Калон табибга бор… (ҳажвия) (2019 йил, 27 сон)

70

Қайси ишга қўл урмай, албатта, чуви чиқади. Киракашлик қилдим, ўхшамади, олиб-сотдим, банкрот бўлдим, сартарошлик қўлимдан келмади. Ғишт тердим, дакки эшитдим, сувоқ қилдим, кўчиб тушди, уй кўтардим, босиб тушди. Бир дўстим фақат табиблик билан машғул. Доим ошиғи олчи. Яна “бирортаси бемор бўлса бизга рўпара қил, улушингни чиқариб бераман”, дейди.

Бир куни унинг хатти-ҳаракатларини кузатдим. Дангал келиб, беморнинг томир уришини санайди. Сўнг: “Мана бу бонкадаги сувни ичасиз, яна бир келасиз, шифосини яратгандан сўранг”, дейди-да пулни чўнтакка уради. Бир соатга қолмай қўнжи ҳам пулга тўлади. Одам қилган ишни одам қилади-да. Шу иш билан бир шуғулланиб кўрсаммикин, деган хаёл билан юрганимда, таниш­лардан бири шикоят қилиб қолди.

— Бормисан биродар, ҳол сўрашгаям ярамайсан-а.

— Ҳа, ўртоқ, нима, мазанг йўқми дейман?

— Эй, биродар нимасини айтасан. Жазирамада яхдек сувни мазза қилиб симиравериб томоқни олдирибман. Томоқ тақа-тақ ёпилган. Оғиз ҳеч қандай мазани сезмайди. Хуллас, азобда қолдим.

— Бирор давосини қилдингми?

— Бормаганим биргина табиб қол­ди.

“Раҳм қилса қулига – чиқариб қўяди йўлига”, дейишгани шу бўлса керак-да. Хўш, биздан ҳам зора табиб чиқса дедим-да, таваккалига ишни бошлаб юбордим.

— Қани, оғзингни оч.

— Ўзи бирор нарсага ақлинг етадими?

— Бу нима деганинг. Айтишларича бобомнинг бобоси Калон табиб номи билан машҳур бўлган экан. Бизга ҳам оз-моз ўтган жойи бордир. Вой-бу, роса бўладигани бўлибди-ку, шундай деб билагини ушладим. Томир уриши ҳам тез.

Хўш, бу дарднинг давоси оддий ёнғоқ. Ўзи умрингда ёнғоқ ютганмисан? Менимча, йўқ. Агар ютган бўлганингда ҳозир бунақа дардга чалинмаган бўлар эдинг. Хуллас, ёнғоқнинг ғўрасидан ютилса, йил бўйи умуман томоқ оғриқ ҳам, томоқ қичиши ҳам бўлмайди.

— Ёнғоқни қандай ютаман?

— Ҳозир, ҳозир. Нима эди-я. Ҳа, эсладим. Ҳозир ёнғоқлар ғўра бўлган пайт. Унинг икки-уч донасини оласан. Кечаги ёмғирдан сўнг ювиш ҳам унчалик шарт эмас. Йодга бой қисми асли пўс­тида бўлади. Хуллас, икки-уч донасини оласан-да, бутунича ютасан. Шу билан дард сен кўр, мен кўр бўлади-қолади.

— Аниқми, ахир?

— Биродар, дўст шундай вақтда керак-да. Дарддан қутилай десанг, бўлақол жўражон.

Болтабой орқа томорқага чиқди-да, ёнғоқ дарахтини излай кетди. Мана, бор экан. Бир эмас, тўрт-беш дона ёнғоқ доналарини қўлга олиб, ўйга толди. Бу ёғи қизиқ бўлди-ю. Ёнғоқ доналари теннис коптогидан сал каттароқ эди.

— Жўражон, буни қандай ютаман? — деди қўлидаги ёнғоқ доналарига ишора қилиб.

— Аслида бутун ютиш керак эди-да, менимча. Лекин чайнаб-чайнаб ютавер. Шунақа қилса, тезроқ ўз кучини кўрсатади.

У нима бўлса бўлди, шифо топсам бас, деди-да, бир эмас, тўрт-беш дона ёнғоқ ғўрасини чайнаб ютиб юборди. Кўзлари ёшланиб, атроф қоронғилашиб кетди.

— Бунчалар заҳар бўлмаса. Майли, чидайман. Шу дарддан қутилсам бўлгани. Агар тузалиб кетсам, ҳар йили дард бошланмасдан олдин ёнғоқ ютганим бўлсин.

Эртаси куни Болтабойнинг аёли қўлида сумкада бир банка қатиқ, яна бир нималар олиб шошганича йўлда учиб борарди.

— Келин, кайфиятингиз чатоқроқ, шошиб қайга кетаяпсиз? — сўрадим ўсмоқчилаб.

— Кеча оқшом жўрангизнинг мазаси қочиб қолди. Ҳозир шифохонада бир аҳволда ётибдилар. Дўхтирлар ичакларини ювиш керак, бўлмаса кетиб қолиши мумкин дейишяпти. Ўзи томоқлари оғриб турганди. Энди нафас олишлари ҳам қи­йинлашиб, гапларига ҳам тушунмай қолдик. Бутун ички аъзолар заҳарланганмиш. Қайсидир чала табиб ғўра ёнғоқдан есанг тузаласан, деганмиш. Лақма эр тушмагур ўша касофатнинг гапига кириб, ёнғоқ ебди. Эрталабгача ана кетади, мана кетади, қилиб чиқдик. Агар ким айтганини билсам борми, ўша чала табибни туғилганига пушаймон қилдираман, касофат!..

— Ҳай-ҳай, келин ундай деманг, шифосини берсин денг.

Ёнғоқни оз-оздан сув билан ютиш керак деб айтганмидим, йўқми? Ишқилиб оёққа туриб кетсин-да, бўлмасам, охири вой бўлади. Тезда бориб бунинг олдини олмасам катта жанжалга айланиши турган гап, дедиму оёғимни қўлимга олиб, касалхона томон югурдим. Йўлда кетаяпман-у, бир фикр ҳеч тинчлик бермайди. Табибликни ҳам уддасидан чиқмадим-ов…

Асрор СУЛАЙМОНОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг