Юрт меҳри бўлганда ҳар сатримга зеб… (шеърлар) 2019 йил, 28 сон

263

Ижодкорларга рағбат бағишлаб

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма ­саккиз йиллиги тантаналарига кўтаринки руҳда тайёргарлик иш­лари олиб борилаётган шу кунларда таҳририятимиз пойтахтдан олисда яшаб, ижод қилаётган ёзувчи, шоирлар, ёш қаламкашларни янада руҳлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятлардаги ижодкорларга бағишланган саҳифаларни газетхонлар эътиборига ҳавола этишни режалаштирди. Ўйлаймизки, мамлакатимиз ҳудудларидаги ўзига хос адабий муҳит, ­ижодкорларнинг интилишлари барчамиз учун қизиқарлидир. Газетанинг ушбу сонидаги илк саҳифа Андижон вилоятига бағишланди.

Таҳририят

Андижоннинг фахри — буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлодлари бугунги кунда вилоятда барча соҳалар каби адабиёт ривожи, китобхонлик маданиятини ошириш, юртимизда кечаётган тарихий даврни китоб­ларга муҳрлаш, ёшларни юксак ғоялар руҳида тарбиялаш мақсадида улкан ишлар амалга ошир­моқда. Бу борада Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ижодий жараёнлар марказига айланди, десак бўлади. Ўқувчи-ёшлар барча фанларни чуқур ўрганиш билан бирга, мактаб қошида Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган “Муҳаммад Юсуф издош­лари” адабий тўгараги машғулотларига қатнашиб, таниқли шоир ва ёзувчилардан бадиий ижод сирларини ўрганишмоқда. Ирода Орифжонова, Машҳура Ботирова, Шафоат Ўлмасова, Одина Эгамбердиева, Хуршида Султонова, Дилшода Абдумуталлибова, Муҳаммадазиз Қодиржонов, Эгамберди Акмалов сингари қаламкаш ёшларнинг машқлари устозлар эътиборини қозонаётгани, Республиканинг марказий адабий нашрларида эълон этилаётгани барчамизни қувонтиради.

Президентимиз белгилаб берган бешта муҳим ташаббус асосида ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, бунда уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб мутолаасига қизиқишини ошириш бўйича “Андижон намунаси”ни яратиш устида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ёшларни маданият ва санъатга, компьютер технологияларини чуқур ўргатишга, жисмоний тарбия ва спортга, китобхонликка жалб этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар иш­лаб чиқилиб, “Маҳалла кутубхонаси” лойиҳасини амалга ошириш, китоб кўргазмалари, янги китоб дўконлари ташкил қилиш, чекка-чекка ҳудудларда кўчма кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида “Библиобус” ташкил қилиш каби ишлар олиб борилмоқда.

Бу ишларни амалга оширишда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, таниқли ижодкорлар Назиржон Саидов, Қамчибек Кенжа сингари устозлар ҳам бизга яқиндан кўмак бермоқда.

Хуршида ҚЎЧҚОРОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари


 

Қалдирғочим

Учиб келинг, қалдирғочим, учиб келинг,
Қўлларимга қўнинг, мана, қўлларимга.
Юрагимга куйлаб кўклам наволарин,
Райҳон бўйин сочиб келинг йўлларимга.

Учиб келинг, қалдирғочим, учиб келинг,
Ота жойим шифтларида уйларингиз.
Чарчаб, ҳориб келганимда онажоним
Алласидай янграб турсин куйларингиз.

Учиб келинг, қалдирғочим, учиб келинг,
Сочиб келинг эзгуликнинг гулларини.
Нуҳ пайғамбар кемасида илонлар кўп,
Узиб ташланг илонларнинг тилларини.

Учиб келинг, қалдирғочим, учиб келинг.

Сукунат

Сукунат!
Сезяпман…
Эшитяпсан нотинч юрак зарбларини.
Англаяпсан,
Сўздан чарчаб,
Соқов бўлган задаларнинг қалбларини.
Сукунат,
Айтадиган сўзларимни айтиб бўлдим,
Аросатнинг йўлларидан қайтиб бўлдим.
Энди сўнгги дил сўзимни сенга айтай,
Ювиб ташлай юрагимнинг гардларини.
Сукунат!
Илтимосим, тилга кирма!
Тилга кирсанг,
Сен ҳам сўзим эшитмайсан.
Англамайсан
Ҳорғин қалбнинг дардларини,
Тилга кирма…

Юрагим

Сайёдлар домига қарамай,
Қояда оҳудек ўйнадим.
Сўзимни гулларга ўрамай,
Юрагим, сени ҳам қийнадим.

Бу чигал дунёни англамай,
Тўлқиндай ҳайқириб қайнадим.
Титроғинг сезмайин, тингламай
Юрагим, сени ҳам қийнадим.

Ҳаққул ҳақ дегандай куйиниб,
Сира ўз ҳолингга қўймадим.
Нотаниш йўлларда суриниб
Юрагим, сени ҳам қийнадим.

Бир умр эзилиб, ўртаниб,
Ёнмасин деб сени ўйладим.
Келишиб яшашга ўрганиб,
Юрагим, сени ҳам қийнадим.

Абдухалил ҚОРАБОЕВ


 

Соғинч

Хароба уйдир қалбим,
Апрель ҳам мунғаяди.
Янги кунлар туғилиб
Соғинчлар улғаяди.

Рўмолчамга айланган
Хатларингни йиртардим.
Деразам чертди шамол,
Ёмғир каби титрадим…

* * *

Дераза термилар ғамгин хонамга,
Отам бувижоним қўмсаган, балки.
Балки капалакдек рақсга тушдим,
Сувратимни артди онам билаги.
Гулларини тўкиб, синибди ўрик,
Эскириб кетибди ҳовлимиз дарров.
Ҳадемай янгилаб кетаман дилни,
Менсиз уйимизни босса ҳам қиров.

Китобларим тўла токчани энди,
Кўз ёшлари билан артади синглим.
Она, соғинсангиз ойни чақиринг,
Осмон меникидир, мен унга сингдим.

Мўъжиза

Тунларини бошига ўраб,
Саждага эгилган дарахтман.
Мўъжизаман, билмайсан, ҳаёт,
Ва ё сенга берилган бахтман.

Тилла қўнғиз учираётган
Боланинг кўнглида яшайман.
Умр тилаб қилгувчи дуо,
Онанинг кафтида яшайман.

Безоридек йўлимни тўсиб,
Ҳаёт, шохларимни қайирма.
Сенда яшай – сени яшайман,
Ўзингни ўзингдан айирма…

* * *

Куйи оғирроқ дилим,
Чалишни хоҳламасдим.
Нигоҳларимни тингланг,
Кулишим ноламасми?

Хаёлларга қамалдим,
Ёпдим шом эшигини.
Кўнглим очилди шу дам,
Кутдим шеър келишини.

Изтироб овозини
Басталаётган найман.
Тақдиримга ёзилган
Оҳангларда яшайман.

Барно СОЛИЕВА


Ўзбек ўғлонлари

Жонни фидо айлаб Ватанга,
Тинчлик истаб гулзор, чаманга,
Сиз лойиқсиз шарафга, шонга,
Тинчлик деган юртнинг навкари,
Эй, юртимнинг мағрур аскари!

Сиз-ку Алпомишнинг издоши,
Сиз Жалолиддин йўлдоши,
Темурбек қиличи, қўлдоши,
Тинчлик деган юртнинг навкари,
Эй, юртимнинг мағрур аскари!

Сизни кутар мунис онангиз,
Сиз борсиз – ғоз юрар отангиз,
Сиз борки, тинч ухлар болангиз,
Тинчлик деган юртнинг навкари,
Эй, юртимнинг мағрур аскари!

Илк муҳаббат

Тор кўчадан тошлар отиб ўтар эдим,
Чиқишингни сабр билан кутар эдим,
Сочларингдан тортиб-тортиб кетар эдим,
Болаликнинг кўчасида қолган севгим.

Қўшни боғин деворидан ошар эдик,
Боғбон қувса, қўл ушлашиб қочар эдик,
Ариқларда олмалардек оқар эдик,
Болаликнинг кўчасида қолган севгим.

Оқар сувдек йиллар оқиб ўтиб кетди,
Сени учқур қанотида олиб кетди,
Севгимиз-чи, юракларда қолиб кетди,
Болаликнинг кўчасида қолган севгим.

Тор кўчамга меҳмондирсан энди билсам,
Сира сўнмас армондирсан энди билсам,
Оппоқ гулдай поклик рамзи эдинг билсам,
Болаликнинг кўчасида қолган севгим.

Дилшодбек МАМАСОЛИЕВ


Севишимни билмайсиз

Ҳар гал ҳам дилбарим сизга боққанда,
Хўрсиниб-хўрсиниб нафас оламан.
Нигоҳингиз ўти танам ёққанда,
Бир не дея олмай ёниб қоламан.
Севишимни билмайсиз.

Хаёл елканларин ишқнинг тўфони,
Ҳижрон денгизига суриб кетади.
Сизга осмонимнинг ёруғ чўлпони,
Айтинг, қандоқ қилсам қўлим етади.
Севишимни билмайсиз.

Шўх сабо бўлсаму қулоғингизга,
Шивирлаб дил розим этардим баён.
Дудоғим қўярдим дудоғингизга,
Сизга эргашардим борсангиз қаён.
Севишимни билмайсиз.

Ёнингизда кўрсам нотаниш зотни,
Қизғониб васлингиз эзади рашким.
Қўмсаб дил эркаси — сиз паризодни,
Бағрим ҳунларини ювади ашким.
Севишимни билмайсиз.

Умримни тикардим бир сўзингизга,
Меҳрим гулдастасин этиб армуғон.
Юз йил яшасак ҳам ой юзингизга,
Тўймасдан боқардим ошуфта гирён.
Севишимни билмайсиз.

Баъзида ўтсангиз шундоқ ёнимдан,
Бу ғариб ҳолимга бермасдан баҳо.
Воз кечмоқ бўламан ширин жонимдан,
Чунки кўнгил қўмсар сиздан бир саҳо.
Севишимни билмайсиз.

Гумонлар юракка зарба урмоқда,
Армонлар гирдоби ўқталар бизга.
Умид қуши дилга уйин қурмоқда,
Сизни алмашмасман бошқа минг қизга.
Севишимни билмайсиз.

Тобакай ўтарман айтмайин аҳдим,
Муҳаббат қўшмоқда қувват жазмга.
Ўқингиз шеъримни, эй менинг бахтим,
Англанг деб етказдим солиб назмга.
Севишимни билмайсиз.

Баҳодир АНДИЖОНИЙ


 

Ният

Энг мушкул ишни ҳам аъло уддалаб,
Элдан олқиш олиб яшаркан инсон.
Эзгу муддаони мен ҳам режалаб
Ҳавас-ла боқаман ул зотга ҳар он.

Мени ҳам волидам боққан йигит деб,
Демак, қояларнинг саботи жонда.
Юрт меҳри бўлганда ҳар сатримга зеб,
Армонсиз бўлгайман ёруғ жаҳонда!

Қилич ва болта

Қадим замонларда қайси бир навкар,
Дўстини учратиб, мақтанмиш чунон:
– Бу қилич тошни ҳам кесар муқаррар,
Ясалган жойидир қадим Исфаҳон!

Дўсти ҳам силади қуролини шод:
– Ҳайрат бармоғингни тишлайсан кўрсанг,
Бу ханжарим қилган кўп ёвни барбод,
Дамашқ пўлатидан ясалган билсанг.

Бугун ҳам мақтанчоқ одамлар бисёр,
Фазилату иллат яшар ёнма-ён.
Куни кеча менга қўшним бахтиёр,
Янги болтасини мақтади чунон.

Янгиланиб борар давр ва жаҳон,
Бир нуқтада қотиб турмас улар ҳеч.
Китоблар қўлма-қўл ўқилган замон,
Музейларда турар болта ва қилич!

* * *

Ой осуда, тун нурафшон, жим,
Ҳаловатим бузолмас ҳеч ким,
Аммо соғинч ўртар юрагим,
Соғинчларинг васлингдан ширин.

Сиғар-сиғмас ҳаддим, барибир,
Чархи даврон йўлида гир-гир,
Учрашув. Ёд ўтадир бир-бир,
Соғинчларинг васлингдан ширин.

Сой, сайҳонлик, шукуҳли бирам,
Майса узра чўкканмиз бир дам,
Эй суманбар, эй ганжи олам,
Соғинчларинг васлингдан ширин.

Бор эдинг сен, энди эса йўқ,
Ёринг рўзғор бутлаб кўнгли тўқ,
Дейман, ичим ёндирса-да чўғ:
Соғинчларинг васлингдан ширин…

Икромжон АСЛИЙ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг