Тарих – улуғ мураббий (2019 йил, 29 сон)

136

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон тарихи» телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг эълон қилиниши маънавий ҳаётимизда муҳим воқеалардан ­бири бўлди. Бугун халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида миллий тарихимизни билишга бўлган иштиёқ анча кучайган бир паллада тарих телеканали ташкил этилиши айни муддаодир.

Тарих – халқ маънавиятининг асоси, унда миллий ­ғоя, сиёсат, иқтисод, маданият, маънавият, энг муҳими ота-бобо­лар ўтмиши мужассам. Бугун ахборот технология­лари юксак ривож топиб, ер юзининг олис бурчагида юз берган воқеа бутун дунёда акс-садо бераётир. Глобаллашув жараёнлари кечаётган паллада муҳтарам Президентимиз айтмиш, “ҳавас қилса арзийдиган улуғ тарихимиз, буюк аждодларимиз” ҳақидаги ноёб тарихий маълумотларни дунё аҳлига фахр ва ғурур ила, баралла етказиш имкониятимиз кенгайди. Қолаверса, халқимизнинг тақдирида рўй берган, тарихимиздан ўрин олган гоҳ шонли, гоҳ тушкун ва фожиали ҳодисалар Ватанини севувчи ҳар бир инсонни бефарқ қолдирмайди.

Тарих – фақат шу фан соҳасининг эмас, балки миллатнинг ҳар бир вакилига бирдек дахлдордир. Бу ҳақиқатни чуқур англаш фурсати аллақачон етган. Президент    Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларида ана шу муҳим омилни тез-тез эсга олади. Масалан, ўтган йилнинг ноябрь ойидаги учрашувда давлатимиз раҳбари ҳарбийларимизнинг тарих ҳақидаги билимлари билан қизиқди:

– Мана, Амир Темур бобомиз билан ҳаммамиз фахрланамиз. Лекин, холисона айтайлик, улуғ Соҳибқироннинг “Тузуклар”ини қанча аскар ўқиган? – Ёки буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳамма ҳам етарли билимга эгами? Ваҳоланки, бу аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганишади.

Давлатимиз раҳбари аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин албатта Ўзбекистон тарихи фани ва “Темур тузуклари”дан синов топшириши кераклигини таъкидлади. Илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларимизнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши боболаримиз ҳақида илмий тадқиқотлар олиб бориш, бадиий китоблар, кинолар яратиш тўғрисида кўрсатма берди.

Дарҳақиқат, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.  Аммо очиғини айтганда, оламшумул зотлар ҳақидаги билимларимиз кўпинча шу фахрланиш билангина тугаши сир эмас. Масалан, тиббиётчиларимиз столида Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” турадими? Ҳарбийлар, умуман раҳбар ходимларнинг неча фоизи “Темур тузук­лари”дан хабардор? Астрономлар “Зижи Жадидий Кўрагоний” асарини худди карра жадвалидек билишадими? Ал-Хоразмийнинг “Ал жабр вал муқобала” асарини, Абу Райҳон Беруний асарларини ҳар бир мактаб ўқувчиси яхши билиши учун нималар қилишимиз керак?

Президент Шавкат Мирзиёев ўз суҳбатларида ушбу ҳақиқатни бот-бот тилга олади, бугунги ислоҳотлар жараёнида тарихни чуқур билишнинг аҳамиятини таъкидлайди: “Суворов мактабини Темурбеклар деб ўзгартирдик. Гап номда эмас, ғояда, мафкурада, ғурурда! Боғчадаёқ болаларимиз Ватанни, тарихни, мадҳияни, байроқни, Амир Темурни, Биринчи Президентимизни… яхши ўрганишсин…”

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтидаги бешта мустақил фондларда жами 25 минг атрофида қўлёзмалар, 40 мингдан ортиқ тошбосмалар, 5000дан ортиқ тарихий ҳужжатлар кўз қорачиғидек асраб-авай­лаб келинади. Уларда жами 300 мингдан зиёд асар­лар нусхалари мавжуд, дейилади. Ушбу институт ЮНЕСКОнинг инсоният миллий-маданий ва моддий бойликлари рўйхатига киритилган. Ушбу беқиёс бойликларимиз синчиклаб ўрганилса, қанчалаб тарихий фильмлар, кўрсатувлар учун дас­тур бўлиши мумкин! Шу ўринда Нобель мукофоти соҳиби, физик олим Пьер Кюрининг мана бу сўзлари эсга тушади: «Мусулмонларнинг Андалусиясидан бизга 30 та китоб қолди. Ўша китобларни ўқиб, атомни парчалашга эришдик. Агар биз ёқиб юборган ана ўша буюк Ислом цивилизасиясига тегишли ярим миллион китоблар ҳам қолганида нима бўларди? Дарҳақиқат, агар ўша китобларни ёқиб юбормаганимизда, ҳозир фазодаги галактикалар орасида сайр қилиб юрган бўлардик».

Ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг жуда кўпчилиги бизнинг аждодларимиз – Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Беруний, хоразмийлар, насафийлар, бухорийлар, термизийлар, шошийлар эканини назарда тутсак, Ғарб олимининг фикри ҳақлиги ҳамда биз қанчалик улкан хазина соҳиби эканимиз аён бўлади. Масалан, Абу Райҳон Беруний ёзган асарлар рўйхатининг ўзиёқ, агар майда ҳарфлар билан ёзилса, олтмиш варақлик китобча ҳосил бўлар экан! Буюк Британиянинг машҳур Кембриж университетида Хоразмий ва Ибн Сино стипендиялари таъсис этилиши асло бежиз эмас.

Қарорда, “буюк ватандошларимиз — олимлар, мутафаккирлар ва азиз-авлиёлар, шоир ва ёзувчилар, саркардалар, давлат арбобларининг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида уларнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлиги тўғрисида, шунингдек, дунё аҳамиятига эга бўлган Ўзбекистон энг янги тарихининг ғоят ёрқин ва унутилмас саҳифалари ҳақида ҳикоя қилувчи илмий-оммабоп дастурлар ва ҳужжатли фильмлар туркумларини яратиш, «Ўзбекистон тарихи» телеканали фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланган.

«Ўзбекистон тарихи» телеканалининг ташкил этилиши – юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавият тарғиботи, туризм ва тадбиркорликни янада ривож­лантириш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ўтган йили Юрт­бошимиз Хоразм вилоятида бўлганида бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирган эди: «Биз чет эллик туристларни қадимий тарихимиз ва қадриятларимиз билан жалб қилишимиз мумкин. Лекин Хоразмнинг, Хиванинг тарихи тўлиқ ўрганилмаган, уни таништириш бўйича тизим ҳам йўқ. Шунинг учун Хоразм тарихини энг қадимги даврдан бош­лаб йилма-йил ўрганиб, одамларга содда тилда тушунтиришни йўлга қў­йиш керак. Муҳим даврлар ва воқеалар, ҳар бир хон ҳаёти бўйича шоурумлар ташкил этиб, сайёҳ­ларни қизиқтириш зарур. Хивага келган одам катта таассурот, билим олиб кетсин, бу ерда кўпроқ қолиб, вақтини мазмунли ўтказсин…”

Дарҳақиқат, кўҳна ва тарихий шаҳарларимиз ҳақида дейлик, “Шариф шаҳар – Бухоро”, “Мардлар шаҳри – Термиз”, “Алломалар шаҳри Кеш”, “Ер юзининг сайқали Самарқанд”, “Тошкентнома”, “Хўқанди Латиф”… каби туркум кўрсатувлар, тарих китоблари яратилса, қандай улуғ иш бўлар эди! Бу фильм ва китоблардан фақат ўзимиз эмас, балки бутун жаҳон аҳли қизиқиб, ҳавас қилиб сотиб олиши учун турли тилларга таржима қилинса, айни муддао.

Бу борадаги хайрли ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Президент топшириғига мувофиқ 2017 йилда Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича катта ишлар бошланди. «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Тарихий манбаларда, хусусан, «Бобурнома»да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1620 йилга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган. Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган Шоҳруҳия шаҳри ҳам ана шундай машҳур тарихий жойлардан бири саналади. Бу манзилда машҳур саркарда Темур Малик ва Чингизхон қўшини ўртасида қаттиқ жанглар кечган. Бугун сокин тепаликлар кўринишини олган Шоҳруҳия­да отларнинг кишнаши, қиличлар жаранги, жангчиларнинг “урҳо-ур” деган ҳайқириқлари бехос қулоғингизга чалингандек бўлади. Ёки Шаҳрисабзнинг Танхоз дарёси бўйидаги машҳур “Навоийтепа”да қанчалар сир-синоат яши­рин! Халқ ичида сақланган ривоятларга кўра, бу тепаликда кеш­ликлар Самарқандга таҳсилга бораётган ёш Алишер Навоийни кутиб олишган экан. Юртимизда бу каби сирли, тарихий манзиллар жуда кўп. Қамаши туманидаги “Бобуртепа”, Яккабоғдаги “Қирқ қизлар”, ёш Темурбек пойга ўйнаган тепалик, Ғузор туманидаги “Тоҳир ва Зуҳра” зиёратгоҳи каби манзилларни жуда узоқ санаш мумкин. Бу сирли жойлар ҳақида “Тарих телеканали” учун туркум кўрсатувлар, ҳатто сериаллар тайёрлаш мумкин. Асосийси – “Тарих телеканали”нинг рейтингини юксакка кўтариш, уни нафақат юртимизда, балки узоқ-яқин юртларда ҳам машҳур қилиш учун имкониятлар бисёр. Бугунги кунда компьютер воситасида жонлантириш (анимация) имкониятлари юксак тараққий эт­ган. Оқсарой, Кўксарой, Бостонсарой каби машҳур қасрларни, умуман, кўҳна шаҳарлар қиёфасини “қайта тиклаш”, улкан жанг манзараларини акс эттириш мумкин. Бинобарин, эфир вақтини бошқа каналлардаги каби рекламалар ва таржима қилинган хорижий фильмлар билан тўлдириш асло шарт эмас. Қарорда айтилганидек, “Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини чуқур ўрганиш, ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот иш­ла­ри­ни фаоллаштириш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва аждод­ларимизнинг бебаҳо мероси асосида тарбиялаш, жамиятда ватанпарварлик ва ўз халқи билан ғурурланиш туйғусини шакллантириш асосида миллий ўзликни англаш ҳиссини мус­таҳкамлаш ва ватандош­ларимиз дунёқарашини кенгайтириш”дек хайрли мақсадларни кўзлаган “Ўзбекистон тарихи” телеканалида бунинг учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Мухлислар фахр-ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотувчи мароқли дастурларни ҳозирданоқ кутишмоқда.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг