳим ташаббусни катта умид ва ишонч билан кутиб олди, бу ташаббусларнинг аниқ мақсадларга йўналтирилаётганига гувоҳ бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жамиятни юксалиш йўлида ҳаракатлантириш мақсадида барча соҳа вакиллари фаоллашгани, ўз имкониятларини чамалаб, турғун ҳолатга барҳам бериш мақсадида изчил изланаётгани ва айни пайтда бу йўлда қатор камчиликлар ҳам кўзга ташланаётгани бор гап. Мавжуд вазиятни «Юксалиш» умум­миллий ҳаракати томонидан турли соҳа мутахассисларига Ўзбекис­тон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилган муҳим ташаббуслар рўйхати тақдим этилиб, улардан фуқаролар томонидан қизғин маъқулланган ва тарихий аҳамиятга ­эга, деб топилганларини белгилаш экспертлик сўрови  тарзида аниқлангани жамиятда эркин мулоқот ва очиқлик тамойилларининг қарор топаётганидан далолатдир.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий бурчдор ОАВ­да давлат раҳбарининг Марказий Осиё давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот ўрнатиш, яхши қўшничилик муносабатларини қарор топтириш,  чегараларнинг очилиши ва назорат-киритиш пунктларининг ташкил этилиши борасида юритаётган сиёсати  кенг тарғиб қилинди. Экспертлар хулосасига кўра,  яхши қўшничилик муносабатлари бўйича ўтказилган сўровларда рес­пондентларнинг 96 фоизи  бу сиёсатни қўллаб-қувватлагани Ўзбекистон томонидан минтақада, айниқса, ўзаро манфаатли тинчликни сақлаш, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган одилона сиёсатга берилган холис баҳодир. Бунда, албатта, ўтган йиллар давомида Президент  Шавкат Мирзиёевнинг “Адабий дўстлик — абадий дўстлик”дир деган даъвати, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтариш бўйича ҳар икки қардош халқнинг улуғ сиймоларини қадрлаш, уларнинг ўлмас меросларини ўрганиш ва тарғиб қилишга жуда катта эътибор қаратилгани, “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижо­дий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида” махсус  қарор қабул қилингани, унинг ижросини таъминлаш мақсадида мамлкатимизда ва  қардош Қозоғистонда кенг қамровли тарғибот тадбирлари ўтказилгани халқларимизнинг адабиёти ва маданиятига бўлган улкан ҳурмат ҳамда ишончининг ёрқин ифо­да­си бўлди.

Шунинг­дек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ­»Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилингани, унга кўра, мамлакатимизда, қардош Қирғизистонда кенг қамровли тадбирлар ўтказилгани, кўчаларга адиб номи берилгани, ёдгорлик барельефларининг ўрнатилгани фикримиз далилидир. Фақат бугина  эмас. Ён қўшни — жон қўшнила­ри­миз Туркманистон, Тожикис­тон Республикалари, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби дунёда ўз нуфузига эга давлатлар билан йўлга қўйилган борди-келдилар, ўзаро манфаатли алоқалар ҳам бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган ташқи ва ички сиёсатнинг барқарор ва изчиллигидандир.

Мамлакатимиз тараққиётида, уму­ман, дунё тажрибасида жамиятни ривожлантириш, давлат раҳбарларининг сиёсатини кенг миқёсда тарғиб-ташвиқ этишда ОАВнинг роли ҳамиша устувор бўлган. Шу нуқтаи назардан 10та муҳим ташаббуснинг 5-йўналиши Оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрнига, ҳукумат қарорлари қабул қилинишидаги ролига берилган эътибор экспертлар томонидан 69  овоз билан қўллаб-қувватлангани мамлакатимизда матбуот соҳасига бўлган катта ишонч ва жамиятда ошкораликни таъминлаш, демократик тамойилларни қарор топтиришдаги муҳим қадамдир.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, айниқса, ёш авлодни ахлоқий ва жисмоний жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича ОАВ олдига қўяётган вазифалари давлат сиёсатини оммалаштиришга бурчли газета ва журналлар учун дас­­туриламалдир.  Жорий йил  27 июнь – Матбуот ва ­оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табрикларида муҳтарам Президентимиз: “Жамиятимизда демократик қад­риятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасида сиз, матбуот аҳлининг фидокорона меҳнат қилаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”, дея эътироф этди. Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбари таъкид­лаганларидек,  минг-минглаб  ҳамкасбларимизнинг саъй-ҳаракатлари, истеъдод ва маҳорати билан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқимиз ҳаётига, унинг қувонч ва ташвишларига тобора яқин бўлиб, Ўзбекистоннинг янги, демократик қиё­фасини шакллантиришда фаоллашмоқда.  Бунинг тасдиғини миллий медиа майдонимизда фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғи кенгайиб, самарали фаолият юритаётгани, Интернет журналистикаси жадал ривожланиб бораётгани мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Шуниси аҳамиятлики, соҳа ходимларига катта ишонч билдирилмоқда. Айниқса, мамлакатимиз матбуотининг дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига, қиёфасига эга бўлишини ҳаммамиз хоҳлаймиз ва бунга ҳаракат ҳам қилинаётир. Чунончи, ёш кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакаларини дунё стандартлари даражасида ошириш, халқаро миқёсда фаолият юрита оладиган журналистларни тайёрлаш мақсадида  Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ташкил этилгани, соҳани ривожлантириш борасида азалдан шаклланиб келаётган устоз-шогирдлик муносабатларининг йўлга қўйилгани, хориж тажрибаларини ўрганиш мақсадида журналистларининг чет мам­лакатларда бўлиб, соҳа сир-синоатини пухта ўрганаётгани бунга мисолдир. Аминмизки, давлатимиз раҳбари томонидан улкан мақсад ва юксак ишонч билан ҳаётга тақдим этил­ган 10 ташаббуснинг мамлакатимизнинг дунё миқёсида обрў-эътиборини оширишда, мустақиллигимизни мус­таҳкамлашда ўрни ва аҳамияти катта бўлади ва ҳамда барча соҳа ходимларига куч-ғайрат бағиш­лайди.

Ўктам МИРЗАЁР

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг