Ҳузн йўли (2019 йил, 28 сон)

151

Яқинда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида халқимизнинг ардоқли шоири Икром Отамуродга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилди. Шоирни ушбу юксак унвон билан қутлаб, унга ижодий ютуқлар тилаймиз.

“Ҳузн” сўзи мумтоз шеъриятимиз саҳифаларида кўп учрайди. Ҳазрат Али­шер Навоий бир ғазалида “Эй Навоий, ҳузн ила ўткар қарилиғ меҳнатин, Ким, йигитлик борди айшу ишрат айёми била…” деб ёзган эди. Ушбу ғазалнинг матлаъидан тортиб мақтаъсигача шоир Огаҳийнинг оромини ўғирлайди, ҳузн оҳанги унга куну тун тинчлик бермайди. Натижада Навоий ғазалига “Не бўла олдим…” деб бошланувчи тахмис боғлайди. Шу тариқа икки шоир қалами остидан буюк бир мухаммас туғилади.

Бу сўз “Навоий луғати”да “қайғу, ғам, ҳасрат” дея изоҳланган. Ўйлашимча, бу изоҳ­да ё “ҳузн” сўзининг дастлабки, зоҳирий маънолари акс этган ёки бугун “қайғу, ҳасрат, ғам” сўзлари ҳақидаги бизнинг тасаввурларимиз бир оз торайган, хиралашган. Навоий, ҳатто Огаҳийлар даврида ҳам “ҳузн” ўта улкан, умумбашарий, самовий сатҳда тушунилган ва талқин қилинган. Бу тушунча олам ва одам ҳақида универсал мушоҳада юритиш воситаси бўлиб хизмат қилган. Кенг маънода муроқаба, мушоҳада каби умуммаърифий моҳиятни англатган. Инсоннинг “катта олам” (“олам ул-куб­ро”) ўлароқ барча оламлар ва бу орқали Яратганни англаш усулларидан бирини ифода этган.

Балки таниганим, имкон доирасида шахсиятини билганим боисдир, Икром Отамуроднинг “Жадвал” исмли достонини ўқиш асносида, шоирнинг ҳузн акс­ланиб турадиган қиёфаси, сўзлаш, шеър ўқишидаги ҳазин мусиқа бир лаҳза бўлсин хаёлимни тарк этмади. Ва достондан таралаётган оҳанг мени тасаввуримдаги мана шу туйнук орқали Навоий ва Ога­ҳий оламига, ўша оламлар ичра мавжуд ҳузн уммонига олиб кетди.

Гапнинг бўлари, на романтика, на сентименталлик, на комиклик, на драматиклик, на трагикомиклик, на трагиклик ижодкорни ҳузн оҳангичалик мумтоз шоирларимиз кўтарилган мушоҳада ва муроқаба юксакликларига олиб чиқа олмайди. Чунки буларнинг ҳар бири қайсидир нозик ришталари орқали замин ва коинот оламига боғланиб туради. Бу сўнгсиз-саноқсиз ришталар симфониясини фақат ва фақат ҳузн олови куйдириши мумкинки, бугун жўн турмуш ришталаридан узилишнинг, соҳиби ҳузн бўлишнинг мушкуллиги ва мураккаблиги шунда.

Икром Отамурод ва унинг авлодида ҳузн риёзатини англаш, бу йўлда машаққат чекиш имкони бор эди дея олмаймиз. Ҳатто уч-тўрт авлод нарида туриб ҳам бу ҳақда сўзлаш қийин. Тўғри, ҳузн феномени ҳамма вақт яшаган, яшаяпти ва яшайверади. Фақат хоссавий мураккаблиги шундаки, кошиф пайдо бўлмагунча ҳузн кашф бўлмай туради.
Хўш, унда Икром Отамурод шеъриятига бу оҳанг қаёқдан келиб қолди?

Фикри ожизимча, бунинг икки муҳим асоси бор: бири “қон ёди” (генетик кодлар, Ш.Турдимов таъбири), иккинчиси улуғ ёш фазилати. Қон ёди деганимнинг боиси шуки, Икром Отамуродни кўпдан таниганлар унинг қиё­фаси, сўзлаш, шеър ўқиш мароми ва, ҳатто қадам олишида ҳам ҳузн хоссасини англайдилар. Демак, ҳузн Икром Отамурод учун ота-боболаридан келаётган, бироқ маълум муддат унутилган, ус­ти­ни гард босган, бугун қайта уйғонган мерос, табиий, ўзгармас фазилатдир. Айни пайтда ёш улғайган сари инсонда ҳузн қуввати ғалаба қила бошласа, бу хайрдан далолат. Замон қозонида тўпланган, пишиб етилган тажриба, қуюлган ақл, шоирлик, шоирлик устидаги истеъдод қачонки ҳузн шарбати балан йўғрилса, менингча, Ик­ром Отамуроднинг “Жадвал”ига ўхшаш катта асар дунёга келади.

Очиғи, “Жадвал” ҳақида маълумот, кириш сўз, қутлов, мақтов каби нарсалар ёзиб бўлмайди. “Жадвал” — катта нарса. У ҳақда ўз ҳажми эмас (достон бор-йўғи 11 саҳифа), поэтик кўламига тенг махсус тадқиқот, яъни бутун бош­ли китоб ёзиш мумкин. Аммо бунга менинг кучим ҳам, имконим ҳам йўқ. Шунинг учун, ўқувчидан мени маъзур тутишини сўраб, дос­тоннинг ҳузн дои­расига мансуб баъзи фазилатларини санай оламан, холос.

“Жадвал”, аввало, тирикликдан моҳият излаётган, шу изланиш, изтироб, жунбуш ва жунунлар муқоясаси аро Яратган қудратини ҳис этган одам ҳақидаги достон. Ўйлашимча, достоннинг катталиги ҳам, бадиийлиги ҳам, улкан юту­ғи ҳам шунда. Зотан, олам — жадвал, олам — поёнсиз поён дея олмоқ иқтидорини инсонга фақат У етказиши мумкин.

Борлиқ буюк бир низом остида айланади. Барча яхшиликлару ёмонлик­лар шу низомдан ташқари эмас. Буни англаган, лоақал англашга уринган одам кўнглида ҳузн макон тутади. Ҳузн соҳибига айлаган одам эса ўткинчи дунёнинг шаҳват(нафс)дан безак берилган, аслида ўта жирканч майл ва эҳтиёжларига ҳавас қилмай қўяди. Ортидан келаётган мансаб, обрў, бойлик, айш-ишрат сингари минглаб карвонларга қўл силташга ўзида куч топа олади. Ўзини ҳузн оҳангига топшириб, бир маромда, оғир одимлаб кетаверади. Кета туриб мушоҳада-муроқабага берилади. Олам, айни пайтда ҳар бир одамнинг мукаммал низом – жадвал эканини англай боради.

Дунё дунё бўлибдики, файласуф ҳам, физик ҳам, химик ҳам, тарихчи ҳам, шоир ҳам шу жадвал ҳақида мушоҳада юри­тиш­га уринади. Кимгадир ҳузн мақоми насиб этса, жадвал ҳақиқатларидан бир нима кашф этади. Юсуф хос Ҳожиб, Низо­мий, Навоий, Фузулий, Машраб­ларнинг жадвалдан олган насибалари улуғ­роқ. Мағриблик Шекспир, Гёте, Эйнштейн каби зотларга ҳам ундан нималардир теккан. Аммо бу жадвал чек-чегарасиз, ҳудудсиз коинотдан-да ҳудудсизроқ. Ундан сидқ ила улуш истаган ҳар қандай одам насибасиз қолмайди.

Икром Отамурод бугунги адабий тилнинг ториққан биёбонлари аро ўзининг жадвал ҳақидаги мушоҳадаларини бадиият йўлида ифодалашга уринади. Аммо унинг нияти, мушоҳада олами, тўғрироғи, жадвал чексизлиги адабий тил сарҳадларига сиғмайди. Шоир беихтиёр халқ тилига, шевага, мумтоз сўзлар хазинасига интилади. Сўз излайди. Сўзларни турли шаклларга солади. Маъно оҳангларидан шаклни, шакл сийратидан маънони топишга уринади. Дейлик,
…Қачондир
қачоннинг
қачони
қачон…
сўзларини устма-уст бериб, жадвал йўли бўлмиш замон ҳақида нималарнидир англатмоқчи бўлади. Ёки:
…Лаҳза – ўйин,
лаҳза – йўриқ,
лаҳза – ҳақ,
лаҳза – ноҳақ,
лаҳза – рост,
лаҳза – ёлғон,
лаҳза – бор,
лаҳза – йўқ…
тарзида замон улушига сурат бермоқчи бўлади. Аммо лаҳзанинг суратини чизиш мумкинми? Замон нима эканини унинг Эгасидан ўзга ким ҳам биларди? Шоир буни яхши тушунади. Жадвални англаш мумкинмаслигини, у ҳақда фақат фикр юритиш, орзулаш, армон қилиш ва шу армон лаззатини туйиш ҳам улкан бахт эканига иймон келтиради. Чизолмаган суратлари, ушалмас орзулари, ҳазин армонларини кўпнуқталарга жойлайди. Чунки шоир нуқталарда гап кўплигини, нуқталар маънога конлигини, нуқталар чексизлигини ҳузн мақомида ҳис этади.
… Жадвал – чарх…
…Жадвал – фалак…
…Жадвал – иқлим…
…Жадвал – изтироб…
…Жадвал – соғинч…
…Жадвал – хотира…
сатрларига эътибор қилинг. Ҳар икки томонида уч нуқта қўйилган бу сатрлар инсон ақл-идроки учун низом мавжудлигини, бу низом эса чексиз низомнинг ичида эканини, шу низомни англаган, ўзини топган инсонгина буюк Жадвал Ижодкорини топиши, Жадвал моҳиятига етишуви мумкинлигини таъкидлайди. Достонда қўлланган “Арш”, “олам”, “одам”, “руҳ”, “замон”, “вақт”, “лаҳза”, “макон”, “фалак”, “галактика”, “замин”, “сайё­ра”, “юлдуз”, “ибтидо”, “интиҳо”, “фасл”, “меҳр”, “вафо”, “саҳро”, “кўл”, “қалъа”, “гиёҳ”, “майса”, “қўзигул”, “янтоқ”, “ғовур”, “сукут”, “масофа”, “ўлчов”, “чизиқ”, “қадам”, “қулф, “калит” каби сўзларнинг барчаси ушбу достон, хусусан, мукаммал Жадвал контекстида жўн сўзлашув тили, адабий, фалсафий, тарихий ва илмий тилларнинг биқиқ доирасини тарк этиб, универсал маъно касб этади. Жадвал ҳақида тасаввур беради, тасаввурларни бойитади.

Албатта, юқорида айтганларим “Жадвал” достони ҳақида ўйлаганларимнинг бир улуши, холос. Буларнинг ичида ҳали тушуниб-тушунмай айтганларим, тушунишга уриниб сўзлаганларим, шубҳа-гумон билан баён этганларим кўп. Хулоса деб айтадиганим: “Жадвал” – катта асар. У ҳақда ҳали кўп ёзилади. Ёзилганда ҳам ҳузн маъносини англаганлар томонидан ёзилади.

“Жадвал” муаллифига эса мушоҳада ва муроқаба камолоти, иймон ва ҳузн саодати ёр бўлишини тилайман.

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг