Биз, мустақиллик фарзандлари эзгу мақсадларимизга етишиш учун барча имкониятлар яратилаётган бир даврда яшаяпмиз. Бугунги ўзгаришлар бизнинг келажакка ишончимизни янада мустаҳкамлаб, бор қобилиятимизни рўёбга чиқаришимизда илҳом бағишлаяпти. Бу тажрибали устозларнинг меҳнатисиз амалга ошмаслигини жуда яхши ҳис қиламиз. Шу маънода мен бахтли ва омадли шогирдлардан бириман. Устозим Саида опа Саидова Тошкент шаҳрида таваллуд топганлар. Оталари муҳандис. Оналари мактабгача таълим муассасасида мусиқа тарбиячиси бўлиб фаолият кўрсатганлар. Шунинг учун бўлса керак, 5-синфдан бошлаб Глиэр номидаги Республика махсус мактабининг халқ чолғулари бўлимида най мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Ўқувчилик давридаёқ концерт дастурларида, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда қатнашиб, истеъдодини намойиш қилган.
Нега най созини танлагани ҳақидаги саволимга устоз шундай жавоб берди:
— Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида аёл найчи йўқ ҳисоби эди. Ҳозир ҳам бу соҳада аёллар кам учрайди. Лекин 11 ёшли қизалоқнинг илк бор найни қўлига олиб, ўзи пуфлаб, бармоқларини босиб, майин оҳанглар чиқариб завқланиши, қисқа муддатда “Жўжалар” куйини мустақил ижро этиши… Ҳаммаси шундан бошланган. Танлашдан кўра, боғланиб қолиш, деб ўйлайман бу воқеани. Қолаверса, биринчи устозим Эркин ака Нузуровнинг эътиборлари сабаб бўлган. Тошкент давлат консерваториясида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, профессор Мирза Тоировдан олган сабоқларим найни тақдиримга айлантирди. Марҳум санъаткоримиз Ҳабиба Охунованинг “Найнинг навосига жоним тасаддуқ” сатри билан бошланувчи қўшиғини эшитганимда аёл найчи бўлганимдан фахрланиб кетаман.
Устоз 1993 йилдан буён Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида най мутахассислиги бўйича сабоқ бериб келяпти. Шу йиллар мобайнида кўплаб шогирдлар етиштирди. Улардан Жамшид Абдуназаров, Муҳаммад Дўстчонов, Равшан Жўрабоев ва Машҳурбек Козимжонов республика ва халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёзли қабул қилиндилар. Ўзим ҳам устоз раҳбарлигида 6 йилдан буён най чалишнинг нозик усулларини ўрганиб келяпман. 2014 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган Ф.Мирусмонов номидаги ёш ижрочилар кўрик-танловида, 2015 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида, Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида, 2016 йилда Италия пойтахти Рим шаҳрида ўтказилган Халқаро кўрик-танловларда биринчи ўринни қўлга киритдим. Бундан ташқари, Францияда ўтказилган “Париж оҳанглари” халқаро танловининг Гран-при мукофотига сазовор бўлдим. 2016 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Она юрт оҳанглари” II Халқаро танловида биринчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёзли равишда қабул қилиндим. Бу йилги “Ниҳол” давлат мукофоти танловининг туман ва вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритдим, 2017 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси “Ёшлар иттифоқи” Марказий кенгаши томонидан “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирландим. Ютуқларимнинг барчасида, аввало, жонкуяр устозим Саида Саидова, раҳматли бувижоним ва меҳрибон ота-онамнинг меҳнатлари беқиёс.
Бугун биз бўлажак санъаткорларнинг асосий вазифаси ғайрат-шижоат кўрсатиб ижод қилиш ва танлаган соҳамизда юртимиз равнақига ҳисса қўшишдир.
Асилбек АҲАДЖОНОВ