Шафқатсиз ўйинлар қурбони (2019 йил, 29 сон)

71

Кўпгина операларнинг сюжети оддий ва тушунарлидек таассурот уйғотади.Уларда, албатта, тўсиқларга учрайдиган муҳаббат, характерлар қарама-қаршилиги, қизиқишлар, қарашлар хилма-хиллиги тасвирланиб, воқеалар фожиавий якунланади. Опе­ра санъати билан яхши таниш бўлмаган одамларга воқеалар ривожи зерикарли, сокин, вазиятлар эса тушунарли кўриниши мумкин. Дарвоқе, қарама-қаршилик ҳам яхшилик ва ёмонлик тўқнашуви асосига қурилади. Бироқ аксарият ҳолларда бундай оддийлик алдамчи бўлади. Шундай опералар борки, улар барча қолипларни ёриб чиқиб, мусиқа санъати ривожи учун кутилмаган имкониятларни очади. Бундай асарларда қаҳрамонлар фожиаси орқали умуминсоний ахлоқий қадриятлар очиб берилади.

Италиялик буюк композитор Жузеппе Вердининг “Риголетто” асари ана шундай ноодатий опера­лар сирасига киради. Либреттога асос қилиб олин­ган Виктор Гюгонинг “Қирол эрмаги” пьесаси цензура томонидан расмий таъқиқланган. Гюго драматургияси Ж.Вердини, аввало, романтик йўналиши, қаҳрамонларнинг эҳтиросли тўқнашувлари, абадий умуминсоний муаммо бўлган гўзаллик ва хунуклик ўртасидаги номутаносиблик, одамларнинг жазодан ҳоли бўлган ҳукмронлик қаршисида ожизлиги, инсоннинг тақдир билан кураши каби воқеаларни акс эттиргани билан қизиқтириб қолади. Ж.Верди билан узоқ йиллар ҳамкорлик қилган Ф.Пьяве либретто ёзади. Бироқ цензура талаби билан воқеа бўлган жой ва вақтни ҳамда асл қаҳрамонларни ўйлаб топилган персонажлар билан алмаштиради. Шу тариқа тарихий қирол қандайдир герцогга, бадбашара масхарабоз Трибуле Риголеттога айланади. 1851 йили Венецияда бўлиб ўтган опера премьераси мухлислар ўртасида мислсиз муваффақият қозонади. Шундан буён 168 йил ўтган бўлса-да, томошабинларнинг мазкур опера­га қизиқиши сўнмади.

Мусиқий, драматургик, ижро жиҳатидан мураккаб бўлган ушбу операга мурожаат қилган Али­шер Навоий номидаги давлат академик катта театри асарни саҳналаштиришни ёшларга — дирижёр А.Аҳмедов ва режиссёр Р.Шерездановга ишо­ниб топширди.

Р.Шерезданов олис тарихга эга бўлган мазкур асардан нимадир янгилик топган, мавзуни, характерларни, қарама-қаршиликларни янгича талқин қилишга муваффақ бўл­ган. Саҳналаштирувчи режиссёр тубан ҳиссиётлар ва жавобсиз севги, қасос ва хоинлик, айёрлик ва бурч, беҳаёлик ва топталган муҳаббат каби ўзаро зид мавзуларни ёрқин акс эттиришга ҳаракат қилган.

Парда очилгач, томошабин кўз ўнгида ғаро­йиб тасвир олами, гўзал безаклар мажмуаси (рассом З.Ботиров) намоён бўлади. Рассомнинг ўткир нигоҳи операнинг драматургик асосини, ҳақиқий ҳиссиётлар, маънавий поклик қадрсизланаётган масхарабозлар оламини тасвирлашга қаратилган. Ҳаракат жойини эмас, спектаклнинг мусиқий ва саҳнавий муҳитини очиб беришга хизмат қилувчи образ яратишга муваффақ бўлган рассом режиссёр билан ҳамоҳанг фикр юритади ва томошабинни ҳам фикрлашга чорлайди.

Биринчи акт беташвиш қувноқ бал, шўх рақс композициялари (хореограф М.Левицкая), Герцогнинг ҳаётсеварлик руҳидаги арияси ва Герцогнинг кўнгилхушлиги учун Монтероненинг қизини ўғирлашда қатнашган Риголетто исмли масхарабознинг Монтероне томонидан дуои­бад қилинишидек фожеий мавзунинг қарама-қаршилиги асосига қурилган. Монтероненинг дуоибади Риголеттога тинчлик бермайди. Истеъдодли солистлар Ш.Ғафуров ва Р.Гафаров ижросидаги ария ўз қизининг келажаги учун хавотир ҳисси билан тўлиқ. Актёрлар масхарабоз­нинг руҳий ҳолатидаги ҳис-туйғулар туғёнини ғоят нозик ва самимий ифода­лаб беролганлар.

Хўш, Риголетто ўзи ким? У икки хил ҳаёт кечиришга маҳкум этилган сарой масхарабози. Бир томондан у Герцогга ёқишга ҳаракат қилаётган сурбет, шартаки масхарабоз, айни пайтда хўжа­йини ва унинг атрофидагиларнинг жинояткорона ҳаёт тарзини тушуниб турган, қизини севувчи меҳрибон ота. Қизи Жилдани ҳимоя қилишга жон-жаҳди билан уринган Риголетто охир­-оқибат ўзи Герцогнинг шафқатсиз ўйинлари қурбонига айланади. Унинг қизи Жилда тасодиф туфайли ёлланган қотил Спарафучиленинг зарбасидан ҳалок бўлади.

Истеъдодли актрисалар Л.Абиева ва А.Мухаметзянова ижросидаги Жилда самимийлиги, пок қалби, садоқати билан томошабинни мафтун қилади. Айни пайтда томошабин кўз ўнгида бахт ва муҳаб­батга интилган, шу йўлда ҳаётини қурбон қилган кучли, иродали ёш қиз гавдаланади. Ҳар икки актриса яратган образ бир-биридан қолишмайди. Айниқса, Жилда ўзи қандай қилиб Герцог қасрига келиб қолгани ҳақида отасига сўзлаб бераётган саҳна ниҳоятда таъсирли. Актёрлар қаҳрамонларининг ички ҳая­жони ва хавотирини ишонарли ифода­лашлари учун режиссёр бу дуэтда ота ва қизнинг ўзаро муносабатини қандай қуриши масаласи жуда муҳим эди. Яъни қизнинг Герцог билан танишиши ҳақидаги самимий ҳикояси мавжуд шароит­да унинг иложсизлигини ифодаласа, Риголеттода эса вазиятни ўзгартириш учун ҳаракат қилиш, ғазаб ва нафрат пишиб етилади.

Ж.Верди операсида Герцог (Р.Усмонов, С.Али­мов), Спарафучиле (К.Барчанинов, М.Мелиев), Мадда­лена (Ф.Юсупо­ва, А.Юдина), граф Мон­те­роне (Д.Идрисов, С.Абду­раҳимов) образларини яратган ҳар бир актёр ўз персонажлари руҳиятига, ички оламининг эмоционал ҳолатига чуқур кира олган, аниқ-равшан иж­ро услуби билан ажралиб туради. Албатта, бунда режиссёрнинг алоҳида ўрни бор.

Актёрларнинг ўз партияларини табиий, қовушимли ижро этиб, том маънода драматик ва вокал ифодавийликка эришолганларида шубҳасиз, Ж.Вердининг мусиқий партиясини қалбдан тушуниб оркестрни бошқарган ёш дирижёр А.Аҳмедовнинг ҳиссаси катта.

Спектакль хотимаси кутилмаган тарзда намоён бўлади. Агар либреттога риоя қилинса, кўпинча хотимада Риголетто Герцогнинг жасадини топаман, деб ўйлаб қирққан қопда ўзининг ўлим арафасидаги қизини кўради. Риголетто эгилиб, қизини кўтариб олади. Риголетто ва Жилданинг хайрлашув саҳнаси деярли ҳамма вақт шундай қўйилган. Бироқ Р.Шерезданов кенг тарқалган бу ечимдан воз кечган. Жилда аркда пайдо бўлади ва сўнгги сўзларини айтади: “Уни севгандим ва унинг учун ўламан”. Эҳтимол, бу кичик саҳна кўпларга ғалати тую­лиши мумкин. Бироқ бу саҳнада аниқ маъно-мазмун бор: ишонч алданади, қадр-қиммат топталади, аммо севги ўлимдан кучли, у абадий қолади.

Алишер Навоий номидаги театрда саҳнага қўйилган “Риголетто” спектакли Ж.Вердининг бу операсига қизиқиш ҳеч қачон сусаймаслигини яна бир бор намойиш этди. Энг муҳими, ушбу саҳна асари театр труппасининг ижодий имкониятларини, вокал, оркестр, саҳнавий талқин бобида тўла уйғунлик мавжудлигини исботлади.

Муҳаббат ТЎЛАХЎЖАЕВА,

санъатшунослик фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг