Кутубхонада (ҳикоя) 2019 йил, 28 сон

139

Ҳаммани интиқ куттирган баҳорнинг илиқ кунларида борлиқ аста-секин қиш уйқусидан уйғониб бормоқда эди. Шаҳар марказида қад кўтарган маҳобатли кутубхона китобхонлар билан гавжум. Кимдир чинакам илм соҳиби бўлиш ниятида, кимдир эртага имтиҳонда хижолат бўлиб қолишдан чўчиб, яна кимдир танлаган касбини мукаммалроқ эгаллаш умидида бу ерга келган.  У ер, бу ерда баъзан шивирлаган овоз чиққанини ҳисобга олмаганда залда сукунат ҳукм сурмоқда. Ахир, инсон мияси тўла қувват билан ишлаши учун, аввало, хотиржамлик, осудалик керак-да!

Ердан чиқдими, осмондан тушдими, ҳеч ким билмай қолди, митти кўршапалак тўсатдан хонага ­учиб кирди. У ҳам қиш уйқусидан эндигина уйғонган кўринади, чунки бояқиш беҳолгина, шарпасиз  қанот қоқиб гоҳ у бурчакда, гоҳ бу бурчакда пайдо бўлар, деворга яқин келиб қолганда эса шартта ёнга қайтиб, ғайритабиий нотекис учарди…

Бир сафар шунақа пастлаб учдики, қизлар бошини энгаштирганча беихтиёр қичқириб юборишди. Йигитлар бўлса, гўё келишиб олгандай, ўзларини имкон қадар бамайлихотир тутишга уриниб, китобдан кўз узмай ўтираверишди.

“Чақирилмаган меҳмон” бир қарашда ҳамманинг хаёлини ўғирлаб қўйди. Устига-устак, шу орада бир йигит: “Қайсидир китобда ўқиганман, кўршапалак қизларнинг сочига ёпишиб олармиш…”, дея бир луқмани ҳам учириб юбор­ди.

Зал назоратчиси – ёши ўтиб қолган опа, аксига олиб, кўршапалакдан  худди қопағон кўппакдан қўрққандай қўрқар эканки, кўзлари жавдираб, ўтирганларга қараб:

– Жон йигитлар! Ушлаб ташқарига чиқариб ташланглар сабил қолгурни, – дея ялинганди, йигитлар ўқишга муккасидан кетган китобхонга ўхшаб гунгалак бўлиб олишди…

Опа гапини тугатмасданоқ кўршапалак пастлаб учиб, яна қизларни чўчитиб юборди-да, дераза пар­­даларидан би­ри­га келиб қўнди. Кўзлари олазарак ходима уни “қўлга олиш”нинг айни пайти эканини айтиб яна йигитларга қаради. Афсус, бу сафар ҳам бирон мард чиқиб бу “қалтис иш”га қўл уришга ботинолмади. Балки кўршапалак билан қандай муомалада бўлишни, унинг беозорлигини билмага­ни­данми ё табиатнинг мана шу сўқир, ғариб жониворидан жир­кан­­дими, буни билиш қийин эди. Нима бўлганда ҳам йигитларда озгина шижоат етишмаётгани аниқ эди…

Тўғри, бу ёруғ оламда кўршапалакларнинг мингдан ортиқ тури борлиги, айримларининг қанотлари бургутнинг қанотига етай деб қолиши, буюк бобомиз Ҳиндис­тонни фатҳ этганларида, “Яна бир катта шаппарадур, уни чамагдар дер эканлар. Улуғлиги япалоққушча бўлади. Боши кучукнинг бошига ўхшайди. Дарахтга қўниш учун яқинлашади, бироқ шохини чангаллаб, бошини пастга осилтириб тураверади. Бу жуда қизиқ кўринади” 1, дея ҳайратда қолган эканлар. Бу энди шунчаки гап ­эмас, ҳайвонот дунёсининг чин мухлисларига тааллуқли катта мавзу, шунинг учун ортга қайтиб қўя қолайлик…

Нафасини ростлаб олган жони­вор тезда у ерни ташлаб, кенг хонада қанот қоқиб, қўниш учун шайла­наётгандай бирор нарсага яқин­лашиб борарди-да, яна ортга бурилганча, аввалгидай пала-партиш йўналишдаги ҳаракатидан тинай демасди. Жониворнинг қачон хонани тарк этишини ёки учишдан тўхташини эса, шу лаҳзаларда ҳеч ким “башорат” қилолмасди…

Саросимага тушиб қолган кутубхоначи опа қўрқа-писа ўрнидан турди-да, кўзойнагини қўлига олиб бошини қуйи солганча тез-тез одимлаб хонадан чиқиб кетди.

У ер-бу ердан эшитилиб турган шивир-шивирлар таққа тиниб, хонага фавқулодда сукунат чўкди. Бир йигит билан қиз зиё масканига тинч, ҳеч ким халақит бермайди, деб шунчаки келишган экан… Қиз бечора кўзлари жовдираб деди:

– Жасур ака! Кўршапалак билан сичқондан ўлгудек қўрқаман! Тезроқ кетайлик, – деган эди “жасур” йигит ҳам худди игнанинг устида ўтиргандек, зўрға турган экан:

– Хўп бўлади, Ойпопук! – дея қизнинг нозиккина қўлидан олиб зипиллаганча кўздан ғо­йиб бўлди.

 Шу пайт орқа ўриндиқда ёнма-ён ўтирган икки йигитнинг пичирлаган овози қулоққа чалинди:

– Ботир! Бу ярамас чўқийдими, тишлайдими? – деб сўради.

– Ўлай агар, билмийман… Яқиндан кўрган эмас­ман… Бир китобда ўқиганимда: оғзи тўла майда ўткир тиш, қаноти тирноқли, танаси эса жун билан қопланган, деб ёзилганди. Катта акам мактабда ўқиётганида шаҳардаги ёш табиатшунослар клубига қатнарди. Бир куни деворнинг ковагидан кўршапалак тутиб олиб, қанотларининг икки четидан тортиб:  “Кўриб қўй, ука! Ёдингда бўлсин! Дунёдаги энг митти, беозор, сўқир сут эми­зувчи жонзот мана шу бўлади! Кучли акус­тика ёрдамида учади!” дея учириб юборганди. Тўғриси, ўшанда бироз чўчиб кетганман… Лекин, тимдалаб олиши аниқ! – дея қўшиб қўйди билармонлик билан кўрсаткич бармоғини кўтариб.

Хуллас, хонада кескин вазият ҳамон сақланиб турарди.

Жонивор чарчаб ортиқ учишга мадори етмай қолдими ёки хона қафасдек туюлдими, буни билиш қи­йин эди. У бирдан ҳаракатдан тўхтаб, ўртага тўшаб қўйилган гилам устига таппа тушди!

Ҳа, у чиндан ҳам ҳолдан тойган эди. Унинг базўр нафас олаётгани сезилиб турарди. Ахир, юз кунлик қиш уйқусидан уйғонибоқ оч ҳолда шунча парвоз  қилганига қойил қолмасдан бўладими?! Барчанинг нигоҳи ўша, сирли нуқтага қадалиб, энди нима бўларкин, дея ўйланиб қолганди…

Шу пайт хонага қорачадан келган, истараси иссиқ, қўлида китоб-дафтарини тутган қиз кирар экан, кўршапалакка кўзи тушиб, дарҳол қўлидаги нарсаларни стол устига қўйди-да, ёни­дан рўмолчасини чиқарди. Кейин сира иккиланмай кўршапалакнинг ус­тига ёпиб, авайлабгина қўлига олди. Худди ўпиб олмоқчидай, унга меҳр билан жилмайганча кўзларига яқин олиб келаркан:

– Ҳа, жонивор, уйғонибсан-да! Бу жой хавфли! Оёқ остида қолишинг мумкин! Сени жо­йинг ташқарида! –  дея майин овозда пичирлаб эркалатди ва деразани очиб, табиат қучоғига  қўйиб юборди!

Энди барчанинг нигоҳи аста келиб орқа ўриндиқлардан бирига ўтирган “жасур” қизга тикилган эди…

Қиз атрофдагиларга зарра эътибор қилмай китобдан белгилаб қўйган саҳифани топди-да, иштиёқ билан мутолаага киришди.

Дурбек ҚЎЛДОШЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг