«Чақор мақола» («Нодир ҳикоятлар»дан) 2019 йил, 29 сон

148

Мумтоз поэтика масалаларига бағишланган асарлар, Шарқ поэтикаси манбалари фақат мутахассислар ёки ижодкорларда эмас, шунингдек, талабалар, мумтоз адабиётимизнинг чинакам мухлислари томонидан ҳам катта қизиқиш билан ўқилади. Бу борада, айниқса, талабаларни миллий маънавиятимиз илдизлари ва филология илмининг асослари билан чуқурроқ таништириш мақсадида чоп ­этилган “Шарқ мумтоз поэтикаси” (“Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2009) эътиборга молик ­китоблардандир. Профессор Ҳамидулла Болтабоев нашрга тайёрлаган мазкур ўқув қўлланманинг биринчи китобига адабиётимизнинг бадиийлик асос­лари ва лисоний гўзалликларига бағишланган бирламчи манбалар киритилган. Муштарийларнинг талаб ва истак­ларини инобатга олиб ва “Шарқ мумтоз поэтикаси” китоби кам нусхада (адади 300та) чоп этилганини назарда тутиб, ушбу нашрдан айрим асарларни кўчириб эълон қилишни маъқул топдик.

Шеър илмининг моҳияти ва шоирнинг салоҳияти ҳақида

Шоирлик шундай санъатки, (шоир) бу санъат орқали ҳаяжонлантирувчи тушунчаларни ҳосил қилади ва таъсирчан қиёсларни бир-бирига улайди. У шундай йўл билан, масалан, кичик маънони каттага, катта маънони эса кичикка айлантиради, чиройликни хунук либосда кўрсатади, хунукни эса чиройли суратда жилвагар этади. Илҳом санъати билан ғазаб ҳамда ҳиссий қувватларни қўзғатади, натижада кишилар табиатида қайғу ёки хуррамлик пайдо бўлади. Бу эса улуғ кишилар фаолиятида оламни тартибга солиб туриш учун хизмат қилади.

Шоир ва шеърнинг қандай бўлиши ҳақида фасл

Шоирнинг руҳи тоза, фикри кенг, табъи латиф, кўнгли тўғри ва зеҳни ўткир бўлмоғи лозим. У яна турли фанлардан хабардор бўлиши, ҳар хил одатлар билан таниш бўлмоғи керак. Чунки шеър ҳар бир илмда қўл келиши ва ҳар хил илм шеърда ифодаланиши мумкин.

Шоир мажлисларда ширинкалом ва дўстлар даврасида очиқ чеҳра бўлиши лозим. Шеърлари эса ҳаёт саҳифасида боқий қоладиган, покиза табиатли кишилар тилидан тушмайдиган, баёзларга ёзиб олинадиган ва шаҳарларда ўқиладиган даражага етган бўлиши керак. Шеърдан кўзланиладиган катта мақсад ва улкан ният бу номни боқийлаштиришдир. Шеър ўқилмаса ва кўчирилмаса, бу мақсад ҳосил бўлмайди. Бу даражага етмаган шеърнинг таъсир қуввати бўлмайди. Агар шеър ўз боқийлигига эга бўлмаса, у қандай қилиб ўзга кишиларнинг номини адабийлаштириши мумкин!

Агар шоир ёшлик айёмида ва йигитлик давронида ўтмиш шоирларининг шеърларидан йигирма минг байтни хотирасида тутмаса, замондош­ларининг асарларидан ўн минг байтни   ёд   билмаса,   устодлар девонини пай­васта ўқимаса, сўзнинг нозик томонлари ва қийин жойларини қандай йўл билан ҳал этганликларини ўрганмаса бундай юксак даражага етолмайди ҳамда шеър навълари1 ва йўллари
унинг табиатида ўз ифодасини топмайди, шеърнинг соз ёки нуқсонли томонлари ақлининг саҳифасида ўз аксини кўрсатмайди, сўзлари буюклик томон, табъи эса юксаклик сари майл этмайди.

Ҳар кимнинг шеър табъи мус­таҳкам, сўзлари эса равон бўлса, шеър илмини ўрганишга, аруз ўқишга киришади. Устод Абулҳасан Сарахсий Баҳромийнинг «Ғояту-л-арузайн» асарини ҳамда «Канзу-л-қофия», «Нақди маоний»,  «Нақди  алфоз»,  «Сариқот» ва «Тарожим» китобларини мутолаа қилади. У мазкур фаннинг ҳар бир турларини шу фанни яхши билувчи устод қўлида ўзи устодлик даражасига етмагунча, юқорида биз санаб ўтган устодлар каби унинг номи ҳам ҳаёт саҳифасида пайдо бўлмагунча таълим олади. У ўз ҳомийси ва мамдуҳидан2 нимани олган бўлса, уларнинг номини адабийлаштириш билан ҳақини узади. Подшо ҳам шоирлар унинг хизматида рўёбга чиқиши ва ўзи шоирнинг мақтовидан шуҳрат топиши учун улар тарбиясидан қўл тортмаслиги лозим. Агар шоир бу даражадан кам бўлса, унинг учун пул сарфлашга ва шеърларига илтифот қилишга ҳам арзимайди, хусусан, агар у кекса бўлса! Мен буни кўп текшириб кўрганман, бу оламда қари шоирдан кўра баттарроғини кўрмаганман, унга берилган пулдан кўра зое кетган пул бўлмайди. Эллик йил ичида ҳам мен айтган гапларнинг ростлигини билиб, шу даражага етолмаган нўноқ киши қайси пайтда ета олади?!

Шоир ёш бўлсаю шеърлари яхши бўлмаса, аммо қобилиятли бўлса, ­унинг яхши шоир бўлишига умид қилса бўлади. Олийжаноблик қоидаси бў­йича, бундай шоирнинг тарбия­сига киришиш вожиб, у ҳақда қайғуриш фарз, меҳрибонлик кўрсатиш шартдир! Подшоҳнинг олдида бадиҳа айтишдан кўра яхшироқ нарса йўқ! Бадиҳа билан подшоҳнинг кўнгли шод бўлади, мажлислари қизийди, шоир эса мақсадига етади. Бадиҳа айтиш ва тез шеър тўқиш билан сомонийлар сулоласи даврида Рудакий эришган бахтга ҳали ҳеч ким эришган эмас!


Изоҳлар:

  1. Шеър навълари — бу ўринда мумтоз адабиётдаги шеър шакллари (жанрлари) назарда тутилган.

2. Мамдуҳ — мақталган, мадҳ этилган.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг