Меҳр масофа билмайди (2019 йил, 30 сон)

181

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида амалга оширилаётган изчил сиёсат нафақат Марказий Осиёда, балки бош­қа хорижий мамлакатларда ҳам эътибор топмоқда. Ана шундай кўп қиррали муносабатлар Беларусь Республикаси билан ҳам тобора мус­таҳкамланиб бораётгани қувонарлидир. Яқинда ушбу мамлакатда сиёсат, иқтисод, маданият соҳаларида нашр этиладиган, “Беларусь” деб номланадиган журналда “Европа марказидан Марказий Осиёга” сарлавҳали материал остида Ўзбекистоннинг бугунги ҳаётига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди.

Салмоқли журналнинг қарийб чорак қисмидан жой олган ушбу туркум мақолалар Беларусь Ахборот вазири Александр Карлюкевичнинг кириш сўзи билан бош­ланади. Муаллиф ке­йинги бир неча йил ичида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик уфқларининг кенгайиши ҳақида тўхталиб, ушбу давлат матбуотида чоп этилган “Ўзбекис­тонга йўл очилди”, “Дўстлик қанотида янги технологиялар”, “Минск – Тошкент: ҳамкорлик тўлқинида”, “Минск – Тошкент: янги саҳифа” каби кўплаб мақолаларни санаб ўтади. “Шубҳасиз, бизнинг алоқаларимизга Беларусь Президенти Александр Лукашенко ва Ўзбекис­тон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг учрашуви кенг кўлам ва жўшқинлик бағишлади, – дея қайд этади у. – Беларусь ва ўзбек халқларининг дўстлиги оғир даврлар синовидан ўтган. Дўстлигимиз масофа билмайди. Биз бу дўстликнинг қадрини жуда яхши англаган ҳолда, уни янада мустаҳкамлаш йўлидан бораётирмиз. Ҳамкорлик уфқларимиз кенг – савдо, саноат, маориф, туризм, тиббиёт, маданий алоқа­лар”, дея таъкидлайди вазир.

Журналдан, шунинг­дек, Ўзбекис­тоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Носиржон Юсупов билан суҳбат, атоқли ўзбек олими, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Беларусь туп­роғида фашизмга қарши курашган Олим Шарофиддинов ҳақида мақола, ўзбек мақоллари, таниқли адиб Қўчқор Норқобилнинг ижодий йўли ҳақида, ўзбек таомлари ва бош­қа мавзулардаги қизиқарли материаллар жой олган.

Б.ҲАЙДАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг