Айтматовшуносликка қўшилган ҳисса (2019 йил, 27 сон)

76

Тақдир Чингиз Айтматовни қирғиз ўғлонидан башарият фарзандига, халқини, мамлакатини жаҳонга машҳур қилган улуғ ёзувчи ва жамоат арбобига айлантирди. Асарлари дунёнинг 191 тилига таржима қилинди, миллионлаб нусхаларда босилди, фильмлар, спектакллар, қатор мукофоту ҳурмат-­эътирофлар…

“Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охири, олтмишинчи йиллар бошларидаёқ адабиётшуносликда “айтматовшунослик” деган йўналиш пайдо бўлгани ва жадал тараққий этгани маълум. Адибнинг барча асарлари адабиётшунослар, мунаққидлар, ёзувчилар, санъатшунослар, публицистлар, ўқувчилар томонидан кенг ўрганилган, таҳлил этилган ва бу жараён узлуксиз давом этмоқда. Агар Чингиз Айтматов ижоди, ҳаёти, фаолияти ҳақида ёзилган барча асарлар жамланиб, устма-уст тахланса, адиб асарларидан ортиб кетар, ўнларча жилдни ташкил қиларди”, деб ёзади адабиётшунос Сайди Умиров Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди ҳомийлигида “Маshhur-рrеss” нашриётида чоп этилган “Чингиз Айтматов – публицист ва мунаққид” китобида.

 Муаллиф Ч. Айтматов асарларини, уларга бағиш­ланган тадқиқотларни ўқиб-ўрганиб, маъруза, суҳбатларда гапириб юрган бўлса-да, адиб ҳақида ёзишга узоқ тайёргарлик кўрди, ўттиз йиллар ўтгандан кейингина қўлига қалам олди, ёзувчининг кам ўрганилган публицистикаси таҳлилига асосий эътиборини қаратди.

С.Умиров адибнинг Тошкентга қилган сафарларидан бирида ўзининг Ч.Айтматов асарларига бағиш­лаб матбуотда босилган икки мақоласи – “Ер ҳам сув-ла ҳамкор, якқалам…”, “Чин публицист – руҳан инқилобчи”ни тортинибгина адиб қўлига тутқазади. Мамнун бўлган Чингиз оға “Чингизхоннинг оқ булути” китобига дастхат ёзиб беради, бирга суратга тушади.

 2004 йили Москвадаги “Воскресение” нашриётида чоп этилган “Ковчег Чингиза Айтматова” тўплами тезда жамоатчилик назарига тушган эди. Китоб ҳақида Озод Шарафиддинов махсус мақола ёзади, Бахтиёр Назаров, Санжар Содиқ матбуотдаги чиқишларида Сайди Умировнинг ушбу тўпламдан жой олган “Сайёравий тафаккур адиби” сарлавҳали салкам икки тобоқ ҳажмидаги мақоласини адабиётшунослигимиз ­ютуғи сифатида баҳолашади.

 “Чингиз Айтматов – пуб­лицист ва мунаққид” китобида атоқли адиб публи­цис­тикаси, жанрлари, мавзулари, муаммолари, маҳорати, унинг мунаққидлиги, санъатшунослиги, у ардоқлаган юртлар, адиблар, санъаткорлар, уни ардоқлаган инсонлар, мамлакатлар, дил изҳорлари алоҳида бобларга ажратиб ўрганилган, таҳлилга тортилган.

Муаллиф китоб аввалида публицистиканинг ўзига хос хусусиятлари, ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти ва адабиётдаги ўрни, адибнинг бу йўналишдаги изланиши, юксалиши қандай кечгани тўғрисида сўз юритиб, фик­ри­ни далил, мисоллар билан асос­лаган. Тадқиқотчи Ч.Айтматовнинг адабиёт майдонига журналистика зинапояларидан кўтарилиб борганига, ўткир публицистик чиқишлари кишиларнинг туриш-турмушига жиддий таъсир кўрсатганига мисоллар келтиради. Хусусан, ёзувчининг “Бу – сизнинг айбингиз, юртдошлар!” мақоласи шундай асарлардан бири. С.Умиров бу мақолани адибнинг аёл зотига чексиз эҳтироми маҳсули, дея баҳолайди. Умуман, Чингиз Айтматов асарларида инсон, айниқса, аёл зоти доимий эътиборга, меҳр, марҳаматга муҳтожлиги, хотин-қизларга нисбатан бепи­санд­лик, жоҳиллик, тубанлик экани, бунга тоқат қилиб бўлмаслигига урғу берилади. “Жамила”, “Юзма-юз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Оқ кема” қиссалари, роман, драмаларидаги аёл образлари бунга далилдир.

Китобда адиб публицистикаси мавзуларидан учтасига алоҳида эътибор қаратилган. Булар: тинчлик, эко­логия, маънавият мавзулари. “Тинчлик – мавзулар мавзуси, муаммолар муаммоси” номли бобда муаллиф, жумладан, шундай ёзади: “Ҳозир нима ҳақида сўз кетмасин, фикр алмашувларда қайси мавзу кўтарилмасин, ҳозирги замон, дунё ҳамжамияти ҳаётининг энг муҳим, хатарли масаласи – уруш ва тинчлик масаласига бориб тақалади”.

Китобда Ч.Айтматов япон файласуфи Дайсаку Икэда билан суҳбати ҳамда қозоқ шоири Мухтор Шохонов билан мулоқоти (булар интервью-қисса, интервью-роман деб номланган) таҳлили алоҳида ўрин тутади. Таҳлилда Чингиз Айтматовнинг мутафаккир, донишманд адиблиги намоён бўлади. Мана, атоқли адиб­нинг мулоқотидан бир шингил: “Ҳар бир инсон – сўз хонадони ва сўз ҳукмдори. Ҳатто одам Оллоҳга унинг овозини эшитиш умидида тавалло қилганида, истиғфор айлаганида ҳам ўзининг сўзини эшитади. Сўз вужудимизда яшайди. Ўзимиздан узоқлашар ва қайтар экан, сўз бизга туғилишимиздан бошлаб, қазо­йи­мизга қадар сидқидилдан хизмат қилади, ўзида руҳнинг улуғворлиги ва оламнинг буюклигини сақлайдики, буни фақат сўз сеҳри-синоати орқалигина ҳис этиш мумкин, айни чоғда ўзида шахсиятларимизнинг деярли фотографик тасвирини олиб юради… Сўзни авайлаш, асраш керак. Сўз тежамкорликни ёқтиради. Агар сўз кечаю кундуз оқиб ётган сув мисоли исроф қилинса, ҳар бир мисқоли қадрланмаса, ўз кучини йўқотади, жонсиз бўлиб қолади… Сўз, агар у бошқалар билан бирга баҳам кўрилмаса, тугайди, ўлади…”.

 Чингиз Айтматовнинг китоб инсоннинг доимий йўлдоши, қўлдоши, беминнат кўмакчиси эканлиги, болаликда ўқилган илк яхши китоблар руҳнинг шакл­ланиши, инсон тақдирига ўзгача таъсири, Халқаро китоб илмий тадқиқот институти ташкил этиш борасида киритган таклифи, ёшларга қарата: “Ёшлар, социал инқилобга умид боғламанг, инқилоб – бу исён, кўр-кўрона ақлсизлик, оммавий зўравонлик ва миллат, халқ, жамиятнинг умумий ҳалокати, биз буни хўп билдик, бошдан ўтказдик, демократик ўзгаришлар йўлларини изланг”, дея оталарча қилган насиҳати С.Умиров тадқиқотида келтирилгани айни муддаодир.

Китобнинг “Экология – публицистнинг оҳу зори, орзу армони” бобининг мазмуни, мавзу, муаммоларига сарлавҳанинг ўзи ҳам ишора қилиб турибди. Чингиз Айтматов публицистикасида экология фақат атроф-муҳит муаммоси, ер, сув, ҳаво муҳофазаси билан чекланмайди, айни чоғда, тил экологияси, дил, кўнгил экологияси, маънавият, маърифат, одоб-ахлоқ экологиялари ҳам кенг қамровли тушунча, бири биридан долзарб, оғриқли муаммолар. Китобда Бойкўл, Иссиқкўл, Орол, атроф-муҳит муаммолари ўтган аср­нинг етмишинчи йилларидан бошлаб адиб публицистикасининг диққат марказида бўлгани айтилади. Ўша кезларда ёзувчи “Лисоний коинот”, “Она тили мўъжизаси” мақолаларида истеъмолчилик пойгаси авж олаётганидан, оммавий маданият вируслари урчиётганидан, қадриятлар қадрсизланаётганидан хавотирини мисоллар билан далиллагани таъкидланади.

 С.Умиров адибнинг олтмиш йил давомида журналистика қозонида қайнаганини, фавқулодда вазиятларда жамоатчилик Айтматов нима дер экан, дея кутиб турганида устоз ўткир мақола, интервьюлар билан чиққанини алоҳида эътироф этади. Ушбу хулосасини муаллиф “Ақл-идрок ядро қуршовида”, “Қайғуда тиз чўкиб, нафратда тик туриб”, “Қайта қуриш, ошкоралик – омонлик дарахти”, “Жаҳаннам узра қарғалар фарёди”, “Биз этник худбинликни енгишимиз керак”, “Заминга зил кет­яптими?” каби мақолалар таҳлили орқали асос­лайди.

Бир сўз билан айтганда, “Чингиз Айтматов – пуб­лицист ва мунаққид” китоби мунаққид, публицист Сайди Умировнинг айтматовшуносликка қўшган муносиб ҳиссаси, дейиш мумкин.

Абдулла УЛУҒОВ,

филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг