Бахшичилик камолоти йўлида (2019 йил, 27 сон)

153

Атоқли адиб Ойбек таърифи билан айтганда: “Бадиий маданиятнинг биринчи вакиллари  халқ шоирлари — бахшилар” эканлигига шак-шубҳа йўқ. Дарҳақиқат, бахши халқ терма ва достонларини ижро этувчи, авлоддан авлодга етказувчи, юксак профессионал тайёргарликка эга бўлган санъаткордир. Бахши халқ қувончию орзу-умидлари билан ҳамнафас яшовчи ижодкор. Шукрки, мустақиллик йилларида улар ­ижодини ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 1999 йили “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги халқаро миқёсда ўтказилгани, “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвонининг таъсис этилгани, 2018 йил 26 апрелдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2019 йил 14 майдаги  “Бахшичилик санъатини янада ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорлари бунинг ёрқин далилидир.

Айниқса, Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисидаги қарор асосида 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бахшилар халқаро фестивалининг ўтказилгани ҳамда унга халқаро мақом берилгани, дунёнинг 74 мамлакатидан вакиллар қатнашганининг ўзиёқ ушбу санъатга бўлган қизиқишнинг дунё миқёсда ортиб бораётганидан далолат беради. Фестиваль жараёнида ”Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг ўрни” мавзусида ўтказилган конференцияда бахшичилик ва ижро санъатининг амалий-назарий томонларини жаҳон миқёсида ўрганиш ва таҳлил қилишнинг янги имкониятларига йўл очилди. Кўплаб амалий тадбирлар, бахши-шоирлар ижодини тарғиб қилиш, уларнинг репертуаридан достон намуналарини ёзиб олиш ишлари бошлаб юборилди. Умир шоир Сафаров ва Мардонақул Авлиёқул ўғлининг “Алпомиш”, шунингдек, “Малла савдогар”, “Шер­али”, “Қодир бахши ҳақида достон”, “Олтин қабоқ” каби достонлар илк бор чоп этилди. Бугунги кунда ўзбек халқ достонлари жаҳоннинг турли тилларида чоп этилмоқда. Термиз шаҳрида бахшичилик маҳорат мактабининг ташкил этилгани, болалар мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик санъати бўйича машғулотлар олиб борилаётгани ёш авлоднинг бу санъат ҳақидаги кўникма ва малакаларини шакллантирмоқда.

Гарчи бахшичилик санъати республикамизнинг турли ҳудудларида жонли жараёнларда у ёки бу ҳолда яшаб келган бўлса-да, Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм воҳаларида жонли оғзаки ижрони сақлаган ҳолда давом этмоқда. Қора ва Чори Умировлар, Хушвақт Мардонақулов, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Қаҳҳор ва Абдумурод Раҳимовлар, Қаландар Норматов, Шодмон Хўжамбердиев каби бахшиларнинг саъй-ҳаракати, ижрочилик ва ижодкорлик маҳоратлари ҳамда шогирд тайёрлаш анъаналарига риоя қилишлари натижасида бу соҳа янгича талқинлар билан янада жонланмоқда. Бугунги кунда бахшилар репертуарида терма ижодкорлигининг ортиб бораётгани, ёшлар ўртасида термаларни ижро этишга иштиёқ ривож топаётгани боис замонавий термаларга бўлган ҳавас ҳам ортиб бормоқда. Бахшилар янгича талқинларда халқ ҳаётининг муҳим воқеаларини жўшиб куйлаётган бўлса-да, ижро билан боғлиқ баъзи ўзгаришлар ва ечимини кутиб турган масалалар ҳам юзага чиқиб қолмоқда. Жонли оғзаки жараёнларда анъанадан узилиш, бахши ижроси ва достонлар матнида қурамалик ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Мисол учун Қашқадарё воҳасида ўттиздан зиёд бахши мавжуд бўлса-да, кўпчилиги достон ижро этишга мос терма айтиш билан кифояланиб, ўзини достончи ёхуд бахши деб ҳисоб­лайди. Ҳозир бахшиликка даъвогарларнинг кўпчилиги бир пайтлар донг таратган отахон бахшилар томонидан куйланган анъанавий достонларни тўлиғича, талаб даражасида билмайди. Бахшичилик санъатида анъана ва бадиҳага муносабат кўникмаларини нисбатан сақлаб қолиш, аҳолининг жонли ижрога қизиқишини янада кучайтириш мақсадида баъзи мулоҳазаларни таклиф этсак. Биринчидан, оммавий ахборот воситалари — телевидение ва радиоларда бахшилар ижросидаги дос­тонлардан намуналар мунтазам бериб борилаётганда достонларнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари, образлар тизими, тарбиявий аҳамияти соҳани яқиндан билган мутахассислар томонидан шарҳлансагина, тингловчиларнинг бу санъат ҳақидаги тушунчалари кенгайиб боришига имкон яратилади.

Иккинчидан, бахши-шоирлар кўрик-танловлари фаолиятини жонлантириш ва бунда кўпроқ ижро ва бадиҳага эътиборни кучайтириш лозим. Бахшидан ўзи билган достон ёхуд термаларни эркин танлаб айттириш эмас, балки маълум ва машҳур достонлар, масалан, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби намуналар воқеаларидан парчаларни талаб даражасида айтиш кўникмаларини шакллантириш орқали достон матнларини ёд олдиришга эришиш мумкин.

Қолаверса, бугунги кунда бахшилар учун кенг имкон яратилгани, бахшиларнинг саводхонлиги, чоп этил­ган достон матнларини ўзлаштириш имкони борлигидан келиб чиққан ҳолда достончилик сирларини оғзаки ўрганиб, устозлик мақомига эга бахшиларга ҳаваскор бахшиларни бириктириш яхши натижа беради. Устоз бахшилар шогирдларига достон ижро этишнинг ўзига хос усул ва йўлларини, соз ва сўз иж­рочилиги, анъана ва бадиҳанинг ўрни масалаларини ўргатишлари зарур.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти билан бир қаторда Қашқадарё, Хоразм вилоятларида ҳам бахшичилик мактабларини йўлга қўйиш зарур. Ташкил этилган бахшичилик синфлари ва мактабларда устоз бахшилар, ­олимлар, мутахассислар ҳамкорликда ишлашини йўлга қўйиш ва ўқувчиларга достон ижро этиш, достонларнинг назарий муаммолари ҳақида тушунтириш ишларини амалга ошириб бориш лозим.

Агар ишлар тизимли равишда олиб борилса, бахшичилик санъати янгича талқинлари, янгича ижро шакллари билан авлодларга хизмат қилишда давом этади.

Насим ОЧИЛОВ,

филология фанлари номзоди, доцент

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг