Инсонийлик мадҳи (2019 йил, 28 сон)

239

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида дилтортар шеърларию драматик асарлари билан эл оғзига тушган Максим Каримов инсонийликни тараннум этувчи пьеса ёзган. “Инсонликка номзод” деб номланган ушбу саҳна асари дастлаб 1980 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, режиссёр Маҳкам Маҳамедов томонидан Сирдарё театри саҳнасида рус тилида саҳналаштирилди. 1984 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, режиссёр Жўра Маҳмудов асарни шу театр саҳнасида янгича талқинда саҳнага қўйди. Асар ўша пайтда нафақат Сирдарё театри, балки ўзбек театри тарихи солномасига алоҳида саҳифа бўлиб кирган эди. “Инсон” аталмиш шарафли номга муносиб бўлишга даъват этувчи “Инсонликка номзод” асари 35 йилдан сўнг, яна айнан Сирдарё вилоят мусиқали драма театри саҳнасида. Хўш, бу сафар асар қандай акс-садо берди?

Театр бош режиссёри Мансур Холиқов мазкур асарни бугунги даврга ҳамоҳанг тарзда саҳнага олиб чиқишни олдига мақсад қилиб қўйди. Жўра Маҳмудов маслаҳатларини аямай, асар­­ни бугунги кунга мос равишда таҳ­рир қилди. Ниҳоят, ижоддаги мас­лак­дошлик самараси ўлароқ, М.Холиқов пьесани саҳнага олиб чиқишнинг уддасидан чиқди. У саҳналаштирувчи рассом Исмат Юнусов билан ҳамфикр бўлиб, саҳнавий муҳитни топишга ҳаракат қилди. Икки қаватли кўринишга эга декорациядан томошанинг узвийлигида унумли фойдаланилган. Айниқса, ушбу декорация бир вақтнинг ўзида томошабинга икки воқеликни кўрсатишда жуда қўл келган. Топилма яхши, бироқ саҳнада қандайдир мавҳумлик ҳукм суради. Сабаби декорациянинг ниҳоятда оддийлигида бўлса керак. Ёғоч ускуналарга матодан ишланган озгина парда қўшилганда саҳна янада очиларди. Бир кўриниш билан иккинчи кўринишнинг ўз қиёфаси яраларди.

Спектакль мусиқаси Фарҳод Қорабоев томонидан воқеаларга мос тарзда танланган. Романтик кўринишларда лирик мусиқа янграса, зиддиятли, қалтис жойларда жиддий, жўшқин мусиқалар актёрлар ижросини қувватлаб туради. Асар жанри публицистик драма бўлгани учун образлар тили ўткир киноя ва аччиқ сўзлар кураши орқали кучли зиддиятлар асосига қурилган. Бош қаҳрамон Озод Алиев шаҳарга ҳоким этиб тайинлангач, ҳудудда илдиз отган турли иллатларга қарши кураш бошлайди. Бу образни истеъдодли актёр Иброҳим Қосимов юксак маҳорат билан ижро этган. Томошабин Алиев­нинг ҳаракатлари орқали халқни рози қилиш, янги ғоялар сари дадил қадам ташлаш, юртга бўлган садоқат, ватанпарварлик каби инсоний туйғуларни ҳис қилади. Шу билан бирга, бу образ порахўрлик, корруп­ция, таниш-билишчилик каби иллатларга қарши курашга чорлайди. Актёр И. Қосимов спектаклда бугунги давр ҳокимлари қандай бўлиши кераклигини Озод Алиев тимсолида кўрсатиб берди.

Асарда Алиевнинг болаликдаги синф­дош дўсти Азим образи бор. Бу ўз манфаати йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмайдиган, учига чиққан товламачи, муттаҳам, “илоннинг ёғини ялаган” одам образи. Уни театрнинг иқтидорли актёрларидан Шерзод Каттабобоев ўзига хос тарзда талқин этган. Азим спектаклда Алиев билан кучли зиддиятларни, муросасиз тўқнашувларни келтириб чиқарувчи асосий қаҳрамон. У бир пайтнинг ўзида бир неча хил тусланади: ақлли ишбилармон, оқибатли, фидойи, муғомбирлик билан дўстининг қўйнига кириб оладиган устомон, яна жиддий, қаттиққўл, шафқатсиз тўдабоши ва ҳар бир сўзни чертиб айтувчи фирибгар. Хўш, ана шундай характердаги образни Шерзод Каттабобоев маромига етказиб очиб бера олдими? У одатда комик актёр бўлгани боисми ё тажриба етишмаганиданми, натижа кутилгандек бўлмаган. Умуман олганда, бу актёр роль устида режиссёр билан ҳали анча ишлаши керак.

Қаҳрамонлардан яна бири Озод Алиев­нинг котибаси Фароғат образини театрнинг иқтидорли актрисаларидан Дилором Мирсалимова моҳирона талқин этган. Бир қарашда Азимнинг Фароғатга нисбатан хатти-ҳаракатлари туфайли у фаҳш ва бузуқлик тарғиботчисига айланиб қолиши мумкин эди. Лекин Д.Мир­салимова ижрода шу вазиятни сездирмай, образни  асарнинг асо­сий мақсади сари йўналтира олган. Фароғатнинг турмуш ўртоғи Башар оддий талаба. Оқил, камтар, оқкўнгил ва самимий инсон бўлган Башар ролини театр­нинг умидли актёрларидан Шуҳрат Абдураҳмонов ўз имкониятларидан келиб чиқиб ижро этган. Бизнингча, мазкур ижро спектакль руҳиятига нисбатан анча суст кечади. Хусусан, спектакл­нинг бошланишида Башар суюкли ёри Фароғатни кутмоқда. Севги ҳақида ­оташ мисрали шеър ўқийди. Аммо актёр Ш.Абдураҳмоновнинг юришидан, ҳаракатларидан “тарвузи қўлтиғидан тушиб”, ҳафсаласи пир бўлган тушкун ҳолатдаги қиёфани кўрасиз. Гўё одамнинг раҳмини келтирувчи бир мудҳиш ҳодисанинг жабрдийдаси. Аслида, саҳнада бутун танаси жунбушга келиб, қинидан чиқаёзган юра­ги така-пука бўлиб, севгисини яши­ра олмай, ўзига сиғмай дийдор онларини интиқлик билан кутаётган девонасифат бир одам томошабин кўз ўнгида гавдаланиши керак эди. Ш.Абду­раҳмонов талқинидаги Башар образи акс ҳолатда намоён бўлади.

Ошиқ ва маъшуқнинг дийдорлашув саҳнасида кутилмаганда Башарнинг она­си пайдо бўлиб, “Ҳали ёшсизлар, шош­қалоқлик қилманглар”, дейди. Она­ни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Маматиллаохунова гавдалантирган. Очиғи, унинг саҳнага чиқиб келишидан нимадир жиддий воқеа содир бўлдими, деб ўйлайсиз. Чунки актриса шашт билан томошабинга тикка қараб гапирганча келади. Гўё ўғлининг ортидан пойлаб келгану олдиндан тайёрланиб чиққандек. М.Маматиллаохунова аввал икки ёшга кўзи тушиб, сўнг томошабинга қараб сўзини баён этса, маъқул бўлармиди… Актрисанинг бу образи аввалги оналар образларини такрорлагандек туюлади. Асли бу она насиҳатгўйликдан, маслаҳатгўйликдан йироқ, ортиқча хатти-ҳаракатлардан холи, самимий аёл. Бўлар иш бўлганидан ноилож қолиб, метин ирода ва улкан матонатини намоён қилиши керак бўлган образ.

Шаҳар бозорини гуруҳ бўлиб эгаллаб олган бюрократ тўдабоши, порахўр Қорабоев образини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев маҳорат билан ижро этган. Биргина кўз қараши, ҳаракатлари қаҳрамон нутқи билан уйғунлашган ҳолда кўз ўнгимизда яхлит образни намоён этади. Шундай образлардан яна бири — уруш ногиронини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шариф Жумаев ўзига хос талқин этган. Томошабин унинг ҳаракатларини аввалига сурбетларча орсизлик деб билиб нафратланса, кейинчалик ўғлининг қилмишидан жабрдийда бир мўйсафид эканига ачи­нади. Образ характерини моҳирлик билан очиб берган Ш. Жумаев ижроси алоҳида эътирофга лойиқ. Қўшни аёл (Раъно Ҳайи­това), Йигит (артист Ғайрат Бозоров) образлари ҳам катта маҳорат билан ижро этилиб, спектакл­да турфа характерлар намоён бўлишини таъминлаган. Мазкур образлар бир кўринишда намоён бўлса-да, улар ҳақиқий Инсон ким, у қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб бериш учун хизмат қилади. О.Алиев айтганидек, барчамиз бу дунёда инсонликка номзодмиз. Аммо диссертацияни ёқлаб, чин инсон бўлиш қийин. Жуда қийин! Лекин ёқлаш керак!

“Инсонликка номзод” пьесаси ўтган асрда яратилган бўлса ҳам бугуннинг долзарб мавзусини очиб беролган. Режиссёр бунинг уддасидан чиқди. Шу боис ҳам бу асар республика театрларининг “Сени куйлаймиз, замондош!” кўрик-фес­тивалида 3-ўринни қўлга киритди.

 Бекмурод БАРДОШ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг