Бу мамлакат – мен ўзим, тилим – ор-шаъним… (шеърлар) 2019 йил, 29 сон

150

Ота ўғил

Далачи бўз йигит эди,
Бугун – аскар у ёвқур.
“Айт-чи бурчинг надур?” деди,
Микрофонли бир мухбир.

Асрайман, дер йигит ўктам,
Ҳар боғу, ҳар полизни.
Топтай олмас энг зўр ёв ҳам
Отам эккан тарвузни!

Билгисиз марра

Чўққига интилув – мардлар шиори,
Қайгача етмоқлик – тақдир қимори.

Айлана

Доим шундай бўлган, шундай бўлади:
Туғилган – туғилмоқ учун ўлади…
Норбойнинг оиласи

Уйланди Нор – ўзбек йигит
Қозоқ қизи Омонгулга.
Сандиғидан аримас қут,
Рўзғор гуллар йилдан йилга.

Боланг нечта, десангиз, Нор –
Дейди, ҳазил қилиб қувноқ:
– Жами олти фарзандим бор,
Учта ўзбек, учта қозоқ.

Нафс ўпқони

Гар бургут ҳайбатли, ғурурли чунон,
Виқорин топтаб гоҳ тутиб ер сичқон.

Зўрловсиз турмуш

– Нархи неда эркнинг? Чўққиси қайда?
– Эрк – тазйиқдан қўрқув бўлмаган жойда…

Тиббий ёндашув

Омонмисиз, дўхтиржон оға,
Эй, оламга таниқли жарроҳ.
Кўрсам ғалат ишларни гоҳо,
Сизни эслаб қоламан ногоҳ.

Баъзан ҳасад тўпласа йиринг,
Баъзан фитна ин қурар дилга.
Даф этмоққа уриниб кўринг,
Олиб сирли пинцетни қўлга.

Илғорлади беҳад тиббиёт,
Пайвандлашар янги жигарни.
Алмаштириб бўлмаса, наҳот,
Бошдаги кир ҳужайраларни?

Балки нафси аждарҳо зотни
Тийса бўлар бужмайтиб қорнин?
Қонга сингган фисқу фасодни
Сўриб олиш имкони борми?

Риштасига имон пайвандлаб,
Мумкинмикан дилни қилмоқ бут?
Бўлармикан тоза онг жойлаб,
…Нечун сақлаб турибсиз сукут?!

Мулзам сукут…
Таскинсиз сукут…

Ўзига ишонув

Таянса одам онг, шашти, кучига,
Тўкин яшар, ҳатто қудуқ ичида.
Чалатуркийлик
Сатангсўз тўдалар аро гиз-гизлаб,
Юрибман… касалманд тилимни излаб…
Уччаноєлар
Омадсиздир бу дарахт…
Турар сўлғин ва карахт,
Совуқ уриб қоқ ёзда.

* * *

Бехос ютдим суякни,
Тилди у кекиртагни
Бўлиб оч ит тирноғи.

* * *

У – давлатманд, мен – йўқсил,
Майли, унга бер кўнгил,
Бахт йўлин оч болангга.
Асосийси — єизлар

Ёпишмоқлик шашти – бизларга боғлиқ,
Топишмоқлик гашти – қизларга боғлиқ.
Ўзимиз ким?

Ўнг кўзинг алданса гар чап кўзингдан,
Бил, улар ўрганган буни ўзингдан.
Сув…

Ариқ тўла сув келади, сув келади,
Сачроғида жимжима ёғду келади.
Дикки-дикир тўлқинида олмами, ё –
Жаста уриб ўйноқи оҳу келади.

Ариқ тўла сув келади, сув келади,
Қўйнида дур, сатҳида инжу келади.
Мисли тириклик куйи кўнглинг суғориб,
Шарқирабон покиза туйғу келади.

Ариқ тўла сув келади, сув келади,
Марза-эгатлар сари кулгу келади.
Оши ҳалол деҳқону боғбон бошидан
Қут-барака сочгали дув-дув келади.

Ариқ тўла сув келади, сув келади,
Ҳовузчада суманга кўзгу келади.
Томчиларин ҳар бири бир шона бўлиб,
Сув тусида ўзбекка орзу келади…

Сув қуриса…

Сув қуриса – борлиққа қўрқув келади!
Тил
Бу мамлакат – мен ўзим,
Тилим – ор-шаъним.
Тилимга чанг солса ким –
Синфий душманим!
Чорасизлик ўпқонида

Бош эгиб бир четда ўтирибман жим…
Ҳол сўрмай, ҳолимдан кулаётган ким?!
Аранг танидим

Мағрур эдинг, энди – мушфиқ югурдак,
Воҳ, сени не куйга солмиш кекиртаг!

Тутқаноқ

Академик Бахтиёр Назаровга

Ана, келди!
Бошланди яна!
Ҳаловатга тиғ урди туғён.
Вазнсизлик комида тана,
Ҳужайралар ёнар, ўй – вулқон.

Ана, келди!
Бошланди яна!
Ғижимлади жонни тутқаноқ.
Жигар тўзди, қонлар – пўртана,
Фақат шеър бор, олам – яп-яйдоқ…

Қутқарайин шоирни қандоқ?!

Даража

Ўн беш бетли мактуб ила
Севгисин қиз этгач рад;
Ошиқ шоир, таассуф ила,
Ёзди шеърий жавоб хат:
“Сездим,
Ишқ не – фаҳминг чақмас,
Қалбингга ёт Олий ҳис…
Сендайлардан шоир чиқмас,
Сен… эзмагап публицист!”

Ҳаёт ўтхонаси

Одам лой маҳсули бўлса-да, ини,
Тобланиб, ўзини қилолгай чинни.

Ўнгу терс — ўзимман

Бордир ҳар танганинг икки томони,
Ўнгида – яхшиман, терсда – ёмони.

Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг